Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

26.01.2021


ҲАР ҚАНДАЙ ОҒИР ВА МУШКУЛ ПАЙТДА ҲАМ ОДАМ ТАСАЛЛИ ТОПА ОЛМОҒИ КЕРАК

Сараланган сатрлар

"Эҳтиёж инсонни буюк кашфиётчига айлантиради" деб ёзган эди инглиз ёзувчиси, 1660-1731 йилларда яшаган Даниель Дефо дунёга машҳур "Робинзон Крузо" асарида. Мазкур китоб ҳақида сўз бораркан, рус кино ижодкорлари томонидан маҳорат билан ишланган бадиий фильм дарҳол кўз ўнгимизда гавдаланади. Албатта, кинода китобдаги барча воқеа-ҳодисаларни, айниқса, кечинма-ҳиссиётларни акс эттиришнинг имкони кам, шундай экан, бадиий фильм ҳар қанча юксак маҳорат билан тасвирга муҳрланган бўлмасин, китобдагичалик завқ-ҳайратни бера олмаслиги барчага аён ҳақиқат.

Яхши биласиз, 1704-1709 йилларда кимсасиз оролда қолиб кетган шотландиялик денгизчи Александр Селькирк ҳаёти асос қилиб олинган асарда  Робинзон Крузонинг кимсасиз оролдаги 28 йил 2 ой 12 кунлик ҳаёти давомида кўрган-кечирганлари, яшаш учун кураши ўз аксини топган.

Дастлабки воқеалар отаси ёш Робинзон Крузонинг денгизчи бўлишига қаршилик қилиши тафсилотлари билан бошланиб, аммо у барибир уйини ташлаб, денгиз сафарига йўл олгани билан давом этади. Ўшанда кема ҳалокатга учраган бўлса, кейинги сафар қароқчилар қўлига тушади, бир неча йил асирликда ётади. Кўмак орқали озод бўлгач, Бразилияга бориб, фаолият юритади. Ўша орада Африкага қул савдоси учун отланган кема бўронга учраб, Робинзондан бошқа барча ҳалок бўлади. Номаълум оролда кечажак ташвишлари мавҳум, машаққатли ҳаёт кутиб турганди олдинда Крузони. У бир муддат "ташқари"дан мадад бўлишини кутади, ўзга муҳит, ўзга оламга мослашгиси келмайди, вақт ўтиб эса кўникишга мажбур бўлади. Ва ўз ҳаётини қуришга астойдил киришади...

Хўш, "Робинзон Крузо" бизга нима беради? Кўпчилигимиз қулайликларга бисёр бир давр-шароитда ҳаёт кечирамиз. Биргина суюқ овқат тановул қилишга идиш топилмаслиги ёки оддийгина ана шу рўзғор буюмига эга бўлишдан зиғирча ҳайрат ҳиссини туймаймиз. Кимсасиз оролда ҳаётини "нол"дан бошлаган Робинзон бизга бу ҳаётда курашиб яшашни, турфа синовларда эгилиб-букилиб қолмасликни ўргатиши билан аҳамиятлидир.

Агар бу асарни ўқимаган бўлсангиз, галда сизни мароқли мутолаа кутиб турибди. Айни ўринда эса бу борадаги қизиқишингизни рағбатлантириш кўйида асардаги эътиборга молик лавҳаларни ҳукмингизга ҳавола этамиз.

* * *

Мен отган милтиқнинг овози гумбурлаб эшитилган ҳамоно ҳайвонларнинг фарёд кўтариб ўкиришидан дарё бўйи гўё бир даҳшатхонага айландики, буни тасвирлаб бермоқ қийин. Афтидан, бу ердаги ҳайвонлар милтиқ овозини аввал сира эшитмаган бўлса керак. Шундан сўнг мен кечаси бу ерда дарё бўйига тушиш мумкин эмаслигига тамоман ишондим; аммо кундузи тушиб бўладими, йўқми, бу ҳам ҳали бизга қоронғи; бирор ёввойи одамга емиш бўлишдан кўра арслон ёки йўлбарснинг чангалига тушган яхши, албатта.

