Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 апрел, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

19.05.2020


ҚАНДИНГНИ УР, ҲАЙДОВЧИ!..

Коронавирус буткул бартараф этилгандан кейин ҳам у билан боғлиқ хотиралар ҳали кўп йиллар бизни тарк этмаслиги тайин. Кимдир одамлар ёппасига маска-қўлқоп тақиб, бир-бири билан салом-алик қилмай юрганини, кимдир маълум вақт уйга қамалиб қолгани ва шу баҳона кўп юмушларини бажариб олгани, бошқа биров нарх-наво қимматлашиб, маълум даражада қийналгани, яна кимдир шундай синовли кунларда карамини кенг қилиб, қийналганларга ёрдам бергани ва бундан қалби бутунлай ўзгача ёришганини эсга олса керак.

Карантин бўларкан, деган гапни эшитиб кўп кишиларнинг тонналаб маҳсулот жамғарганию, бундай вазият қайтиб бўладими-йўқми деган хаёлда маҳсулотлар нархини осмонга чиқариб юборган бозорчилар шиддати, ҳамма уйда биқиниб ётганидан фойдаланиб қинғирлигига йўл очилганидан шод олғирларнинг қилиғи, ҳайдовчиларнинг тўрт қадам йўлга отнинг калласидай бўлмаса ҳам чўнтакни  зирқиратиб юборадиган ҳақ талаб қилганини афсус ва кулги билан ёд этишимиз шубҳасиз. Дарвоқе, "шопир"лар...

Апрелнинг охирларида ишга чиқадиган бўлдик. Келиш-кетиш муаммо бўлармикан, деб ўйлагандим, ҳартугул қимматгина бўлсаям бир-икки машина қатнаб турган экан. Кўпга келган тўй, бир-икки кун чидаб турсак, осмон узилиб ерга тушмас, деган умидда минг бир "синов" - постлардан ўтиб, Қаршига кираверишгача амаллаб келдим. Машиналар ўтиб-қайтяпти, бирортаси бирор одамни миндирай демайди. Кафолат йўқ-да. Шу келиш икки ярим - уч километрча йўлни пиёда босиб қўйдим. Қолганига ўша куни қуёш ҳам забтига олиб, нақ пешонадан урди.

Ишхонага 200 метрлар қолганда, бир "Матиз" келиб, "ташлаб қўйишини" айтди. Энди "улов"га чиқаман, деганда "шопир" "5 минг бўлади" деб қолди-ёв. Бундай ўйлаб қарасам, уч километрга яқин йўлни юриб қўйдим, каттароқ қадам ташласам, саноқли дақиқада манзилга етиб оламан, пиёда юрганим бўлсин-ей...

Инсоф деганлари қайга кетди, бир ёқда одамлар миллионлаб пулини хайр-саховатга сарфлаб ётибди, буёқда булар озгина жойга аввал Ғузор ё Қамашига боришга кетадиган йўлкира сўраяпти, деб хунобим ошиб ишхонага келсам, кўрганларим ҳолва экан. Бир ҳамкасбим Чироқчидан Қаршига 6 минг сўм билан келибди. Уйига борай деса, "ҳожатбарор" ҳайдовчи "20 минг бўлади" дермиш пинагини бузмай. "Пиёда келавердим, 40 дақиқа вақтим кетди. Ҳисоблаб кўрсам, ҳар дақиқада 500 сўм ёнимга қолибди", дейди у.

Ўша вақти-ку, карантин чекловлари қаттиқроқ эди, "шопир"нинг ҳам харажатлари кўпайган бўлиши табиий, лекин энди-чи? Йўлкиранинг осмондан тушгиси келмаётганига сабаб нима? Бу жабҳадаги мутасадди - вилоят транспорт бошқармасидагилар мазкур жараёнда фақат тавсия берувчи сифатида қатнашиши, йўловчиларни белгиланган қоидалар асосида ташишга ундаши мумкин экан, холос. Буёғи энди фақат ташувчи уюшмалар ҳимматию ҳайдовчиларнинг инсофига боғлиқ бўлиб қолаяпти. Бу гапни ўша "шопир"ларга айтиб кўринг, "Нимага фақат бизга ёпишасизлар, ана унни, ёғни, картошкани арзон қилинглар" каби дийдиёлардан иборат жавобни оласиз.

Агар ҳақиқатда уларга жуда қийин бўлаётган бўлса, нега йўлларимизни сариғу бошқа ранг таксилар босиб кетган? Аввалгидан бир киши кам ташишаётгани уларни шунчалик инқирозга дучор этдими? Аввал ҳамма такси фақат тўла ҳолда йўловчи таширмиди?

Бунинг битта сабаби бор: йўловчиларда танлов имконияти йўқлиги, жамоат транспортлари, автобусу "Дамас"ларга рухсат этилмай тургани боис улар ўзлари хоҳлаган тарзда, истаган нархда қатнаяпти.

Нима деймиз, қандингни ур, ҳайдовчи!.. Ёнғин чиққанда, ҳамма жонини сақлаш кўйида ўзини бир эшикка урганда, ўша эшик ёнида туриб олиб, чиқишни пуллик қилиб қўйган пасткашга ўзингизни ўхшатмаётган бўлсангиз, омадингизни берсин...

Report typo