Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Маънавият
  • ҲАР ҚАНЧА БУЮК БЎЛМАСИН, ИНСОН БОШҚА ИНСОН ТОМОНИДАН САЖДА ҚИЛГУЛИК МАҚОМГА ЕТИШОЛМАЙДИ

НАСРИДДИН

09.04.2021


ҲАР ҚАНЧА БУЮК БЎЛМАСИН, ИНСОН БОШҚА ИНСОН ТОМОНИДАН САЖДА ҚИЛГУЛИК МАҚОМГА ЕТИШОЛМАЙДИ

Сараланган сатрлар

"Рамзий планкани тасаввур қилинг. Баландликка сакрашда ишлатиладиган. Ижодкор иложи борича ўша планкани баланд қўйиши, яъни ўзидан баланд сакрашга интилиши лозим деб ўйлайман. Кейинги пайтлари "бозор адабиёти" намуналарини ўқиб қолсам қўрқувга тушадиган бўлиб қолдим. Бу адабиёт худди ўша планкани ерга ташлаб қўйиб, устидан у ёқдан-бу ёққа сакраётган устомонга ўхшайди. Наҳотки кимдир, кимлардир шуни адабиёт деб ёзаётган, бошқа бировлар эса чоп этаётган ва яна кимлардир ўқиётган бўлса?.." деган эди суҳбатларидан бирида таниқли ўзбек адиби Абдуқаюм Йўлдош.

Дарҳақиқат, одатда "бозор адабиёти" деганда, олди-қочди, ур-йиқит, ўғрилару мафиозлар ҳақидаги китоблар кўз олдимизга келади. Хўш, реал ҳаётда бундай ҳодисалар рўй бермаяптими? Рўй бераяпти, албатта. Фақат буни бояги бозорчи-ёзувчилар пачағини чиқариб тасвирлаяпти.

Абдуқаюм Йўлдош ана шундай қаламкашларга нимани қандай ёзиш борасида мастер-класс ўтиб берди, десак ишонаверинг. Дейлик, адиб ижодига мансуб "Бегона шаҳарнинг намозшомлари" асарида сиртан ўта ишбилармон кишиларни чув туширган оддийгина йигит кечинмалари тилга олинади. Моҳиятан эса асарда инсон ва иймон, тўғрилик ва эгрилик, бу ҳаётда ҳар қандай иш мукофотсиз ёинки жазосиз қолмаслиги ҳақида теран мушоҳадаларни кўрамиз. Бордию, бир йилда ўнлаб, йигирмалаб китоби чоп этилаётган муаллифлар ҳам мавзуга шу тариқа ёндашганида, одамлар орасида "бозор адабиёти" намуналари савиясиз, олди-қочди, деган қараш шаклланмаган бўларди.

Адибимиз ҳаётнинг баланд-пастлари, оқ-қорасини кўп кўргани, аччиқ-чучугина дурустгина тотигани яққол кўринади. Ўзи ҳам қай бизнеслар бошини тутиб, хиёнатларга учраган, касод бўлгану яна оёққа турган, деган фикрга боришингиз-да табиий. Аслида ҳар қандай ёзувчининг ютуғи шунда: яхши билган мавзуда яхши ёзади. Фақат буни адиб фақат бозор йўналишида қалам тебратаркан-да, деб тушунмаслик керак. Анча шов-шувларга сабаб бўлган ва ўзбек адабиётида катта воқеа сифатида баҳоланган "Пуанкаре" ҳикояси ўзига хос ташриф қоғозига айланган, десак муболаға эмас.

Бир ўтиришда ўқиладиган ва анча вақт мутаассир этадиган асар излаётган бўлсангиз, Абдуқаюм Йўлдошнинг "Бегона шаҳарнинг намозшомлари" қиссасини ўқинг. Чинакам сўз санъати неларга қодир эканини кўрасиз. Олам ва одам, ҳаётга оид қарашларингиз анча бойийди.

Бу дунёда бир ҳодисот бошқа ҳодисот учун восита бўлиб хизмат қилгуси. Баъзан, эҳтимолки, аксар ҳолларда баҳона сабабга, сабаб оқибатга эврилади. Баайни кўпайтма амалини бажараётгандай биз бир миқдорни айтамиз, бошқа бир миқдор эса дилда бўлади ва аста-секин шу дилдаги тушунча шакл-шамойил касб эта боради, биз уни аниқроқ, тиниқроқ кўра бошлаймиз. Шунда беихтиёр ҳушёрроқ тортамиз, сезгиларимиз таранглашади, илло, асл мақсад, асл ният энди юз кўрсата бошлаганини илғаймиз...

