Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 сентябрь, душанба. 2020 йил                         Махсус версия RU

05.06.2020


ҒАЛЛА ЎРИМИ НАЗОРАТИ БАНКИРЛАР ЗИММАСИГА ЮКЛАТИЛДИМИ?

Ижтимоий тармоқда "Қашқадарёда банк ходимлари зиммасига ғалла ўримини назорат қилиш масъулияти юклатилди" сарлавҳали хабар тарқалди.

Таъкидланишича, ғаллакорлар отрядлари сафига киритилган банкирлар фермернинг ортиқча буғдойни ўзига олиб қолмаслигини назорат қилишга жалб этилган. Бунга сабаб сифатида Сирдарёдаги тошқин ва Бухородаги табиий офат оқибатида минглаб гектар буғдой далалари вайрон бўлгани ва ғалла режасини бажариш йўллари изланаётгани, шу сабаб бу ишга банк ходимлари ҳам жалб этилгани келтирилган. ФВВ маълумотига кўра, жорий йилда Бухоро вилоятида табиий офат оқибатида ғалла майдонларининг 20,8 фоизи талафот кўрган, Сардобадаги тошқин эса 30 минг гектар экин майдонига зарар етказган.

Тармоқдаги хабарда нишонлик банк ходимларининг "Офисда эмас, далада ишлаш учун ўқиганмидик? Банк ходимлари ғаллакорга айланиши дунёнинг бирорта мамлакатида бўлмаса керак. Банк ходимлари ҳокимларнинг хизматкорига айланди. Баҳор бошида культивация ишлари назоратига олиб чиқишганди. Энди эса ғалла ўрими, кейин пахта терими. Банк ходимлари қачон ўз вазифасини бажаради?", "Биз туманнинг ғалла режасини бажариши учун масъул эканмиз. Агар фермер режани бажарса, унинг қолган ҳосилини ҳам олишимиз керак экан. Нима энди фермер даласини кечаю кундуз қоровуллаймизми?", "Нима эмиш, банкир фермернинг режадан ортган ғалласини бошқа ташкилотлардан қарзи учун топширилишини таъминлаб берар экан! Ўзингиз ўйланг, фермер йил давомида режадан ортган ғалла учун ишлайди" мазмунидаги фикр-мулоҳазалари келтирилган.

Касбилик фермер эса давлатга ортиқча ғалласини беришга рози экан. "Бу йил Касби туманида ғалла яхши бўлди. Бизда бошқа жойларга ўхшаб, ёғингарчилик ҳам, сув муаммоси ҳам бўлмади. Бизда ҳали ўрим бошланмади, 2-3 кун ичида бошланса керак. 35 центнердан режа белгиланган. Ҳосилим жуда яхши. Агар бозор нархида олишса, бемалол ортиқча ғаллани давлатга бераман. Гап ғалла нархига бериладиган ҳақда", деган у.

Нима бўлганда ҳам ҳар ким ўз ишини қилгани, йил давомида тер тўккан фермер меҳнатига яраша ҳақ олгани, шартномада кўзда тутилгани каби иш кўрилиши ҳар томонлама мақбул. Мазкур масалага дохил мутасаддилар қарори ҳам шундай бўлишига умид қиламиз.

Report typo