Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 апрел, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Бекзод ЎКТАМ

13.03.2020


ҲАР БИР ОДАМ ҲАМ БИЛАДИ - ЯШАШДАН ОСОНИ ЙЎҚ

Сараланган сатрлар

"Бугун онам ўлди. Ё кечамикан, билмайман. Ғарибхонадан "Онангиз вафот қилди. Кўмиши эртага. Чуқур ҳамдардлик билдирамиз" деган телеграмма олдим. Тушунмайсан. Балки кеча ўлгандир".

Француз адиби, Нобель мукофоти соҳиби, "Европа виждони", "Ақллар ҳукмдори" дея таърифланган Альбер Камюнинг шундай жумлалар билан бошланадиган, ХХ аср адабиёти, абсурд, экзистенциализм фалсафасини усиз тасаввур этиб бўлмайдиган "Бегона" қиссасида Мерсонинг бир кун олдин онасини кўмиб, эртаси кун қумлоққа чўмилишга боргани, у ерда таниш бир аёлни учратиб, комедия кинога тушгани, соҳилда бир арабни отиб, маҳкамага тортилгани, шу орқали инсон ҳаётининг мазмуни, яшашдан мақсад нима эканлиги, эътиқод-ишонч масалалари хусусида ҳикоя қилинади. Қисса ҳаёт ҳақидаги қарашларингизни буткул ўзгартириб юборишига ишонамиз.

Бошлиқдан икки кунга таътил сўрадим, у ҳам йўқ деёлмади - узрли сабаб. Лекин норози бўлгани билинди. Мен яна унга: "Айб менда эмас-ку", дедим. У индамади. Шунда мен бундай демаслик керак эди, деб ўйладим. Умуман олганда, нимага узр сўрайман. Аксинча, у менинг кўнглимга қараши керак эди. Лекин у кейин, индинга мени азадор кўриб шундай қилар. Ҳозирча онам ўлмаганга ҳам ўхшаб турибди. Ана, жанозадан кейин бошқа гап, ҳамма нарса аниқ, жой-жойида бўлади, айтишганидай, расмий тан олинади.

* * *

- Тушунаяпсизми, бу ерда у дўстлари, ўзи тенгилар орасида эди. Умумий қизиқишлари тўғри келадиган одамларни топди, буларни ҳозирги ёшлар тушунмайди. Сиз эса ёш, уни зериктириб қўяр эдингиз.

Бу тўғри. У билан турганимизда, кун бўйи индамай, нуқул менга тикилиб ўтиргани-ўтирган эди. Ғарибхонага янги келган кунлари тез-тез йиғларди. Лекин бу шунчаки кўника олмаётганидан эди. Агар бир-икки ойдан кейин ғарибхонадан олиб кетсам, шунда ҳам йиғлаб юрарди. Ҳамма гап кўникишда.

* * *

Тобут ёнида ўтириб чиқишдан қийналганларидан ҳаммасининг юзи кулранг тусга кирган эди. Жуда ғалати бўлди: биз бир оғиз ҳам гаплашмаган бу кеча баримизни қадрдон қилиб қўйгандай, кетаётиб ҳаммаси қўлимни қисиб қўйди.

* * *

Сарвлар қатори уфқдаги қирларгача кўтарилиб борган, ора-орада, қаерда қизғиш, қаерда яшил ер кўзга ташланар, унда-бундаги уйлар жуда аниқ кўринарди ва мен шунда онамни тушундим. Бу ўлканинг оқшоми ўйчан сукунатдан иборат бўлса керак. Ҳозир эса бутун атроф қайсар қуёш остида қайнаб, ўзи ҳам тошбағир ва бераҳм бир тус олган эди.

* * *

Мен ундан, кечқурун кинога бормаймизми, деб сўрадим. Фернандел ўйнаган картина бўлса, йўқ демасдим, деди. Кийинганимиздан кейин у мени қора галстукда кўриб, жуда ҳайрон бўлди, нима азадормисиз, деб сўради. Онам ўлган, дедим. У қачон, деди. Мен кеча, дедим. У бир қадам ортга тисланди, лекин индамади. Ахир, менда нима айб, деб айтмоқчи эдим, лекин бошлиққа ҳам шундай деганимни эслаб қолдим. Ҳа, майли, қандай айлантирсанг ҳам, бари бир, гуноҳкор бўлиб чиқаверасан.

