Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 апрел, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

17.01.2020


АЛИМЕНТ ТЎЛАМАГАНИ УЧУН ЯНГИ ЙИЛНИ ҚАМОҚДА КУТИБ ОЛДИ

Мажбурий ижро бюроси Китоб тумани бўлими томонидан вояга етмаган фарзандлар учун тўлаб бериладиган алиментларни ўз вақтида ундириш, тўламаган қарздорларга нисбатан чоралар кўриш бўйича амалий ишлар қилинмоқда.

Бюро вилоят бошқармасидан маълум қилишларича, тумандаги Бешқазоқ маҳалласида яшовчи У.Ж. фуқаролик ишлари бўйича Шаҳрисабз туманлараро судининг 2016 йил 2 майдаги буйруғига асосан бир нафар фарзанди учун алимент тўлаши лозим эди.

Аммо қарздор 2019 йилнинг 1 апрелидан алимент тўламасдан келган. Давлат ижрочилари томонидан бўлган огоҳлантиришларга қарамасдан 4 миллион 741 минг сўм қарздорлигини тўламагани учун 2019 йилнинг 23 декабрь куни унга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

27 декабрь куни  У.Ж.нинг оила аъзолари қарздорликни тўлаб беришганига қарамай, у Янги йил байрамини қамоқда ўтказишига тўғри келди.

ТОВУҚХОНА ДАВЛАТГА ЗАРАР ЕТКАЗДИ

Электр энергияси, табиий газ ва ичимлик суви тармоқларига ноқонуний уланишларнинг олдини олиш ва улар талон-торож қилинишига йўл қўймаслик муҳим аҳамиятга эга.

Шаҳрисабз шаҳридаги Тутзор маҳалласида яшовчи О.Р. эса ўзига қарашли товуқхонада нафақат табиий газ, балки электр энергиясидан ҳам ҳисоблагичдан ташқари, кўз илғамайдиган ҳолатда, ноқонуний равишда фойдаланиб келган.

Ҳолат юзасидан бюронинг шаҳар бўлими ходимлари томонидан далолатнома расмийлаштирилди.

Ҳисоб-китобларга кўра, товуқхонада давлатга табиий газдан 4 миллион 596 минг, электр энергиясидан 8 миллион 580 минг сўм зарар етказилгани аниқланди.

БИР КУНДА - 6,5 МИЛЛИАРД СЎМ

Суд хужжатлари ва  бошқа органлар ҳужжатлари ижросини таъминлаш жараёнида солиқ қарзларини ундиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, ундиришнинг бир кунида 6,5 миллиард сўмдан ортиқроқ маблағлар ундирилди.

Жумладан, "Минора қурилиш экспедицияси" МЧЖдан 688 миллион, "Техник таъминлаш бутлаш" МЧЖдан 3 миллиард, "Технологик транс" АЖдан 1 миллиард 500 миллион, "Нефть ва газ қудуқларини синаш" АЖдан 420 миллион, "Геобурнефтгаз сервис" МЧЖдан 313 миллион сўм, жами 5 миллиард 703 миллион сўм солиқ қарздорлиги ва 182 миллион 128 минг сўм ижро йиғими ундирилиб, тегишли ҳисоб рақамларга тўлиқ ўтказилди.

Шунингдек, 4 миллион сўмдан зиёд маъмурий жарималар  тўланди.

Бундан ташқари, "Masonry group" МЧЖдан ҳам 32 миллион сўм солиқ қарздорлиги, ижро йиғими ва маъмурий жарималар ундирилди.

НЕФТЬ ВА ГАЗ ҚАЗИБ ОЛУВЧИ БУРҒУЛАШ УСКУНАСИ ХАТЛАНДИ

Маълумки, солиқ қарздорликларини ўз вақтида тўламаган жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулклари суднинг ҳал қилув қарорига асосан Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси томонидан хатлаб олинади.

Шунга кўра, "Косон нефть-газ қидирув экспедицияси" МЧЖнинг солиқдан  3 миллиард 325 миллион сўмлик қарзини Косон туманлараро иқтисодий судининг 2019 йил 9 декабрдаги ижро ҳужжатига асосан ундирилиши белгиланганидан келиб чиқиб, жамият жойлашган манзилга  борилди. Қарздорлик эвазига эса жамиятга қарашли ётоқхона биноси ҳамда "Уралмаш" русумли  нефть ва газ қазиб олувчи бурғулаш ускунаси хатлаб олинди. Ҳозирда ушбу мол-мулклар баҳоланмоқда. Келгусида жамият мавжуд қарздорликни қопламаган тақдирда, хатланган мол-мулкларни сотиш орқали қарздорликни бартараф этиш чоралари кўрилади.

Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси материаллари асосида Н.ХЎЖАЕВ тайёрлади.

Report typo