* * *

Энди, бирга ўқигандан сўнг одам одамни кузатади, бунинг устига, аёнки, одамнинг ҳақиқий феъл-атвори баъзи-баъзида булутлар орасидан мўралаган қуёшдай "ярқ" этиб кўринади-қолади.

* * *

Мен инсонни идеаллаштириш фикридан йироқман. Фикри ожизимча, ҳар қанча улуғ, ҳар қанча буюк бўлмасин, инсон бошқа инсон томонидан сажда қилгулик мақомга етишолмайди. Наинки ойда, биз энг муҳтарам, энг покиза ҳисоблаган инсонларда ҳам у ёки бу даражада доғ бор. Сарҳадсиз комиллик афсонавий "Қуёш шаҳри" янглиғ ширин чўпчак, холос. Инчунин, ҳаддан ортиқ эҳтиром ўзини недандир ноқис ҳис этган инсонларгагина хосдир. Ўзини ўзи ҳурмат қилган банда бошқа ўзига ўхшаган икки оёқли, бир бошли мавжудот олдида тиз буколмайди.

* * *

Инсон зотидан атай қусур қидириш хасталигидан Худонинг ўзи асрасин. Бироқ камина бу пайтлари хом сут эмган бандани илоҳ даражасига кўтаришга мойил ғўр йигитча эмасдим. Мен бўяб-бежалган орзуни эмас, асл воқеликни кўришга аллақандай савқи табиий билан интилардим. Бани башарни оқ ёинки қора рангларга ажратиш фикридан йироқ эдим, мен ранглар талошидаги инсонни кўриш, уни тушунишни истардим, холос... Ўз тушунчаларим, нуқтаи назаримни эътиқодим даражасига кўтарган эдим. Ўтаётган ҳар бир кун, рўй бераётган ҳар бир катта-кичик воқеа-ҳодиса ишончимни мустаҳкамлаш учун хизмат қиларди. Менинг инсон ҳақидаги собит тушунчамга дарз кетиши асло мумкин эмасдай эди...

* * *

Мавжуда бир кўришдаёқ одамни сеҳрлаб қўядиган даражада чиройли бўлмаса ҳам, кўҳликкина, истараси иссиқ қиз эди. Айниқса, унинг тиниқ, беғубор кўзлари кишида беихтиёр ҳурмат туйғусини уйғотарди. Бу кўзларда мудом суҳбатдошига нисбатан ҳурматми, ҳавасми, ишқилиб, аллақандай ёқимли туйғу акс этиб турарди. Менимча, "ўзимдан бошқа ҳамма кам-кўстсиз, тинч-тотув, бахтли оилада ўсган, шунинг учун улар бошқачароқ, яхшироқ, менинг улардек бўлишим қийин..." тарзидаги ёки шунга монанд қанақадир бошқа фикрлар қиз онгига сингиб кетган бўлса, эҳтимол.

* * *

Ёшликнинг қон-қонида ўзини танишдан кўра ўзини танитиш майл-истаги устуворроқ, чоғи.

* * *

Саксон тўққизинчи йилнинг кузи эди. Жамиятда "қайта қуриш" жараёни авж олган. Ҳаммаёқда ошкоралик, "фош қилиш"лар. Одамлар романларни эмас, партия съездининг стенограммаларини талашиб ўқиётган пайтлар... Бироқ бу ҳали ҳолва экан. Тез орада "бозор иқтисодиёти" деган тушунча пайдо бўлди. ҳар ким ўзи учун қайғурадиган замонлар келди. Қарасам, мен оладиган дипломнинг ҳаётда бир чақалик аҳамияти қолмагандай. Молингни сот, жойингни сот - ишбилармон бўл экан...

* * *

Инсон асабини самарасиз меҳнатдан ортиқроқ эгавлайдиган нарса бўлмаса керак.

* * *

Наҳот, наҳот, омад деганлари бор нарса бўлса? Наҳот, кимдир бир умр тийинлаб пул йиғиб, гоҳ топган арзимас сармоясини йўқотиб, қумурсқадай тиним билмай елиб-югурса-да, барибир, бири икки бўлмай ўтадию, бошқа биров эса осмондан тушган жарақ-жарақ пулларни санаш, сассиқ кекириб ётиш билан ўтказади умрини...

