Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 апрел, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

25.04.2017


АНОФЕЛЕС –

- Безгак – анофелес (безгак) чивинининг чақиши орқали юқадиган, беморнинг совқотиб қалтираши, тана ҳароратининг кўтарилиши, жигар ҳамда талоқнинг зарарланиши ва камқонлик билан кечадиган хавфли ўткир юқумли касаллик ҳисобланади, - дейди у. - Хасталикни плазмодий деб аталмиш паразитлар қўзғатади. Плазмодийларнинг 4 тури мавжуд бўлиб, уларни фақат микроскоп ёрдамида кўриш мумкин. Бу паразитлар инсон қонида яшаб, кўпаяди ва қизил қон таначаларида жойлашиб, уларни парчалайди ҳамда қон ишлаб чиқариш, асаб, юрак қон-томир ва организмнинг бошқа тизимлари иш фаолиятига салбий таъсир кўрсатади. Касаллик манбаи бемор одам ва паразит ташувчи хаста киши, унинг тарқатувчилари эса анофелес авлодига мансуб чивинлар ҳисобланади.

Бу пашшалар ёз ойларида соҳиллари ботқоқлашган сув ҳавзаси, шолипоялар, ахлат, чиқиндиларга тўлиб кетган турғун сувли ёки оқими секин ариқлар, сув қувурларининг ишдан чиқиши натижасида вақтинча вужудга келадиган ҳавзаларда кўпаяди.

Касалликнинг яширин даври 10-12 кундан 8-14 ойгача бўлиши мумкин. Бу пайтда инсонда бутун танадаги оғриқ, ҳолсизланиш, кўнгил айниши, йўтал кузатилади. Кўпинча касалликнинг бошланиш давридаги белгилар оддий шамоллашни эслатади.

Безгакни бошқа касалликлардан фарқлаб турувчи муҳим жиҳати - бу маълум бир давр оралаб қайтарилувчи иситма хуружлари ҳисобланиб, титроқ, иситмалаш ва терлаш босқичларини ўз ичига олади. Хуружлар давомийлиги ва уларнинг қайтарилиш вақти безгак турларига қараб ҳар хил кечади. Касалликнинг оғир кечишида асосан қусиш, ҳолсизлик, нотекис нафас олиш, уйқусираш белгилари кузатилади.

Юртимизда бундан эллик йиллар муқаддам ушбу хавфли касалликка бутунлай барҳам берилган бўлса-да, бироқ қўшни давлатлар билан аҳолининг фаол миграцияси оқибатида унинг четдан кириб келиши ва тарқалиш хавфи сақланиб қолган.

Безгак бўйича Миллий дастурни кучайтириш мақсадида 2005–2010 йиллар мобайнида Ўзбекистонда безгакка қарши курашни кенгайтириш, 2005–2009 йилларда юқиш хавфи юқори бўлган ҳудудларга асосий эътиборни қаратиш бўйича ОИТС, сил ва безгак касалликларига қарши кураш Глобал жамғармаси томонидан молиялаштирилган лойиҳа амалга оширилди. ЖССТнинг “Безгакни орқага қайтарамиз” минтақавий стратегиясига биноан Миллий дастурлар Глобал жамғармаси томонидан ушбу инфекция билан курашишда салмоқли муваффақиятларга эришилди.

Ҳозирги кунда вилоятимизда ҳам безгакка қарши кураш чора-тадбирларига катта эътибор қаратилмоқда. Асосан “ташиб келтириладиган” безгак касаллигининг олдини олиш мақсадида анофелес пашшалар кўпаядиган жойларда дезинсекция ва дезинфекция ишлари олиб борилмоқда.

Шуни ёдда тутиш керакки, безгакнинг олдини олишда барча кераксиз сув ҳавзаларини қуритиш, аҳоли яшаш жойларида тозаликка риоя этиш, хоналарга пашшалар учиб кирмаслиги учун деразаларни махсус ҳимоя тўрлари билан қоплашга эътибор қаратиш лозим. Инсон ўзини пашша чақишидан асраши – бу безгакдан сақланиш демакдир.

 

Шоҳиста БОЗОРОВА ёзиб олди. 

Report typo