* * *

Мен, турмушда ҳеч нарсани ўзгартириб бўлмайди, ҳаммаси доим бирдай, менга шу туришим ҳам яхши, дедим. Унинг юзи норози тус олди: доим бошқа гапни тўғрилаб турасиз, сизда шуҳратталаблик йўқ, бу эса иш учун ёмон, деди. Мен яна ишимга қайтдим. Уни норози қилганим ўзимга ёқмади, лекин нимага энди ҳаётимни ўзгартиришим керак? Бундай ўйлаб кўрилса, нима, бебахтманми? Талабалик пайтимда бир талай шуҳратталаб орзуларим бор эди. Лекин ўқишни ташлашга тўғри келганда, бунақа орзулар ҳавойи эканини тезда тушуниб олдим.

* * *

Кечқурун Мари келди ва турмуш қуришимизни истармидинг, деб сўради. Менга бари бир, лекин агар у шуни хоҳласа, турмуш қурсак ҳам бўлаверади, дедим. Кейин уни севиш-севмаслигимни билгиси келди. Мен, аввал ҳам айтганимдай, бунинг ҳеч аҳамияти йўқ, лекин бор гап, сени яхши кўрмайман, деб жавоб бердим.

- Унда нима қиласан менга уйланиб? - деб сўради у.

Мен тушунтирдим: бунинг мутлақо аҳамияти йўқ - у шуни истаётган бўлса, нимага энди уйланмаслигим керак. Ахир, унинг ўзи шуни сўраяпти, мен фақат рози бўляпман. Шунда у никоҳ - жуда жиддий нарса, деди.

* * *

Мен унга табиатим шунақалигини - жисмонан ўзимни ёмон сезсам, туйғуларим, фикрларим ҳаммаси чалкашиб кетишини барибир тушунтирдим. Ўша, онамни кўмган кунимиз мен уйқуга тўймаган, жуда чарчаган эдим. Шунинг учун ҳам нима бўлаётганини тузукроқ англамадим ҳам. Лекин, ҳар ҳолда, бир нарсани - менга онамнинг тирик юргани маъқул эканини айтишим мумкин. Лекин ҳимоячининг кўнгли тўлмагани билиниб турарди.    У: - Бунинг ўзи кам, - деди.

У ўйланиб турди. Кейин судда ўша куни ўзимни қўлга олиб, табиий изтиробимни ошкор қилмасликка ҳаракат қилдим, деб айта оласизми, йўқми, деб сўради.

- Йўқ, бу ёлғон-ку, ахир, - дедим.

У менга ғалати, худди мен унда оз-моз нафрат уйғотаётгандай қаради.

* * *

- Сизникидай тош қотган юракни шу пайтгача учратмаган эдим. Қўлимдан қанчадан-қанча жиноятчи ўтди, лекин ҳаммаси ҳам бу мушфиқ сиймо олдида йиғлашга тушган.

Мен улар жиноятчи бўлган, шунинг учун ҳам йиғлаган, демоқчи эдим. Лекин шу заҳоти ўзим ҳам шунақалардан эканимни ўйлаб қолдим.

* * *

Лекин қамоқдаги биринчи кунларимда энг ёмони шу бўлдики, калламда эркин одамнинг хаёллари туғила бошлади. Масалан, бирданига қумлоқда ястаниб ётгим, денгизга тушгим келиб қолади. Мана, оёғимга илк тўлқинлар шалоплаб урилади, сувга шўнғийман, шундай аниқ ҳис қиламанки, қушдай енгил тортаман, ўзимни эркин ҳисоблайман, - шунда бирдан теграмни қамоқнинг тўрт девори қуршаб олади. Аммо бир неча ой ўтиб, бунақа хаёллардан қутулдим. Энди маҳбусга муносиб ўй суришга ўтдим.

* * *

Ва доим ўйлардим: агар мени бирон қуриган дарахт танасига тиқиб, шунинг ичида яшашга мажбур этишса, майли, ҳеч бир нарса қилишга илож бўлмасин, фақат бошим устида осмон ёришиб келаётгани кўриниб турса, шунга ҳам аста-секин кўникаман.

* * *

Қанча эсласам, хотирамда шунча кўп арзимас майда-чуйдалар тикланаверади. Шунда бир нарсани тушундим: агар одам бир кунгина яшаса бас, кейин қамоқда юз йил ҳам бемалол ётавериши мумкин. Зерикиб қолмаслиги учун унда истаганча хотира топилади. Керак бўлса, бу ҳам таскин беради.

* * *

Бир одам бахтини синаб кўриш учун туғилган қишлоғини ташлаб, олис ўлкаларга улоқиб кетибди. У йигирма йилдан кейин бой-бадавлат бўлиб, хотини ва боласини эргаштириб юртига қайтибди. Қишлоқда унинг онаси билан синглиси кичкина меҳмонхона очиб олишган экан. У уйдагиларни ҳайратга соламан деб, хотини билан боласини бошқа бир жойга қўйиб, ўзи онасининг олдига борибди - онаси уни танимабди. У азбаройи ҳазилга гўё ўзига хона зарурлигини айтибди. Онаси билан синглиси кўрсаки, унда пул жуда кўп. Тунда уни болға билан уриб ўлдириб, жасадини дарёга ташлаб юборишади. Эрталаб унинг хотини келади, ҳали ҳеч нарсадан хабари йўқ, кечаги меҳмоннинг кимлигини айтади. Она ўзини осиб қўяди. Синглиси ўзини қудуққа ташлайди. Мен бу воқеани минг марта ўқидим шекилли. Бир томондан, ҳеч ҳақиқатга тўғри келмайди. Иккинчи томондан - жуда табиий. Менингча, бу одам қай бир маънода ўзига тегишлисини олган. Ҳеч қачон муғомбирлик қилиш керак эмас.

* * *

Ҳатто қора курсида ўтирганда ҳам одамлар ўзинг ҳақингда нима деяётганларини эшитиш қизиқ бўлади.

* * *

Баъзан, масалан, янги қонунларни ўйлаб чиқарар эдим. Жазо тартибини ўзгартирардим. Менингча, энг муҳими - ҳукм этилган одамга жиндайгина умидга имкон бериш. Майли, мингдан биттанинг омади чопсин - шу ҳам кифоя. Дейлик, мижозни (ўзимча шунақа атадим: мижоз) ўндан тўққиз имконда ўлдирадиган кимёвий дори қилинса. Битта шарти бор - мижоз буни билсин. Чунки мен жиддий мулоҳаза юритиб, ҳаммасини хотиржам ўйлаб, тарозига солиб, гильотинанинг нимаси ёмонлигини тушундим - у ҳеч қандай умидга учқун ҳам қолдирмайди.

* * *

Ҳар бир одам ҳам билади - яшашдан осони йўқ. Моҳиятан олганда, ўттиз ёшингда ўласанми, етмиш ёшингдами - кўп ҳам фарқи йўқлигини, бари бир, сендан кейин бошқа эркаклар, аёллар яшайверишини, бу аҳвол минг-минг йиллар шундай қолаверишини яхши тушанаман.

* * *

Дунёдаги ҳамма одам - танланганлар. Бошқалари мавжуд эмас. Эртами ёки кечми, ҳаммани судлайдилар ва ҳукм қиладилар.

* * *

Онам шундоқ ўлими арафасида ўзини қайта бошдан яшайдигандай, озодликка чиққандай ҳис қилган бўлса керак. Ҳеч кимнинг, ҳеч кимнинг унга марсия ўқишга ҳаққи йўқ эди.

* * *

Асов ғалаёнли ғазаб мени худди оғриқдан, умидлардан тозалаб ўтгандай бўлди ва сирли билгилар, юлдузлар тўла шу тун олдида мен биринчи марта дунёнинг сокин хотиржамлигига бағримни очяпман. У менга шунчалар ўхшаш, у худди биродаримдай ва мен ўзимнинг шундай бахтли бўлганимни, ҳозир ҳам бахтли эканимни ҳис қиляпман. Ҳаммасининг охирига етишини, фақат бунчалар ёлғиз қолмаслигим учун қатл кунимда кўпроқ одам тўпланишини истайман, холос - майли, улар мени нафрат ҳайқириғи билан қарши олсинлар.

Бекзод ЎКТАМ тайёрлади.

Report typo