* * *

Магар у дунё, боқий дунё, абадий роҳат-фароғат чин эрса, бу тўрт кунлик дорилфанонинг азоб-уқубатлари, алам-изтироблари нечун? Бир лаҳза ёниб-ўчган шам абадият шамси олдида не деган гап ахир? Худо ҳаққи, бундай лаҳзаларда йўқлик салтанати деб-да аталмиш маъвога "саёҳат" қилмоқ қутқуси кўнгилни ўзига банд этади-қўяди... Аммо ўшал хиёнаткор кўнгилнинг мингдан бир, эҳтимолки, милёндан бир заррасида тириклик аталмиш сир-синоатга-да интилмоқ, ундан мўъжиза кутмоқ илинжлари-да ғимирлаб қолади...

* * *

Бу дунёда ҳеч нарса ўз-ўзидан, сеҳрли таёқнинг бир ишораси билан пайдо бўлиб қолмайди. Сиз тийинлар ишлайсиз, натижада сўм пайдо бўлади. Агар омад чопиб ишингиз бароридан келса, бир сўмингиз ўнга, ўн сўмингиз юзга, юз сўмингиз мингга айланади. Айнан мана шунинг учун ҳам ишлаб топилган пулнинг қадри, оҳанрабоси бўлади. Ҳаётда энг оғири сармоядан айрилиш, ҳаётда энг лаззатли машғулот сармояни ошириш бўлиб қолади. Инчунин, ўз пешона теринг, ақлинг, салоҳиятинг, тадбиркорлик аталмиш олтинчи туйғунг, лозим чоғларда айёрлигу таваккалчилигингни ишга солиб топган маблағинг ўз жигарингдай вужудингнинг ажралмас қисмига эврилади - энди ундан наинки ажралмоқ, ҳаттоки бир қисмини-да бегона қўлларга топширмоқ бениҳоя оғир кечади.

* * *

Бизнес ҳамкорлигида оға-ини, хеш-уруғ, дўст-биродар деган тушунчаларнинг ўзи мавжуд эмас. Бизнесда тараққиёт ғилдирагини мудом мойлаб турувчи биттагина манфаат, манфаат ва яна манфаат деган тушунча ҳукмрон, холос.

* * *

Биз ҳаёт сўқмоқларини фақат ўзимиз танламаймиз. Билибми-билмайми, истабми-истамайми бу борада бизга туртки берувчилар, қалбимизга қутқу  уруғини экувчилар мўл бўлади. Бу муносабатлар асосида мулоқотлар ётажак. Илло, инсон тўрт девор ичида иҳоталанган ҳолда ўса олмайди, инсон тўрт девор ичида бошқаларнинг фикр-мулоҳазаларига ўзини кўру кар тутган ҳолда ҳам ўса олмайди. Одам боласи бор экан, бошқа хом сут эмган одам боласи билан мулоқотда бўлажак. Ушбу тўқнашувлар ҳосиласи ўлароқ биз ботиний онгдаги тушунчалар, хулосалар, тажрибалар таъсирига берилиб-да "мана шу ёққа юрамиз" дея ўз сўқмоғимизни танлаймиз...

* * *

Осмондан қачон чалпак ёғилибди?..

Осмондан қачон пул ёғилибди?..

"Ҳоким бово"ми ёинки "қози бово"ми, ишқилиб, шуларга ўхшаган катта-катта амалдорлар, эҳтимол, ўтирган ўрнидан қимирламай туриб даста-даста назр-ниёз йиғар. Бироқ тадбиркор зоти борки пулни осонлик билан топмайди. Айтайлик, у менинг оғзимдагини юлиб олиб бойийди. Тўғри ҳам қилади. Бозорми-бозор-да! Чидаганга чиқарган! "Бозор, бозор..." деб қанча одамларнинг оғзидан суви қочганди, мана, етиб келдик-ку ўша кунларга. Эпласанг яша, яхши яшашни истасанг яхшилаб эпла.

* * *

Қизиқ бугун бир ўрисча газета ўқиб ўтирсам, "асримиз тезлашди, энди ёмонликнинг илоҳий жазоси қирқ йилда эмас, кўпи билан қирқ кунда, баъзан эса қирқ соатда, қирқ дақиқада ҳам қайтади" деб ёзишибди. Ҳа, нодонлар-а, нодонлар. Агар шундай бўлганда эди, дунёда ёмонлик деган нарсанинг ўзи қолмасди ўша сизлар ваъда бераётган қирқ кун ичида. Ҳолбуки, бу дунёда аксар ҳолларда ёмонлик жазосиз қолади. Ҳолбуки, жазо, интиқомнинг ўткир шамшири айнан ўша ёмонликдан воқиф бўлган бандалар қўлида бўлмоғи мақбулроқдир.

НАСРИДДИН тайёрлади.

Report typo