Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

20.12.2019


АРЗОН МАҲСУЛОТЛАР - БАЙРАМ ДАСТУРХОНИГА

Янги йил ярмаркаси

Статистик маълумотларга кўра, шаҳар ва қишлоқларимиз аҳолисининг мева-сабзавотлар ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаби байрамлар арафасида одатдагидан кўра бир неча баробар ошиб кетаркан. Бу эса бозорларда ушбу маҳсулотлар нархи кескин ошишига олиб келиши мумкин.

Шундан келиб чиққан ҳолда, мамлакатимиздаги деҳқон бозорлари ва йирик савдо  расталарида турли байрамлар олдидан арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркалари ўтказилиши анъана тусини олган.

Бу йил ҳам тобора яқинлашиб келаётган Янги йил байрами арафасида шаҳар ва туманлар марказий бозорларида арзонлаштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркалари ташкил қилиниб, уларда барча турдаги маҳсулотлар савдоси йўлга қўйилган.

- Юртимизда халқ фаровонлигини кўзлаб амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар натижасида бозорларимизда мўл-кўллик, бундан эса аҳоли хурсанд, - дейди "Ерқўрғон (озиқ-овқат) деҳқон бозори" АЖ бошқаруви раиси Тоштурди Тўраев. - Озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаси ҳам байрам арафасида халқимиз учун яна бир қулайлик яратади. Биз ҳам бозорда арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари савдосини ташкил этганмиз. Расталаримизда барча турдаги қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари бисёр. Бу ерда картошканинг бир килограмми 1400-1500 сўмдан,  пиёз 900-1000, мол гўшти 39 минг, тухум донаси 600-700 сўмдан, шунингдек, бошқа маҳсулотлар ҳам арзонлаштирилган нархларда сотилмоқда.

Айни пайтда масъул ташкилотлар томонидан байрам ярмаркаси расталаридаги маҳсулотларнинг сифати, узлуксиз сотилишини таъминлаш, нархлар асоссиз ошишига йўл қўймаслик борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Суратларда: "Ерқўрғон (озиқ-овқат) деҳқон" бозори ҳудудида ташкил этилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдо ярмаркасидан   лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo