Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Раҳматилло МЕНГИРОВ

29.06.2017


ҚАРОВСИЗ ИТЛАР - КАСАЛЛИК МАНБАИ

Маълумки, қишлоқ жойларда деярли барча хонадонда ит боқилади. Кимдир уни боғлаб парваришласа, яна кимникидир кўча-кўйда дайдиб, ўтган-кетганнинг юрагига хавотир солади. Хонадонлар олдида уй қўриқлаб ётган жиззакилари эса ўтган-қайтганга ириллаб, баъзида тўсатдан ҳамла қилиб қолади. Агар битта-яримтани тишлаб олгудек бўлса, кейин кўринг томошани: ким итни текширтирган, ким дўхтирга чопган... Шунгача кўчада дайдиб юрган итларни эгаларига айтиб боғлатиш ёки белгиланган тартибда уларни йўқ қилиш ҳеч кимнинг эсига келмайди.

Статистикага кўра, ит қопишидан кўпроқ ёш болалар жабр кўради. Чунки улар ўйинқароқ ва бепарвороқ. Бинобарин, ит тишладими, қутуриш касаллиги хавфи юзага келади. Чунки ушбу хасталикни келтириб чиқарувчи инфекцияни ташиш бўйича уй ҳайвонлари ичида ит биринчи ўринда туради. Шу боис агар кўча-кўйда қаровсиз итлар кўпайиб кетса, бу ҳол хонадон эгаларини, мутасаддиларни, албатта, ташвишга солиши керак.

Мен Қамаши туманидаги Ногаҳон қишлоғида яшайман. Одатим бўйича ҳар куни тонг саҳар туриб, қишлоқ кўчаларини айланиб, сайр қиламан. Кейинги пайтларда эса дайди итлар кўпайиб кетганлиги сабабли тонгги юришни қисқа қилишга тўғри келаяпти. Кундан-кунга сони ортиб бораётган эгасиз итларнинг дайдиб юриши, аҳоли хонадонларига кириб, егулик излаши кўпчиликни безовта қилиши билан бирга уларнинг соғлиғига ҳам хавф туғдирмоқда.

Халқимизда касални даволагандан кўра, унинг олдини олиш осон, деган гап бор. Дайди итлар кимнидир қопишини кутмасдан, уларни белгиланган тартибда йўқ қилиш, аҳоли хонадонларида муайян тартиб асосида сақланаётган итларни эса вақти-вақти билан эмлаб туриш, эгалари билан ит сақлаш борасида тарғибот-тушунтириш ишларини олиб бориш талаб этилади. Ветеринария идоралари ходимлари қишлоқ жойлардаги аҳволдан ҳам хабардор бўлиб туришса, яхши бўларди. Бироқ бу каби вазифалар, назаримда, ҳеч кимни қизиқтирмай қўйгандек.

Ўтган йили ушбу ҳолат юзасидан тегишли идораларга мурожаат қилиб, уларни вазиятдан огоҳлантиргандим. Мурожаатим ўрганилди, унда кўрсатилган муаммолар тасдиғини топди. Дайди итлар, мушуклар овланиб, уйда сақланаётганлари эмланди. Лекин бу тадбирлар фақат кимдир мурожаат қилсагина амалга оширилгани ёмон-да. Ҳозир дайди итлар яна кўпайиб қолган. Бундай ҳолат битта бизнинг қишлоқда эмас, балки бошқа қишлоқ, туманлар, ҳатто вилоятимиз маркази Қарши шаҳрида ҳам учрайди, айниқса чиқиндихоналар атрофида. Ҳар бирига алоҳида айтгандан кўра, тегишли идоралар раҳбарларига бу масалани матбуот орқали етказсак, балки натижаси бўлар, деган умидда мурожаат қилаяпман. Ахир бугун мурожаатлар билан ишлаш тизими тубдан ўзгарган-ку!

Қолаверса, жорий йилнинг 1 июнида Президентимизнинг “Давлат ветеринария хизмати бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Мазкур ҳужжатда ветеринария хизматини янада ривожлантириш, ҳайвонлар касалликларини даволаш ва уларда учрайдиган юқумли касалликларни  ўз вақтида аниқлаш, ташхис қўйиш ва тарқалишининг олдини олишга доир профилактик ишларнинг самарадорлигини ошириш борасида мутлақо янгича ёндашув кўзда тутилган. Шунингдек, соҳа раҳбар ва мутахассисларининг иш услуби ва шаклларини такомиллаштириш, юклатилган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли ижроси бўйича уларнинг масъулиятини ошириш каби долзарб вазифалар белгиланган. Шундай экан, энди мени ташвишлантирган муаммолар барҳам топиб, соҳа мутахассислари ўз вазифаларига катта масъулият билан ёндашадилар, деб умид қиламан.

Раҳматилло МЕНГИРОВ,

 

Қамаши тумани Ногаҳон қишлоғи

Report typo