Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

01.10.2021


АМИР ТЕМУР - ДУНЁ ОЛИМЛАРИ ВА АДИБЛАРИ НИГОҲИДА

Халқаро илмий-амалий анжуман

Тенгсиз азму шижоат, мардлик ва донишмандлик соҳиби саналган мумтоз сиймо - Соҳибқирон Амир Темур фаолиятига назар ташлар эканмиз, кўз ўнгимизда етук давлат арбоби, моҳир саркарда, олиму фузалолар ҳомийси, бунёдкор, адолат ва тинчлик тарафдори, дунё тамаддуни ривожига улкан ҳисса қўшган йирик шахс гавдаланади. Унинг "Тузуклар"га жо бўлган ҳикматлари эса кишини тўғри йўлга бошлайди, юксалтиради, улуғ ишларга ундайди.

Айни фикрлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 мартдаги "Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан Республика Маънавият ва маърифат маркази, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси ҳамда қатор вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 685 йиллигига бағишлаб жорий йилнинг 28-30 сентябрь кунлари ўтказилган халқаро илмий-амалий анжуманда яна бир бор ўз тасдиғини топди.

"Амир Темур - дунё олимлари ва адиблари нигоҳида" мавзусидаги анжуманда АҚШ, Франция, Германия, Россия, Туркия, Миср, Уммон, Эрон, Покистон, Озарбайжон каби 14 мамлакатдан 18 нафар нуфузли меҳмон, шунингдек, маҳаллий тарихчи ва ижодкорлар иштирок этишди.

Меҳмонлар орасида Чикаго университети профессори Жон Вуудс, Франция Темурийлар тарихи ва санъатини ўрганиш ассоциацияси президенти Фредерик Брессан, Туркиянинг Эге университети қошидаги Турк дунёси тадқиқотлари  институти профессори Али Усмон Қоратой, германиялик тарихчи олим ва таржимон Хелмут Далов, Озарбайжон ёзувчилар уюшмаси аъзоси Юнус Ўғуз каби таниқли инсонлар борлиги анжуманга бўлган қизиқиш кўламини кўрсатиб турибди.

Қатнашчилар биринчи кун Тошкент шаҳридаги Темурийлар тарихи давлат музейида ташкил қилинган матбуот анжуманида фикрлашишди. Шундан сўнг Адиблар хиёбони, Ҳазрати Имом ёдгорлик мажмуаси, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази, "Янги Ўзбекистон" боғи каби масканларга саёҳат уюштирилди.

Тадбирнинг иккинчи кунида меҳмонлар Шаҳрисабз шаҳрида кутиб олинди. Соҳибқиронга бўлган ҳурмат-эҳтиром рамзи сифатида унинг ҳайкали пойига гуллар қўйилди.

Ҳеч кимга сир эмас, нафақат юртимизда, балки жаҳонда Амир Темур яратган давлатчилик тажрибалари ва сабоқларини чуқур ўрганишга бўлган эҳтиёж тобора ортиб бормоқда. Нафақат тарихчилару олимларни, балки ҳар биримизни, айниқса, катта ҳаётга шаҳдам одимлар билан кириб бораётган ёшларни "Амир Темур қандай қилиб тарих учун қисқа фурсатда шундай қудратли салтанат барпо эта олган, унинг сиру синоати нимада, орадан қарийб етти аср ўтаётган бўлишига қарамай, Соҳибқирон илгари сурган ғоялар ўз аҳамиятини йўқотмаганининг боиси не?" каби саволлар тобора қизиқтириши табиий. Чунончи, маълумотларга кўра, шу вақтгача Амир Темурга бағишлаб Европа тилларида 500 дан зиёд, Шарқ тилларида эса 900 га яқин йирик тарихий асарлар ёзилган экан.

- Амир Темур оддий аскарликдан буюк саркарда даражасига кўтарилиб, Ҳиндистондан Европагача, Арабистондан Сибиргача бўлган улкан ҳудудда кучли давлат қурган. Бошқа жаҳонгирлардан фарқли ўлароқ бунёдкорлик, илм-фан, маданият ривожига алоҳида эътибор қаратган. Олимлар, меъморлар, ҳунармандлар, табиблар, файласуфлар, шоиру машшоқларга ғамхўрлик қилган. Соҳибқирон давридаги тараққиёт Европада уйғониш жараёнига ҳам таъсир кўрсатган, - дейди Темурийлар тарихи ва санъатини ўрганиш ассоциацияси президенти, француз олимаси Фредерик Бопертюи-Брессан. - Темурийлар санъатининг ўзига хослиги турли маданий анъаналарнинг, яъни турк, форс, Яқин Шарқ, ҳинд ва хитой ижодий услубларининг уйғунлашувида кўринади. Бошқа ҳеч қаерда ушбу анъаналар бунчалик самарали ва бетакрор ҳамоҳангликка эришмаган. Амир Темур маданиятларнинг ўзаро мулоқоти учун инфратузилма яратди ва авлодларга мерос қолдирди.  Аввал Самарқанд, кейин Ҳиротда  илм-фан, адабиёт ва санъат беқиёс даражада ривожланди.

Куннинг иккинчи ярмида кўҳна Кешда конференция асосий қисмининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирни Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Мирзо очиб берди.

Конференция иштирокчилари эътиборига Соҳибқирон даврига бағишланган видеоролик намойиш этилди.

Тарихдан биламиз, Амир Темур давлати адолатга ва у орқали инсоннинг эҳтиёжи ва табиий имкониятларига асосланган. Машҳур рус олими Логофет таъкидлаганидек, "Европа ҳали Конституция ҳақида оддий тушунчага ҳам эга бўлмаган даврларда Амир Темур давлатида конституциявий қонунлар мажмуаси - тузук мавжуд эди". "Темур тузуклари" улкан салтанатни бошқариш, фуқароларнинг тинч-тотув турмуш кечиришида адолатни таъминлаш омили ҳисобланган.

Ўз навбатида буюк аждодимиз ҳар қандай давлатнинг истиқболи яқин-йироқ мамлакатлар билан дўстона алоқаларни йўлга қўйишга боғлиқ эканини теран англаган. Бинобарин, Амир Темур ўзини моҳир дипломат сифатида ҳам намоён қила олган. Жумладан, Соҳибқирон Шарқни Ғарб билан тинчлик, тижорат, элчилик йўли воситасида бирлаштиришга ҳаракат қилган. Амир Темур Испания қироли Генрих III, Франция ҳукмдори Карл VI, Англия қироли Генрих IV саройларига элчилар юбориб, мутаносиб равишда испаниялик, франциялик, англиялик, хитойлик ва бошқа қатор хорижий элчиларни ўз салтанатида қабул қилган.

Бизнинг бугунги сиёсатимиз Амир Темур олиб борган олижаноб ишларнинг давоми, десак муболаға бўлмайди. Зеро, олис ўтмишдаги ҳамкорлик муносабатлари бугун ҳам изчил давом этмоқда. Дунё  давлатлари билан тобора кенгайиб бораётган маданий ва илмий алоқаларимиз ҳақида мамнуният билан таъкидлаш мумкин.

Таъкидлаш лозим, истиқлол йилларида Амир Темур сиймоси миллий давлатчилигимиз тимсолига айланди. Бу буюк зот ҳақидаги асл ҳақиқат қайта тикланиб, тарихий адолат қарор топди. Ўзбекистонда Амир Темур феномени билан боғлиқ 4 та қонун, Президентнинг 16 та фармони, 5 та қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 23 та қарори қабул қилингани фикримиз исботидир.

Шу билан бирга, "Амир Темур" ордени Ўзбекистон Республикасининг энг юксак давлат мукофотларидан бири саналади. Соҳибқиронга муносиб ворислар тайёрланадиган "Темурбеклар мактаблари", Тошкент, Самарқанд, Шаҳрисабз шаҳарларидаги муаззам ҳайкаллар буюк бобокалонимизга бўлган чексиз ҳурматнинг тимсолидир.

- Амир Темур ҳақида кенг қамровли гапириш керак, чунки у оддий одам эмас, - дейди Халқаро Бобур жамоат ҳайрия фонди вакили, швециялик Саид Абдулҳаким Шаръий Жузжоний. - У дунё жаҳонгирлари ичида биринчи фотиҳ, биринчи даҳодир. Йигирма етти давлатни бирлаштириб буюк империя қурган. Биринчи Ренессанс IX-XIII асрда, иккинчи Ренессанс Амир Темур даврида бошланган.

Халқаро конференция ўз ишини "Амир Темур ва темурийлар даври манбашунослиги ва тарихшунослиги масалалари", "Темурийлар даври давлат бошқаруви ва халқаро муносабатлар", "Темурийлар Ренессанси: илм-фан, маданият ва бунёдкорлик", "Ўзбек ва жаҳон адабиётида Амир Темур образи" каби мавзуларда шўъбаларга бўлинган ҳолда давом эттирди.

- Шу вақтга қадар Амир Темур шахсига қарашлар турлича бўлган, бугун эса биз тарихни янгича ўқимоқдамиз, воқеликларга янгича ёндашмоқдамиз, манбалардан янгилик излаяпмиз, - дейди россиялик тарихчи олим ва ўлкашунос Александр Назаров. - Россиянинг давлат сифатида шаклланишига Амир Темур тамал тоши қўйган. Бундан 630 йил аввалги ана шу воқеа сабаб Россия ва Ўзбекистон ўртасида дўстлик ва маданият кўприги ўрнатилган ва биз бугун умумий тарихимиз юзасидан мулоқот қилмоқдамиз.

- Мен ўқитувчи сифатида шуни айтмоқчиманки, Амир Темур беш   нарсага эътиқод қилган. Улардан бири бу - китоб. Чунки китоб инсонни тарбиялайди. Амир Темур ўгитларини ёш авлодга ўргатар эканмиз, дўстлик, яхшилик уруғларини дарс давомида талабаларга сингдириб боришга ҳаракат қиламиз, - дейди Хўжанд давлат университети доценти Абдурасул Ҳомидов. - Хўш, Амир Темур мероси уларга нима беради? Албатта, ёшларни яхшиликка ундайди. Дунёнинг турли ерларидан келган олимлар билан шу ҳақда ҳам баҳслашаяпмиз.

- Жаҳон оммавий ахборот воситаларида Амир Темур ҳақидаги ижобий қарашлар кўпайиб бораётгани қувонарли. Чунончи, Россиянинг "Аргументы и факты" газетаси тарихда биринчи марта бобомизнинг исмини тўлиқ ёзиб, "Амир Темур: узнать и оценить" сарлавҳали катта мақола эълон қилди, - дейди  Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али. - Яширишнинг ҳожати йўқ, хорижда чиқадиган турли китобларда, дарслик ва энциклопедияларда, оммавий ахборот воситаларида нотўғри маълумотлар кўплаб чоп этилмоқда. Бундай муносабатга ортиқ йўл қўйиб бўлмаслигини англаб етишимиз керак. Соҳибқирон исми барча оммавий ахборот воситаларида Тамерлан, Тамбурлейн, Таймур... эмас, айнан "Амир Темур" шаклида бир хил берилишига, илмий муомалага киритилишига эришиш лозим.

- Темурийлар даврида Турону Эронда илм-фан, адабиёт ва санъат соҳаларида катта ютуқларга эришилган, - дейди Теҳрон университети қошидаги Илмий-тадқиқот институти профессори Амир Теймур Акбар Рафеи. - Муҳим хусусияти шундаки, тараққиёт доираси кенгайиб, бутун империя бўйлаб Самарқанддан Бухорогача, Бухородан Ҳироту Балх, Машҳад, Язд ва Шарқнинг бошқа маданий шаҳарларигача бу маданий таъсирлар яққол сезилиб турар эди.

Таъкидлаш лозим, анжуманга тақдим этилган мақолалар, маърузалар мазмунидан кўриниб турибдики, Амир Темур ва темурийлар даврини тадқиқ қилиш натижасида эришилган илмий янгиликлар ва натижалар фақат мамлакатимиз эмас, балки жаҳон миқёсида муҳим аҳамият касб этади.

Тадбирнинг учинчи куни иштирокчилар "Шаҳрисабз" музей-қўриқхонаси, Темурийлар даври меъморчилиги намуналари - Дорус-саодат ва Дорут-тиловат мажмуаси, Оқсарой маданий мерос ёдгорлигида бўлишди. Куннинг иккинчи ярмида Самарқанд шаҳридаги Амир Темур мақбараси зиёрат қилиниб, Регистон майдони, Улуғбек расадхонасига саёҳат ташкил қилинди.

Шунинг билан, халқаро илмий-амалий анжуман ўз ишини якунлади.

Б.САЙФИЕВ

Report typo