Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 апрел, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

07.01.2020


ҲАМКОРЛИК ДАСТУРИДАГИ ВАЗИФАЛАР ҚАНДАЙ БАЖАРИЛАЯПТИ?

Маҳалла - Ватан ичра кичик Ватан

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, хотин-қизлар қўмитаси, "Нуроний" жамғармаси, Маънавият ва маърифат маркази, Ёшлар иттифоқи, "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан тасдиқланган Маҳаллаларда маънавий-маърифий тадбирларни тизимли ташкил этиш бўйича жамоат ташкилотларининг 2019 йил ноябрь-декабрь ойларига мўлжалланган ҳамкорлик дастури доирасида вилоятимиздаги  маҳаллаларда 5000 дан ортиқ  тадбирлар  ташкил  этилиб, 700  мингга  яқин  аҳоли  вакиллари жалб этилди.

- 18 та лойиҳа жамланган ушбу дастурда барча тегишли идораларнинг вазифалари белгиланган, - дейди фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши раисининг диний-маърифий масалалар бўйича ўринбосари Омон Хушмуродов. - Масалан, "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан "Кўринг, ҳавас қилинг, ибрат олинг!" мавзусидаги тадбирлар амалга оширилган бўлса, хотин-қизлар қўмитаси томонидан "Маърифатли қизнинг қадами қутлуғ келур" акцияси, кийиниш маданиятини тарғиб этувчи лойиҳалар ташкил этилди. Маҳаллалар кенгашининг ҳам тўй-маросимларни тартибли ўтказиш, қабристонларни обод қилиш ва бошқа йўналишлар бўйича ўз лойиҳалари мавжуд. Шу боис бу дастурда бировнинг ишини биров ўз натижаси сифатида кўрсата олмайди. Асосийси, ҳар бир лойиҳа доирасидаги тадбирлар вилоят ёки туман даражасида қолиб кетмаяпти. 

ХАЛҚНИ ТИНГЛАШНИ ЙЎЛГА ҚЎЙДИК

- Ҳамкорлик дастури мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб, турли мавзулардаги тадбирлар жараёнида кўпроқ халқдан эшитишни, ҳалқни тинглашни йўлга қўйдик, бу ўз самарасини бераяпти, - дейди фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Ғузор тумани кенгаши раисининг диний-маърифий масалалар бўйича ўринбосари Дилбар Хўжақулова. - Дастур доирасида Гулшан, Ёнқишлоқ, Жарариқ, Яккадарахт, Чақар, Эскибоғ маҳаллалари нуронийлари,  маҳалла фаоллари билан "Кексалар маърифати" тадбирини ташкил этдик. Унда юқори синф ўқувчилари ҳам иштирок этишди. Савол-жавоблар қизиқарли тус олди. Отахон ва онахонларимиз ёшлар билан шахмат-шашка ўйнашди. Тадбиркор Эргаш ҳожи Ботировнинг иссиқхонаси ва асаларичилик бўйича ишлари бориб кўрилди. Гулистон маҳалла фуқаролар йиғинида эса "Тўй ва маросимларнинг маънавий-маърифий асосларини мустаҳкамлаш" мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Ушбу тадбирда 2-мактаб ўқитувчилари томонидан тўйлардаги салбий иллатлар саҳна кўринишлари орқали намойиш этилди. Тадбир якунида бир онахон "Қизим, саҳнада ўзимизни кўрдик, мана шундай тадбирларни кўпроқ ташкил қилинглар", деганининг ўзи ҳам ишларимиз ўз самарасини бераётганидан далолат. Демак, тадбирларнинг самараси ва натижаси бўлиши керак, қуруқ маъруза, бир хиллик одамларнинг меъдасига тегади.

Ҳамкорлик дастури орқали кўплаб муаммолар юзага қалқиб чиқди.

- Уйида ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ожиз, турмуш ўртоғи билан ажралганидан сўнг кўчада қолган, боқувчисини йўқотгач ёлғиз ўзи болаларини тарбиялашга қийналаётган, ногиронлиги ёки ишсизлиги оқибатида ўзгалар кўмагига муҳтожлик сезаётган аёллар дарду ташвишларини ҳам ҳал этиш керак, - дейди Дилбар Хўжақулова. - Аввало, мана шундай инсонлар билан ишлашни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйдик.

