Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

02.10.2018


ҚАРИЙБ 520 МИНГ ДОЛЛАРЛИК НОЗ-НЕЪМАТ ЭКСПОРТГА ЙЎНАЛТИРИЛДИ

Ғузор туманидаги йирик экспортчи корхона – “Лавр фарм” масъулияти чекланган жамияти раҳбарияти ҳам ўтган йилги натижаларни янада яхшилаш, имкон қадар кўпроқ маҳсулот экспорт қилиш пайида. Бинобарин, ушбу тадбиркорлик субъекти бултур 614 минг долларлик маҳсулотни четга сотган бўлса, 2018 йил учун хорижлик ҳамкорлар билан қиймати 5 миллион АҚШ долларига тенг шартнома имзолаган. Ушбу маблағнинг маълум қисми эса аввалдан ўтказиб ҳам берилган. Шу боис буюртмачи талабига асосан хуштаъм ва сервитамин мева-сабзавот маҳсулотларини узлуксиз етказиб бериш таъминланмоқда.

- Баҳор ва ёз фаслларида ҳам ҳеч тиним билганимиз йўқ, - дейди корхона раҳбари Ғанишер Бозоров. – Мавсумга қараб турли маҳсулотларни юклаб жўнатдик. Хусусан, шу вақтгача Россия давлатига 20 тонна қовун, катта ҳажмда узум, саримсоқ, пиёз, шунингдек, олхўри, ўрик каби ҳўл мевалар экспортини амалга оширдик. Бундан ташқари, Украинага 40 минг АҚШ доллари миқдоридаги янги узилган кўкатларни сотдик. Ҳозиргача ташқи бозорга йўлланган маҳсулотлар қиймати 517 минг АҚШ долларига етди. Айни пайтда эса яна экспорт қилиш учун кўкат, хурмо ва узум жамғариб қўйиш билан бандмиз. Ҳализамон уларни ҳам махсус машиналарга ортиб, харидорларга етказишни бошлаймиз.

Тадбиркорнинг сўзларига кўра, корхона ихтиёрида чет эллик шерикларни таъминлаш учун йил охиригача маҳсулот бўлади. Ишбилармон бу борада ўз томорқасида маҳсулот етиштирувчи аҳоли ёрдамига таянади. Экспортга яроқли ноз-неъматларнинг салмоқли қисми мақбул нархларда деҳқон ва боғбонларнинг қўлидан йиғиб олинаяпти. Экспортёр хорижда мамлакатимизда пишиб етилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига талаб ортиб бораётганини ҳам алоҳида эътиборга олган.  Айрим турдаги мева-чевани ўз имконияти билан етиштиришга бел боғлаган. Шу йили туман ҳудудидан тадбиркорга 70 гектарга яқин ер майдони ажратиб берилди. Унинг катта қисмида токзор барпо этилди. Қолаверса, кўплаб ўрик ва олхўри ниҳоллари ўтқазиб, мўъжаз боғ ҳам яратилган. Бу боғлар 3-4 йилда ўз мевасини беришни бошлайди.  Табиийки, сара маҳсулот экспортдан ортмайди.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo