Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 апрел, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

С.АЛЛАЁРОВА

03.04.2017


ҲАРБИЙ ХИЗМАТ – ЮКСАК ШАРАФ

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ, вилоят ҳокимлиги, вилоят халқ таълими, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармалари, “Камолот” ЁИҲ, коллеж ва академик лицей директорлари, ушбу муассасалар бошланғич ҳарбий тайёргарлик ўқитувчилари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда бугун Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилиш, Ватан ҳимоячиси деган номга муяссар бўлиш ҳар бир йигит учун юксак шон-шараф ишига айлангани, билимли, мустақил фикрлайдиган, дунёқараши кенг сара ўғлонлар миллий армиямиз сафларида хизмат қилаётгани ҳаётимиз осойишталиги, осмонимиз мусаффолиги ишончли қўлларда эканидан далолат бериши таъкидланди.

Шунга мувофиқ, янги ўқув йилидан эътиборан Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ гарнизонлари жойлашган Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро, Самарқанд, Жиззах ва Навоий вилоятларидаги академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида олий ҳарбий ўқув юртларига ўқишга кириш учун чуқур тайёргарлик олиб бориладиган гуруҳлар ташкил этилади.

Ўз навбатида вилоятимизда Қарши давлат университети қошидаги 1-академик лицей ҳамда Шаҳрисабз агросаноат касб-ҳунар коллежида ана шундай бошланғич ҳарбий тайёргарлик гуруҳлари очилиб, уларда ҳарбий соҳага қизиқиши баланд, маънан етук, жисмонан соғлом йигитлар ўқитилади. Дарс машғулотлари ҳарбий қисмлар билан ҳамкорликда олиб борилади.

Семинарда мазкур гуруҳлар фаолиятини самарали йўлга қўйиш бўйича таклиф-мулоҳазалар билдирилди. Шунингдек, тадбир давомида Қарши давлат университети қошидаги 1-академик лицейда таҳсил олаётган, ҳарбий соҳага қизиқиши юқори бўлган ёшларга ҳарбий хизмат, Қарши Сержантлар тайёрлаш мактабининг амалий машғулотлар ўтиш майдонидаги жанговар техникалар хусусида маълумотлар берилди.

- Ёшлигимдан ҳарбий бўлишга қизиқаман, - дейди Зуҳриддин Самадов. – Келажакда Жиззах олий ҳарбий авиация билим юртига ўқишга кирмоқчиман. Лицейимизда бошланғич ҳарбий тайёргарлик гуруҳи очилишини эшитиб хурсанд бўлдим. Энди тайёргарлигимни ўқиш билан бирга давом эттиришимдан хурсандман.

Тадбир қизғин савол-жавоб руҳида ўтди.

С.АЛЛАЁРОВА

Report typo