Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

М.ШУҲРАТОВ

15.09.2018


ҚАРШИДА ТАДБИРКОРЛАР ЭНГ ЯХШИ БЎЛИШ УЧУН БЕЛЛАШДИ

Мавжуд қулай имконият ҳамда шарт-шароитлар ҳудудда тадбиркорлар сафи янада кенгайишига туртки бермоқда. Биргина жорий йилнинг 6 ойида шаҳарда 320 га яқин тадбиркорлик субъекти янгидан ташкил этилганини бунга мисол қилса бўлади. Натижада воҳамиз марказида фаолият олиб бораётган соҳа вакиллари салмоғи 4 минг 200 дан ошди. Бугунги кунда кичик бизнес ҳудудий саноат маҳсулотининг қарийб  60 фоизини етказиб бермоқда. Кўрсатилаётган хизматларнинг  асосий қисми ҳам хусусий сектор ҳиссасига тўғри келади.

Президент соврини учун ўтказилган “Ташаббус-2018” кўрик-танловининг ҳудудий босқичида иштирок этиб, бу кўрсаткичлар фақат қоғозда эмас, балки амалда ҳам ўз исботини топаётганига амин бўласиз. Ушбу тадбирда ўтган қисқа даврда Қарши шаҳрининг саноат, хизмат кўрсатиш, миллий ҳунармандчилик каби соҳаларида кўзга кўринган ютуқларга эришган тадбиркорлар ва ишбилармонлар жам бўлди. Илғор ва ташаббускор 30 нафарга яқин қатнашчи энг яхшилар қаторидан жой олиш учун курашди. Иштирокчилар ўз маҳсулотлари ва хизматлари кўргазмасини намойиш этиб, нега айнан улар ғолибликка лойиқ эканини исботлашга ҳаракат қилишди.

- Мазкур танловнинг ҳудудий босқичлари ҳар доимгидан бошқа вақтда ва янгича форматда ташкил қилинмоқда, - дейди Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси мутахассиси Ҳуснора Жумаева. – Аввало ҳозир тадбиркорлар фаолиятига баҳо бериш, уларнинг муваффақиятларини сарҳисоб қилиш учун қулай фурсат. Илгари ғолибларни фақат муайян йўналишлар бўйича аниқлаган бўлсак, эндиликда бунга янада аниқлик киритилди. Нафақат саноат, балки сервис соҳасида иш олиб бораётган ишбилармонларни ҳам рағбатлантиришга эътибор кучайди. Авваллари эса ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи тадбиркорлар кўпроқ эътироф этиларди. “Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори” деб аталувчи яна бир асосий йўналиш таъсис этилди. Албатта, бу ўзгаришлар хусусий бизнес вакилларида танловга бўлган қизиқишнинг янада ошишига хизмат қилмоқда.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, тадбирда Қарши шаҳрилик ҳунармандлар сон ва сифат борасида ҳам бошқалардан кўра кўпроқ фаоллик кўрсатишди. Махсус ажратилган стендлардаги аксарият жойларни улар ишлаб чиқараётган миллий ҳунармандчилик буюмлари эгаллади. Асосан қўл меҳнати билан яратилган, бир-биридан бежирим уй-рўзғор буюмлари, либослар, тақинчоқлар кўргазмага ўзгача чирой қўшди. Ҳар бир ҳунарманд ўз ишларида замон талабидан келиб чиқиб янгиликлар қилишга, ўзига хосликни сақлаб қолишга уринган. Вилоятимиз марказида бу ўлмас қадриятлар янада сайқал топмоқда, аждодлардан авлодларга ўтиб, барҳаётлик касб этмоқда, десак хато бўлмайди.

Бешиксозлик Қарши шаҳри Чақар маҳалласида яшовчи якка тартибдаги тадбиркор Улуғбек Бозоровнинг ота касби. У бу ҳунарни пухта эгаллаб ва давом эттириб асло кам бўлмади. Бугун эса бешик ясашга иштиёқманд ёшларни ҳам тарбияламоқда, ҳозиргача кўплаб шогирдлар тайёрлашга улгурди.

- Айни пайтда топадиган оилавий даромадимиз тўлиғича шу касбим ортидан келмоқда, - дейди ҳунарманд. – Юртимизда ҳунармандчиликка эътибор кучайиб, кўксимизга шамол тегди. Маблағ  керакми ё хом ашё, бинога эҳтиёж борми, ҳаммасига ёрдам беришаяпти. Оилавий тадбиркорлик фаол қўллаб-қувватланаётир. Имкониятлардан баҳраманд бўлиб, биз ҳам фаолиятимизни кенгайтираяпмиз. Янги устахона, дўкон қуришни бошлаб юбордик. Ҳозирда ўрик ва тут ёғочидан бешик ясаймиз. Уларга қўшимча анжомларни ҳам ўзимиз тайёрлаймиз. Инновацион ёндашиб ясалган бешикларимиз ҳам бор. Осон йиғилади. Шу ҳунаримиз сабаб рўзғорни бутлай олганимиздан ва жамиятга фойда келтираётганимиздан хурсандмиз.