КИЙИНИШ ҲАМ МАДАНИЯТ

Кийим фақатгина танани тўсувчи матоҳ эмас, балки муайян халқ маданияти, турмуш тарзини акс эттирувчи восита ҳамдир. Халқимизнинг асрлар давомида шаклланган, киши кўрса ҳавас қилгулик ўз кийиниш маданияти мавжуд. Аммо сўнгги пайтларда "оммавий маданият"нинг турмушимизга чуқур  кириб  келиши натижасида миллий маънавиятимизга зид бўлган айрим кийимлар кишилар эгнидан ўрин ола бошлади.

- Ҳамкорлик  дастурида ёшларимизни миллий анъаналаримизга  ҳурмат  руҳида тарбиялаш, айниқса, кийиниш маданиятини тарғиб этиш мақсадида "Миллий либослар тарихи", "Кийиниш маданияти ва одоби", "Раҳбар аёлнинг қиёфаси"  сингари тарғибот тадбирларини ҳам ташкил этмоқдамиз, - дейди фуқароларнинг ўзини ўзи  бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Шаҳрисабз шаҳар кенгаши раисининг диний-маърифий масалалар бўйича ўринбосари Дилором Диёрова. - Биргина "KOICA" ўқув марказида ўтказилган "Кийиниш маданияти ва одоби" деб номланган тадбиримизда "замонавий"  кийинган қизлар билан сочи қирқкокил ўрилган, бошида ироқи дўппи, эгнида миллий кийимлар кийган тенгдошлари иштироки таъминланди. Ҳар бир қиз тўпланганларга ўз кийими, унинг афзаллиги ҳақида сўзлаб берди. Ишонасизми, ана  шу тадбирдан сўнг қизларимиз орасида миллий   кийим кийиб юрувчилар сафи анча ортди.

ҲАМКОРЛИК ДАСТУРИ - КАТТА ТАШАББУС

-  Энг  муҳими, мазкур дастур маҳаллалар кенгаши, умуман, жамоат ташкилотларининг ўзига, ўз кучига нисбатан  ишончини анча оширди, - дейди Омон Хушмуродов. - Масалан, авваллари ҳудудларда бирорта йирикроқ тадбирга ҳокимият вакиллари аралашмаса, уларнинг таъсир кучидан фойдаланилмаса, тадбир  самарадорлиги у қадар катта бўлмасди. Тўғриси, ҳамкорлик дастуридаги тадбирлар олдидан ана шундай ҳадик ҳам бор эди. Энди ҳар бир ҳамкор жамоат ташкилотининг ўз ишига муносиб ёндашуви, бир ёқадан бош чиқаргани туфайли барча тадбирлар шу ташкилотларнинг ўз кучи билан, мустақил амалга оширилди. Аммо, афсуски, ўрганишлар жараёнида баъзи фуқаролар йиғинларининг ҳанузгача эскича қолиплардан чиқа олмай, ўзларининг функционал вазифалари бўлса-да, бошқа масалаларга чалғиётгани кузатилмоқда. Айрим маҳаллаларда фақатгина тўй-маъракаларни тартибли ўтказишга оид лойиҳалар амалга оширилгани ҳолда "Кексалар маърифати", "Оила ва жамият фаровонлиги - тараққиёт омили" сингари лойиҳаларга эътибор  қаратилмаган.

Албатта, бу кемтикликни тўлдириш учун маҳаллалар кенгаши янада ташаббускор бўлмоғи лозим. Зеро, маҳалла - қувонч ва ташвишлар остонаси, жамиятнинг барча қирраларини ўзида мужассам этадиган ягона маскан. Жамиятнинг эртанги қиёфасидир. Шу боис жамиятни янгиланишга ундовчи ҳамкорлик дастурининг тўла амалга оширилишида маҳалланинг ўз ўрни, қатъий позицияси бўлиши даркор.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Report typo