Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
16 апрел, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.ЎКТАМ

13.11.2020


ҲАММАНИНГ ҚАЛБИДА КАШФ ЭТИШ, ЯРАТИШ ИШТИЁҚИ ЁТАДИ. БИРОҚ...

Сараланган сатрлар

       Ҳаёт сир-синоатларга тўла. Илм-фанни-ку асти қўяверасиз. Биргина математикани олсак, кўп йиллардан бери ечимини топмаган 7 та масала бор экан. Улар "минг йиллик масалалари" сифатида таърифланиб, ҳар бирининг ечими учун АҚШнинг Массачусетс штатидаги Клэй математика институти 1 миллион доллар мукофот белгилагани ҳам бор гап.

Хўш, "минг йиллик масалалари" қаторига нималар киради ўзи? Булар - P ва NP синфлар тенглиги, Ходж гипотезаси, Пуанкаре гипотезаси, Риман гипотезаси, Янг-Миллс назарияси, Навье-Стокс тенгламалари ечимларининг мавжудлиги ва силлиқлиги, Бёрч-Свиннертон-Дайер гипотезасидир.

Эътиборлиси, мазкур 7 масаладан бири - Анри Пуанкаре гипотезаси исботини 2002 йилда россиялик математик Григорий Перельман ечган, халқаро илмий ҳамжамият тан олган эди. Ўз ўрнида Перельман шов-шувли қарорга ҳам келган: 1 миллион долларлик мукофотдан воз кечганди. Бу ҳақда турфа талқинлар чиқди, кимдир олимни "шизофреник" деди, кимдир илмни пулга чақмаганини оқлади. Перельманнинг "Мен бутун коинот тузилиши сирини биламан, менга миллион долларинг нима бўпти?!" деган фикрини айтгувчилар ҳам кўп бўлди.

Нима бўлганда ҳам, 2005 йилдан буён ҳеч қаерда ишламайдиган ва расман ишсиз мақомида қайд этилган, онаси билан Санкт-Петербургдаги овлоққина кулбасида ғарибона ҳаёт кечирадиган   Перельман чинакам даҳо экани айни ҳақиқатдир. Унинг мукофотдан воз кечиши - шахсий қарор ва фан учун ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас аслида.

Шу ўринда бир савол кишини ўйлантиради-да: нега шундай даҳолар биздан етишиб чиқмайди? Дейлик, Перельман ҳеч қандай юксак шароит ва рағбатсиз ҳам фанда кашфиёт қила олди-ку.

Чунки бизда олиму бошқалар учун шундай мажбуриятлар борки, ҳар қандай буюк истеъдод улар  соясида яшашга мажбурдек гўё. Йиллар давомида машаққат чекиб, йиғиб-терганимизни илмга эмас, дабдабага сарфлаймиз, тўй қилиб, ҳеч қачон очлик нелигини билмаган 500-600 кишини тўйдириб шундан мамнунлик ҳис қиламиз. Вақтимизни, умримизни машина олиш, уй қуриш, довруғи достон тўй қилиш каби ҳавойи мақсадлар йўлида сарф этамиз. Шундай бўлгач, қандай қилиб биздан даҳолар етишиб чиқсин?!

Ёзувчи Абдуқаюм Йўлдошнинг "Пуанкаре" ҳикоясида айни шу мавзу ҳақида сўз юритилади. Услубдаги равонлик, ўзбек зиёлисининг аянчли тақдири, оламшумул  кашфиётлар қилишга қодиру зиммасидаги "мажбурият"лар сабаб ҳеч кимга айланган шахс фожиаси сизни бефарқ қолдирмайди...

* * *

Институтни битириш арафасида мен кутилмаганда Пуанкаре гипотезасининг шайдосига айландим. Гипотезани жўнроқ тилда ифодалашга уриниб кўраман. Жисмларнинг ҳандасавий хусусиятларини ўрганувчи топология деган фан бор. Пуанкаре гипотезаси эса айнан шу фаннинг марказий муаммоси. Яна бир муҳим ҳолат: тадқиқ этилаётган жисмлар оддий эмас, балки сиқилганида, буралганида, чўзилганида ўзгармайдиган жисмлардир. Бирон нимани тушундингизми? Йўқми? Унда янада соддароқ йўсинда изоҳ бериб ўтай. Агар уч ўлчамли сирт қайсидир жиҳати билан икки ўлчамли сферага ўхшаш бўлса, демак, уни мана шу сферага текислаш мумкин. Дунё пайдо бўлишидаги мураккаб жараёнларни ўрганишда ҳамда оламлар шакли ҳақидаги саволларга жавоб беришда ўта муҳим аҳамиятга эгалиги сабабли бу гипотезани баъзан "Коинот формуласи" ҳам дейишади. Энди тушундингизми? Яна йўқми? Ундай бўлса, сиз оддий финжоннинг тешиккулчага айланиши, аслини олганда, бу иккаласининг чўзилувчан ҳандаса назариясига кўра бир нарса эканини тасаввур этоласизми? Бўлди, бас, шу жараённи сал-пал бўлса-да тасаввур этаркансиз, демак, гипотезанинг мазмун-моҳиятини бемалол англаб оласиз.

* * *

Аслини олганда-ку, мутахассис учун 1904 йили фаранг математиги Анри Пуанкаре томонидан илгари сурилган гипотезанинг моҳиятига тушуниш унчалик қийин эмас. Аммо уни исботлаш, ечиш… Ахир тоғнинг тоғ эканлигини кўрасиз, унинг бағрида милёнлаб тонна руда борлигини билиб ҳам турасиз, аммо бу кўриш-билиш сизга шартта бориб тоғ бағридан бир қоп олтин ёмбисини кўтариб олиб чиқиб кетиш имконини яратмайди-ку. Математика сизга "Сим-сим, очил!" эмас… Гипотеза соддаликнинг буюк тимсоли эди гўё.

* * *

Ҳаётнинг ўзи сонлардан иборатлиги қанчалик рост бўлса, ёш билан тил эшилишининг бир-бирига тўғри мутаносиблиги шунчалик ҳақиқат. Зеро, мен ҳалига довур кам гапирадиган мўйсафидни кўрмадим…

* * *

Биз афсоналар ва ўтрикларнинг юмшоққина, иссиққина қучоғида яшаймиз. Биз ўзимиз шуни истаймиз,  бошқаси керак эмас, бошқаси бизга ёқмайди, нотавон кўнглимизга ўтиришмайди. Биз ўзимиз тўқиб чиқарган ривоятларга-да ишониб кун кечирамиз, зарурат туғилиб қолганда уйдирмаларимизни ялов қилиб кўтарамиз, "Ягона ҳақиқат!" атаб ҳимоя қиламиз, улар учун жангга кирамиз, жон олиб-жон берамиз, қаҳрамонлик кўрсатамиз. Мисоли ўрмонга адашиб кириб қолган отга беадад ҳайрат ва қўрқув билан термилиб қолган, сўнг, от қариб вафот этгач, уни илоҳ даражасига кўтарган, суякларига сиғина бошлаган гўл аборигенлар мисоли ҳаётимиздаги тимсол ва тушунчаларимизни аввал ўзимиз бўй-бастимизга мослаб яратиб оламиз-да, сўнг уларнинг ожиз бандиларига эвриламиз.

* * *

...яшириб нима қиламан, инсон кўпинча бошқа бировга нисбатан соғлом, ёш ва бахтлироқ эканини ҳис қилган онлари юрак-юрагидан озгина бўлса ҳам худбинона ҳаловат ҳис этади, шу боисдан беихтиёр қулоғи томон чўзилиб кетаётган оғзини йиғиштиролмай армонда қолади.

* * *

Аниқ ёдимда, ўша машъум  воқедан бир йилча бурун бизни  факультетдан мажбурлаб театрга олиб боришди. Томоша кўрдик.  Воқеани қаранг: бир архитекторнингми, инженернингми чизмаларини ўртоғи ўғирлаб кетаркану, ўзиники қилиб оларкан. Энди бу архитекторми-инженер "оҳ" дейди, саҳнанинг ёғоч полини ғижирлатиб у ёққа юради, "воҳ" дейди, саҳнани ғижирлатиб бу ёққа юради. Охири чидай олмаган бўлғуси олимлар ўзаро шивирлашишга тушдик: "Калласи борми бунинг? Шунгаям ота гўри - қозихонами? Қайта чиз-қўй-да. Шуям муаммоми, галварс?.." Аммо биз бўлғуси олимлар тушунган оддий ҳақиқатни шўринг қурғур ёзувчи тушунмаган экан денг, қаҳрамонларини нақ бир ярим соат оворайи сарсон қилди. Ора-сира ўтли монологлару ҳайқириқлар ҳам янграб қолади денг, баайни тўртта ватман қоғозидаги чизманинг эмас, бутун бошли мамлакатнинг тақдири ҳал бўлаётгандек.

