Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
4 август, сешанба. 2020 йил                         Махсус версия RU

16.06.2020


ҚАРШИ ТУМАНИ ДЕПУТАТЛАРИГА СУД ҚАРОРИ БИР ТИЙИНМИ?

xabar.uz нашридаги материалда халқ депутатлари Қарши тумани Кенгашининг олтинчи чақириқ ўнинчи сессияси ҳақида сўз боради.

Хабарингиз бор, яқинда Қарши тумани маъмурий судида "Sulton Tex Group" кластери ва туман ҳокимлиги ўртасидаги суд жараёни бўлиб ўтган, суд якунига кўра, "Silver fiber agro kooperatsiyasi" МЧЖ  ва тумандаги фермерлар ўртасида шартнома тузишга қаратилган барча ҳаракатлар (бундай хатти-ҳаракатлар маҳаллий мансабдорлар бошчилигида амалга оширилган) ноқонуний деб топилган эди. Шунингдек, туман Давлат хизматлари марказида давлат рўйхатидан ўтишда "Silver fiber agro kooperatsiyasi" МЧЖ номига "кооперация" сўзини қўшиб, рўйхатдан ўтган ва фермерларни шартнома тузишга мажбурлаган МЧЖ гувоҳномаси ҳам бекор қилинди.

Қолаверса, суд Қарши тумани ҳокими ва ҳокимлик мансабдор шахсларига кластер   фаолиятига аралашиш, унинг 2020 йил учун фермерлар билан тузган шартномасини бекор қилиш ёки ўзгартиришга уринишини ҳам тақиқлаб қўйган эди.

Халқ депутатлари Қарши тумани Кенгашининг олтинчи чақириқ ўнинчи сессияси эса ана шу суд қарори муҳокамасига бағишланган. Туман ҳокимлиги ахборот хизмати ўз каналида жойлаштирган хабарда айтилишича, маъмурий суднинг қарорига халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари ўз эътирозларини билдиришган.

"Сессия йиғилишида "...фермер хўжаликлари пахта хом ашёсини етиштириш бўйича "Silver fiber agro kooperasiyasi" билан амалдаги тартибда шартномалар имзолаш тўғрисидаги таклифлари" маъқуллангани ҳам қайд этиладики, депутатларнинг бундай тўхтамлари улар учун суд қарори ҳеч қандай аҳамиятга эга эмаслигини очиқ-ойдин кўрсатади.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Ахборотдан кўринишича, маҳаллий мансабдорлар суд тақиқлаганига қарамай "Sulton Tex Group"ни барибир тинч қўйишмаслиги ҳам ойдинлашади. Чунки, сессия ишида субъектнинг  "...кластер сифатида фаолиятига доир (сессия ишида кўриб чиқилган) материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилиши бир овоздан" маъқулланган.

Дарвоқе, маҳаллий кенгаш депутатлари   оммавий ахборот воситалари ходимларини ҳам унутишмабди. Ахборотга кўра: "...жамиятимизда оммавий ахборот воситалари бироз оғриқли нуқтага айланган" (?!), улар томонидан гўёки "...асосланмаган хабарларни тарқатиш, ҳокимият вакиллик органлари қадр-қиммати, шаънини қадрсизлантириш, фаолиятларига ҳақсизликда (?) баҳо бериш каби салбий иллатлар" бўйича "...прокуратура органи томонидан ҳуқуқий баҳо бериш ҳамда жавобгарлигини" таъминлаш керак!

Ҳуқуқий саводсизликнинг "юксак" намунаси!

Рост-да, сессия ишида маъмурий суд қарори муҳокама қилиниб, унга батамом тескари тўхтамларга келиниши қайси ақлга сиғади?

Туман ҳокими суд қароридан норозими - марҳамат, тегишли тартибда юқори инстанцияга мурожаат қилсин. Масаланинг ҳуқуқий тартиби шундай. Оммавий ахборот воситаларининг нисбатан эркин фаолият юритаётганини "жамиятнинг бироз оғриқли нуқтаси" дея талқин қилинишига нима дейсиз?! Туман кенгаши сессиясида республика номидан чиқарилган суд қарори муҳокама қилиниши "жамиятнинг оғриқли нуқтаси" эмасми аслида?!

Наҳот, маҳаллий кенгаш депутатлари орасида қонунчиликдан ғарибгина тасаввурга эга ҳеч ким бўлмаса?!

...Қизиқ, туман прокуратураси сессия иши бўйича қабул қилинган ҳужжатларга эътироз билдирармикан ёки шундай муҳим машваратда зиммасига юклатилган оммавий ахборот воситалари ходимларига чора кўришдек вазифа ижросига киришиб кетармикан?!", деб ёзади xabar.uz.

 

Report typo