* * *

Гўр ёқасидан қайтиб келган кишининг шодлик туйғуларини таърифлаб беришга сўз тополмай одам тили лол қолса керак! Мен елиб-югуриб, дикирлаб сакрай бошладим, қулочларимни кенг ёзиб, ҳатто ашула айтиб, ўйинга тушдим. Агар таъбир жоиз бўлса, бутун вужудим омон қолганлигим ҳақидаги фикр-туйғу билан чулғаб олинган эди.

* * *

Бунчалик даҳшатли ўлим хавфидан қутулиб омон қолганимга жуда хурсанд бўлдим, аммо қуруқлик ҳам денгиздек хавф-хатарли бўлмоғи мумкин.

* * *

...иккинчи яшикда пул бор экан, буларнинг бир қисми Оврупо пули, яна бир қисми Бразилия пули бўлиб, булар ўттиз олти фунт-стерлингча кумуш ва олтин пул эди.

Бу пулларнинг қадр-қимматига кулгим қистаб кетди.

- Кераксиз чиқинди, сенинг менга энди нима ҳожатинг бор? - дедим, - ҳозир шу арзимас пичоқлардан биттасига бу олтиннинг ҳаммасини жон деб берар эдим. Энди ортиқча юксан, керагинг йўқ, денгиз тагига йўқ бўлиб кет! Ерда ётган бўлсанг, букилиб олишга ҳам арзимайсан.

* * *

Мени гоҳо умидсизлик босарди, мен ёлғизликдан ниҳоятда зерикар эдим. Шу оғир ҳиссиётни енгмоқ учун қўлимга қалам олиб, ёлғизлик ва ғариблигимнинг яхши томонлари ҳам бор-ку, деб ўзимга таскин беришга уриндим.

Қоғоз саҳифасини иккига буклаб, чап томонига "ёмон", ўнг томонига "яхши" деб ёздим, оқибатда бу ишим мана бундай бўлиб чиқди:

Мен одам қадам босмаган ҳувиллаган бир оролда саргардон бўлиб қолдим, қутулиш учун ҳеч умидим йўқ.

Ҳамроҳларим каби денгизга ғарқ бўлиб кетишим ҳам мумкин эдию, аммо тирик қолдим.

Мен инсонлардан айрилиқда қолган бир мискин; одамлар дунёсидан қувғин бўлган бир саҳройиман.

Лекин шуниси борки, мен очликдан ўлмадим ва бу саҳрода ҳалок бўлиб кетмадим.

Кийимларим оз қолди ва ҳадемай қип-яланғоч қоламан.

Лекин бу ернинг иқлими иссиқ, кийим-бошсиз ҳам яшаш мумкин.

Одамлар ёки йиртқич ҳайвонлар даф қилгудек бўлса, мен ўзимни ҳимоя қилолмайман.

Лекин бу оролда одамлар ҳам, йиртқич ҳайвонлар ҳам йўқ. Даҳшатли йиртқичлар макони бўлган Африка соҳилларида қолиб кетмаганим учун ўзимни бахтиёр биламан.

Бу ерда мен дардлашадиган, менга руҳ ва таскин берадиган ҳеч ким йўқ.

Лекин турмуш учун керакли ҳамма нарсаларни ғамлаб ва ўз кунимнинг охиригача етадиган озуқаларни йиғиб олганман.

Бу ўй-фикрлар менга зўр мадад бўлди. Ғам чекмаслигим ва умидсизланмаслигим керак, чунки ҳар қандай оғир ва мушкул пайтда ҳам одам тасалли топа олади ва топмоғи керак деб ўйладим.

* * *

Энди уйимга кириб чиқадиган йўл бор: бу йўлкага махфий эшик қуриб олдим, энди нарвон қўйиб девордан қўрғонга ошиб тушмасдан, шу эшик қурилган ердаги йўлкадан бемалол кириб чиқа бераман. Бу, албатта, менинг учун қулай бўлса ҳам, аммо аввалгидек хавф-хатардан холи эмас эди; аввал уйимнинг чор атрофи қўрғон эди, душманлар ҳужумидан хавф қилмай бемалол ухлай берар эдим; энди бўлса ертўлага кириш ҳеч гап эмас; кирдими - тўғри менинг ёнимга кела беради! Дарвоқе, ҳайронман, ҳеч нимадан қўрқишнинг ҳожати йўқлигига ўша вақтда ақлим етмабди, чунки бу оролда яшай бошлаганимдан буёққа эчкидан катта ҳайвонни учратганим йўқ.

* * *

Сувга ҳам, ўтга ҳам чидаш берадиган кува ясашга муваффақ бўлганимга теримга сиғмай суюндим, ростини айтсам, бу каби оддий бир воқеага оламда ҳеч кимса хурсанд бўлмаган бўлса керак.

* * *

 Бу ишга шунча кўп меҳнат сарф қилдимки, эсласам юрагимга ваҳима тушади. Аммо гап эркинликка чиқмоқ тўғрисида бораркан, ким бор-йўқ кучини сарф қилмайди!

* * *

...қайиқни сувга олиб бориш мумкин эмас экан, демак сувни қайиққа олиб келиш керак.

* * *

Қоронғида диққат билан тикилдим, кўрсам, тўппа-тўғри менга қараб ўқрайиб иккита ёниқ кўз тикилиб турибди: бу кўзлар юлдузга ўхшаб ялтирамоқда, ғорга ташқаридан тушаётган ёруғ бу кўзларда акс бермоқда. Бу кўзлар кимнинг кўзлари - шайтонникими ёки одам кўзими - билолмадим, тўғриси бирор мулоҳазага бормаёқ ғордан чиқиб қочдим.

Бир неча кундан кейин ақл-ҳушим жойига келиб, ўзимни минг марталар аҳмоқ деб койидим.

 "Киши қадами тегмаган оролда йигирма йил яшаган одам шайтондан қўрқмаслиги керак. Ҳақиқатда эса, бу ғорда менинг ўзимдан қўрқинчли нарса йўқ",  дедим ўз-ўзимга.

* * *

...аслига қайтариб бўлмайдиган ишга ғам чекмоқ ўринсиздир.

* * *

...маълумки, денгизчилар жуда беғам ва ҳеч маҳал келгусини ўйлаб турмайдиган одамлар бўлишади.

* * *

"Қўрқувни тилга олганингиз нимаси? Ажабо, қўрқмоққа бизнинг нима ҳаддимиз бор? Келажакда ҳолимиз нима кечса ҳам турмушимиз бундан кўра яхши бўлади; бинобарин, биз бу аҳволдан нима қилиб бўлса ҳам, ҳатто ўлиб қутулсак ҳам, шукур қилишимиз керак. Ақалли менинг бу ерда ёлғизликда кечирган кунларимни бир эсланг. Одамлар дунёсидан йигирма етти йил ажралиб яшамоқ осон гапми? Мен ўз озодлигим йўлида жонимни аямаган бир вақтда, наҳотки, сэр, сиз қўрқасиз?"

* * *

Кутилмаган бу хушхабарни эшитиб ҳушимдан кетаёздим.

Ахир, мен кўп вақтлардан бери зориқиб кутган озодлигимни аниқ кўрмоқда эдим. Озодлик мана шу ерда, ўз қўлимда! Мени истаган жойга олиб бора биладиган катта кема хизматимга тайёр турибди.

Шу қадар суюниб кетдимки, ҳатто дастлаб капитанга бир оғиз ҳам жавоб қилолмадим, агар капитан мени суяб қолмаганида, ерга йиқилиб тушар эдим.

НАСРИДДИН тайёрлади.

Report typo