Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 сентябрь, душанба. 2020 йил                         Махсус версия RU

10.07.2020


Америкалик ҳарбийлар Хонободда заҳарланганми?

АҚШ Мудофаа вазирлиги 2001 йил 11 сентябрь воқеаларидан сўнг, Қашқадарё вилоятининг Хонобод авиабазасига (К2) жойлаштирилган америкалик ҳарбийлар заҳарли моддалар ва радиация таъсирига учраган бўлиши мумкинлиги тўғрисидаги махфий маълумотларни эълон қилди, деб хабар беради CNN.

Ўзбекистондаги мазкур авиабазага 2001 йилдан 2005 йилга қадар минглаб америкалик ҳарбийлар жойлаштирилган. Эълон қилинган ҳужжатда 2001, 2002 ва 2004 йилларда базадаги экологик хавфни ўрганишга ва уларнинг ҳарбий хизматчилар соғлиғига таъсирига доир текширув натижалари келтирилган.

2001 йилги текширув натижаларида ёзилишича, база атрофидаги тупроқ авиаёқилғи билан ифлосланган ва “тутундан нафас олиш” соғлиқ учун зарарли бўлиши мумкин. Ўша вақтда экспертлар ифлосланган тупроқ билан ишлашни тақиқлашни тавсия қилган.

2004 йилда эса лагерда ходимларнинг 10 фоиздан камроғи фон нурланишига дучор бўлишига қарамай, 100 фоиз ҳарбий хизматчилар “ҳар куни радиацияга учраган” бўлиши мумкинлиги аниқланган. Америкаликларнинг базага жойлаштирилишидан олдинги ҳужжатларга кўра, ушбу ҳудудда собиқ иттифоқ ракеталари йўқ қилинган. Бу эса тупроқнинг уран ва асбест қоришмаси билан тўйинишига олиб келган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, асбестнинг барча турлари ўпка саратони, мезотелиома ва ўпка фиброзини келтириб чиқаради.

daryo.uz ёзишича, мазкур ҳужжатлар демократ Стивен Линч ва республикачи конгрессмен Марк Грин талабига биноан эълон қилинган. Линч фикрига кўра, бу К2 фахрийлари хизмат вақтида нимага дуч келганини яхшироқ англашлари ва яхши тиббий хизматдан фойдаланишлари учун зарур.

“К2 фахрийларида саратонга чалиниш ҳолати бошқа жойларда хизмат қилган ҳамкасбларига қараганда беш баробар кўп учрамоқда, уларнинг аксарияти эса касаллик нафақасини олмайди”, дейди конгрессмен Линч.

Ҳарбийларнинг сўзларига кўра, уларга заҳарланиш хавфи ҳақида ҳеч ким ҳеч нарса демаган.

2001 йил 11 сентябрь воқеаларидан сўнг, АҚШ президенти Жорж Буш Марказий Осиё давлатлари раҳбарларига мурожаат қилиб, ўз аэродромларини вақтинча ижарага беришни сўраган эди. Бундан мақсад Афғонистондаги “Ал-Қоида” террористик гуруҳига тезкор ҳужумларни амалга ошириш бўлган. Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ўша вақтда биринчи бўлиб ушбу илтимосга жавоб қайтарган ва Хонобод аэродроми АҚШ ҳарбийларига фойдаланиш учун берилган эди.

 

Report typo