* * *

Аслида, ҳаётимизнинг ўзи идеалликдан, ҳайратомуз мукаммаллик қонуниятларидан иборат. Акс ҳолда, дунё аллақачон чок-чокидан сўкилиб кетган бўларди.

* * *

Бахтсизлик номард овчидай панада пойлаб тураркан: ўқи нишонга бир тегдими, ёввойи шавқ билан оғули пайконларини кетма-кет йўллайвераркан.

* * *

...онг-шуур, тафаккурни бирданига икки томонга йўналтириб бўлмайди, икки кемага осилган ғарқ бўлади. Инчунин, ё илм, ё моддият! Унисидан эллик, бунисидан эллик фоиз олиб яшаб бўлмайди. Бунинг самараси чала туғилган болага ўхшаб қолиши ҳақиқатга яқинроқ.

* * *

...даҳолик билан телбаликнинг ораси бир қадам, буларнинг орасида читтакка ўхшаб у шохдан бу шохга сакраб юрганлари қанча!..

* * *

…Бу дунёда ҳар кимнинг ўз Пуанкареси бор. Ҳар ким умри давомида унинг гипотезасини ечишга уринади. Гарчанд бу осон эмас. Шу боис ечимни топишга киришмасдан бурун ҳафсаласи пир бўлганлар, бошлашга бошлаб қўйиб, сўнг аро йўлда ортга қайтганлар, энг ёмони эса мақсадга етай-етай деганда ҳориб-чарчаб, тирикчилик аталмиш туганмас майда-чуйда ташвишларга алаҳсиган ҳолда шартта ҳаммасига қўл силтаганлару оний сониялар ичида "жон-жон" дея буткул ўзга тутумларнинг этагини тавоф қилишга ўтганлар қанчадан-қанча.

* * *

Бани башар дунёга келиб, тирикликнинг сирли-сеҳрли, илоҳий тамаддун жараёни бошланибдики, ҳаёт аталмиш улуғ муаллим коинот сарвари бўлмиш ҳар бир одам олдига бир-биридан мураккаб, айни пайтда, кулгили даражада ўта жўн синоатлар гипотезасини қалаштириб ташлайди: истаганингни танлаб олу, қисқагина давом этадиган умринг давомида ўз ҳаётинг, кечажак кунларинг моҳият-мазмуни билан уни исботла, инсон бўлиб яша, инсон бўлиб қол. Шу маънода мен қайсидир маънода ҳаётнинг ўзини мутафаккир Пуанкаре деб биламан.

* * *

Эътиқодсиз турмуш умуртқа поғонаси чўрт синган мавжудотдай гап: у энди судралиб яшашга маҳкум.

* * *

Бу дунёда ҳар биримиз ҳам қайсидир маънода Перельманмиз. Ҳаммамизнинг қалбимизда кашф этиш, яратиш иштиёқи ётади. Бироқ мўъжиза осмондан тушмайди, бир оний лаҳзада кашфиёт ҳам яратиб қўя олмаймиз. Ҳар қандай ўта оддий бўлиб кўринган янгилик замирида оғир меҳнат, билим, ҳаракат, ирода, сабр ва мақсад йўлида ҳаётни тикиш ётади. Бошқа ҳамма баҳоналар бекорчи гапдан ўзга нарса эмас. Сен инсонсан. Коинот сарварисан! Сенга буюк онг ато этилган. Сенга буюк қалб ато этилган. Сенга бемисл салоҳият ато этилган. Фойдалан улардан. Ўткинчи ҳой-ҳавасларга бир лаҳзага чалғидингми, унинг ортидан сени янада чалғитадиган иккинчи лаҳза етиб келади. Кейин учинчиси. Кейин тўртинчиси. Шу билан ҳаммаси барҳам топади…

Б.ЎКТАМ тайёрлади.

Report typo