Кўрик-танловнинг яна бир иштирокчиси, якка тартибдаги тадбиркор Нигора Икромованинг бизнес оламига қадам қўйганига ҳеч қанча вақт бўлмади. Тадбиркорлик билан шуғулланиб, тезда муваффақиятга эришишни, истеъмол бозорида ўз ўрнини топишни унинг ўзи ҳам хаёлига келтирмаган. Ёш тадбиркор тижорат банки томонидан тақдим этилган 50 миллион сўм кредит билан ўз фаолиятига мустаҳкам пойдевор қўя олди. Ўқув ва тажрибасини ишга солиб, шаҳар марказида тикувчилик цехи ташкил этди. Бино замонавий дастгоҳлар билан жиҳозланди. 4 нафар моҳир тикувчи ишга жалб қилинди. Талаб нимага бўлса, ўша маҳсулотни тикиб беришга алоҳида урғу берилди. Бугун ишбилармоннинг буюртмалар портфелида махсус иш кийимлари, кўрпа-ёстиқ, матрас, мактаб ўқувчилари формалари асосий ўрин эгаллаган. Нигора тор доирадаги ихтисослик билан узоққа бориб бўлмаслигини яхши тушунади. Шу боис келгусида янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш ҳақида ҳам жиддий ўйлаяпти. Танлов баҳонасида у бу борада зарур тажриба алмашиш, бошқа ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди.

- Бу каби танловлар тадбиркорга нафақат ўз ютуқлари билан мақтаниш, балки янгиликлар билан ўртоқлашиш, бу борада холислар муносабатини билиш имконини тақдим этади, - дейди “Қарши инновацион технологиялар” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Шермуҳаммад Бузруков. -  Фаолиятимиз АКТ маҳсулотлари яратишга ихтисослашгани учун доим бирор янгилик қилиш ҳаракатида бўламиз. Бу сафар ҳам қуруқ қўл билан келмадик. Янги қурилма таклиф этаяпмиз. У иссиқхоналарни инновацион бошқариш имконини беради. Мазкур компьютерлаштирилган қурилма ёрдамида иссиқхонада намлик, ҳароратни сақлаш, ўсимликларни   рационал суғоришни ташкил этиш мумкин бўлади. Тизим мобиль илова орқали назорат қилинади. Асосийси, бу деҳқонга қулай, вақтни ва маблағни тежашга кўмаклашади. Танловда бу инновацион лойиҳамизга қизиққанлар кўп бўлди.

Юқорида таъкидланганидек, бу йилдан эътиборан кўрик-танловда хизмат кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорларнинг ўз имконият ва маҳоратларини намоён этишига кенг шароит яратилди. Соҳа ишбилармонлари бу фурсатдан ўз ўрнида фойдаланиш пайида бўлди, дея олмайсиз. Чунки тадбирда қатнашган, сервис соҳасида банд тадбиркорлар бармоқ билан санарли эди. Борларининг ҳам фаолият қамрови чекланган. Иккита иштирокчи вилоятимиз марказида аҳолига хусусий таълим хизмати тақдим этиб келмоқда. Аммо Қаршидек муаззам шаҳарда хизматлар соҳаси фақат шу билан чекланмайди. Ҳудудда бугун кўплаб тармоқлар ривожланмоқда. Кейинги гал танлов ташкилотчилари томонидан шу жиҳатлар ҳам инобатга олинса, мақсадга мувофиқ бўларди. Ғолибликка даъвогарларнинг кўп бўлиши эса улар ўртасида рақобатнинг кучайишига кенг имкон беради.

Тадбир сўнгида ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросими ўтказилди. Ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, Қарши шаҳридаги  пиллани қайта ишлашга ихтисослашган “Radiant Silk” қўшма корхонаси раҳбари Фарҳод Валиев “Саноат соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори” йўналишида ғолиб бўлди. Полиграфия хизматлари кўрсатиб келаётган “Photo Express” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ғолиб Пирназаров “Хизмат кўрсатиш соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори” деган номга муносиб кўрилди. “Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори” йўналишида тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи “Танхо дизайн” хусусий корхонаси раҳбари Жамшид Жалиловга тенг келадигани топилмади. Кўрик-танловнинг вилоят босқичида “Йилнинг энг яхши ҳунарманди” йўналишида Қарши шаҳри шарафини қўй жунидан телпак тикувчи тадбиркор Анвар Зоҳидов ҳимоя қиладиган бўлди.

Шунингдек, “Энг яхши тадбиркор аёл” (якка тартибдаги тадбиркор Марҳабо Тошева), “Энг яхши инновацион лойиҳа” (спорт тренажёрлари билан иштирок этган “Истиқлол юксалиш тараққиёт” оилавий корхонаси раҳбари Санжар Қудратов), “Ёшларга энг кўп иш ўрни яратган тадбиркор” (қандолат маҳсулотлари тайёрловчи “Насаф орзу имкон” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Жаббор Ражабов), “Энг яхши экспортчи” (“Агро Авто хизмат” МЧЖ раҳбари Жаҳонгир Пўлатов) каби қўшимча номинациялар бўйича ҳам энг яхшилар тақдирланди.

Асосий йўналишлар бўйича ғолибларга кўрик-танловнинг кейинги босқичида иштирок этиш ҳуқуқини берувчи йўлланмалар тақдим этилди. Барча ғолиб ва совриндорларга ташкилотчиларнинг қимматбаҳо совғалари топширилди.

М.ШУҲРАТОВ

Суратларда: кўрик-танловдан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo