Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 апрел, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

20.12.2019


"ҲАРБИЙ-ВАТАНПАРВАРЛИК КАРВОНИ" ЎЗ ЙЎЛИДА ДАВОМ ЭТМОҚДА

Халқ ва армия - якдил

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округнинг бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларидан ташкил топган "Ҳарбий-ватанпарварлик карвони" Шаҳрисабз туманининг Оммағон қишлоғида бўлди.

Мамлакатимизда ёшларда ватанпарварлик  руҳини кучайтириш, ҳарбий касбга нисбатан ғурур ва ифтихор ҳиссини уйғотиш, халқ ва армия якдиллигини таъминлаш устувор вазифалардан бирига айланган. Турли саналар, байрамлар муносабати билан ҳарбий хизматчиларнинг ҳудудларда бўлиб, ёшлар, аҳоли вакиллари билан учрашувлар ўтказиши, ҳамкорликда бадиий дастурлар, фестиваллар ташкил этилиши ҳам қувонарли ҳолат.

"Ҳарбий-ватанпарварлик карвони"нинг денгиз сатҳидан қарийб 1,5 минг метр баландликда жойлашган, вилоятимизнинг энг чекка ҳудудларидан бири бўлган тоғли қишлоқдаги 69-умумий ўрта таълим    мактабига кириб бориши бу муассасада таҳсил олаётган юзлаб ўғил-қизлар қалбидаги ватанпарварлик туйғуларини янада жўш урдириб юборганига шубҳа йўқ. Шу куни ҳарбий оркестр ижросидаги мусиқалар ва ҳарбийларнинг жанговар чиқишлари барчада катта таассурот қолдирди. Мактаб ўқувчилари ижросида ватанпарварлик, мардлик, жасурлик ва юртга садоқат ғояларини ифодаловчи шеърлар, қўшиқлар янгради.

"Ҳарбий-ватанпарварлик карвони"нинг кейинги манзили Шаҳрисабз шаҳридаги Амир Темур хиёбони бўлди. Мажмуада йиғилган ўқувчи ёшлар ҳамда аҳоли вакиллари Ватан ҳимоячиларининг мусиқий ва кўргазмали чиқишларидан мамнун бўлиб, рақсларга тушишди.

Шундан сўнг, ҳарбийлар ҳудудда жойлашган 70-мактаби томон йўл олишди. У ерда намойиш этилган концерт дастури, ҳарбий спорт элементларини ўзида мужассам этган кўргазмали чиқишлар ёшларда катта таассурот қолдирди. 

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округнинг "Ҳарбий-ватанпарварлик карвони" вилоятимиз бўйлаб сафарини давом эттирмоқда.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Суратларда: тадбирлардан лавҳалар.

Report typo