Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

М.ШУҲРАТОВ

09.10.2018


ҚАШҚАДАРЁ ВА НИЖЕГОРОД ЕТАКЧИ СОҲАЛАРДА ҲАМКОРЛИК ҚИЛАДИ

Бироз аввал Қашқадарёдан Россиянинг Нижегород вилоятига махсус делегация икки кунлик расмий ташрифни амалга ошириб қайтгани ҳам фикримиз тасдиғи бўла олади. Делегацияга вилоят ҳокими ўринбосари Ойбек Шагазатов бошчилик қилди. Россия томони ушбу учрашувдан кўп нарса кутгани унга алоҳида тайёргарлик кўрганидан ҳам билинади. Ташриф хусусида Нижегород вилояти маҳаллий ОАВларидан бири “Время Н” нашрида мақола чоп этилган.

Нашрга берган интервьюсида Нижегород вилояти ҳукумати раиси ўринбосари Игорь Носов мулоқотдан мақсад ўзаро мустаҳкам алоқаларни ўрнатиш эканини таъкидлаган. “Минтақамиз ва Ўзбекистон томони ўртасидаги асосий ҳамкорлик йўналишлари таълим, автосаноат ва қишлоқ хўжалигига дахлдор бўлади”, дея қайд этган у.  Ўз фикрини изоҳлар экан, мансабдор Нижегород вилояти автоиндустрия жабҳасида РФдаги йирик марказлардан бири экани, Ўзбекистон эса Марказий Осиёда автопромнинг юраги ҳисобланишига урғу берган. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги ва таълим соҳасида ҳамкорлик бўйича ҳам катта салоҳият мавжуд. Ҳозирги кунда Нижегород олий ўқув юртларида 200 нафарга яқин ўзбекистонлик талаба таҳсил олмоқда.

Нашр делегациямиз раҳбаридан ҳам ҳамкорликка оид муносабатини сўраган. Вилоят ҳокими ўринбосари Ойбек Шагазатов бу учрашув келгусида турли соҳалардаги алоқаларни кенгайтириш учун қўшимча имкониятлар очишини билдирган. “Бизда иқтисодиёт ва саноатнинг турли соҳалари бўйича ишга солинмаган улкан салоҳият бор. Шу ойнинг ўзидаёқ ҳамкорлигимиз доирасида аниқ лойиҳалар устида ишлашни режалаштираяпмиз”, дея маълум қилган у.

Вилоят ҳокимлиги томонидан тақдим этилган маълумотда келтирилишича, мазкур икки кунлик ташриф натижалари ҳар икки томон учун юқори маҳсулдорлик касб этган. Вакилларимиз Нижегород вилояти маъмурияти, ҳудуддаги етакчи компаниялар билан қизғин музокаралар олиб борган, мавжуд йирик ишлаб чиқариш қувватлари фаолияти билан яқиндан танишган. Ушбу ташрифдан кутилаётган самаралар хусусида батафсил сўз юритиш жоиз, албатта.

Биринчи куни илк учрашув йирик автомобилсозлик компанияси - “Группа ГАЗ” вакиллари билан ташкил этилди. Мазкур саноат гиганти Россиядаги 13 та ишлаб чиқариш корхонасини ўзида бирлаштирган. Компания бугунги кунда истеъмол бозорига тижорат ва енгил автомобиллар, оғир юк машиналари ва автобуслар етказиб беради. Дастлаб делегациямиз аъзолари машиналарни йиғиш жараёни, ГАЗ техникалари кўргазмасини бориб кўришди. Шундан сўнг “Группа ГАЗ” дирекциясида музокаралар ўтказилди. Мулоқот жараёнида вилоятимизда ушбу субъектнинг дилерлик сервис-техника марказини барпо этиш масаласи муҳокама қилинди. Компания вакилларининг вилоятимизга ташрифини ташкил этиш ва бу масалани жойида кўриб чиқишга келишиб олинди.  Музокаралар муваффақиятли якун топса, Россия томони воҳамизга           1 миллион АҚШ доллари атрофида тўғридан-тўғри инвестиция киритишни мўлжал қилган.

Ҳозирда Нижегород вилоятида самарали фаолият кўрсатаётган “Русь” агрофирмаси сабзавот, илдизмева маҳсулотлари етиштириш билан шуғулланади. Компания ўз йўналишида улкан тажриба тўплаган. Вакилларимиз агрофирмага тегишли сабзавот сақлаш омборларини кузата туриб бунга тўла амин бўлишди. Компания мутасаддиларининг воҳамиз қишлоқ хўжалигида бизнес бошлашга иштиёқманд экани музокаралар давомида ҳам яққол кўринди. Агрофирма вилоятимизда сархил ноз-неъматларни етиштириш, сақлаш ва кейинчалик четга экспорт қилиш бўйича агрокластер ташкил этиш таклифини билдирмоқда. Шунингдек, Россия томони юртимизга картошка етказиб беришдан ҳам манфаатдор.

Делегациямиз “Мадин” компаниялари гуруҳи расмийлари билан ҳам вилоятимизда биргаликда истиқболли лойиҳани рўёбга чиқариш борасида келишувга эришди. Физиотерапевтик ва реабилитацион тиббий жиҳозларни ишлаб чиқариш билан машғул бу субъект ҳам воҳамизга келиб, бизнес муҳитини жойида тўлиқ ўргангач, охирги қарорни қабул қилади. Томонлар ўзаро тил топа олишса, лойиҳа йўналиши ва қиймати ҳам белгилаб олинади.

Сир эмаски, вилоятимизда чорва бош сони, айниқса, зотли қорамоллар кўпаймоқда. Натижада чорва маҳсулоти ишлаб чиқариш, айниқса, сут етиштириш салмоғи ортмоқда. Ушбу хом ашёни қайта ишлаш, харидоргир ва рақобатбардош маҳсулотлар тайёрлаш учун эса замонавий технологиялар зарур бўлади. Нижегород вилоятидаги “APS гуруҳи” фаолияти эса шундай технологиялар инжинирингига ихтисослашган. Ўз навбатида мазкур компания вакилларининг воҳамиз тадбиркорлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиб, соҳага сармоя жалб қилишга қизиқиши баланд.

Ташрифнинг иккинчи куни ҳам анча самарали ўтди. Нижегород вилояти губернатори ўринбосари И.Носов делегациямиз аъзоларини қабул қилди. Мансабдорнинг сўзларига кўра, ушбу минтақа вакиллари жорий йилнинг    18-20 октябрь кунларида ўтиши белгиланган Ўзбекистон ва Россия ўртасида минтақалараро ҳамкорлик форумида қатнашади. Шунингдек, амалдор Нижегород вилоятига Қашқадарё ишбилармонларидан иборат делегация сафарини уюштириш, воҳамиз халқ хўжалиги салоҳияти ҳақида сўзловчи тақдимотлар ўтказиш ва шу аснода ҳамкорликни янада ривожлантиришни таклиф этган.

Бунга жавобан эса делегациямиз раҳбари Қашқадарёда Нижегород олий ўқув юртлари филиалларини очиш, юртимиз автосаноати билан шерикликни ривожлантириш ва биргаликда агрокластерлар барпо этиш таклифини илгари сурган. Икки томон учун ҳам бирдек манфаатли масалаларни пухта ўрганиш мақсадида алоқаларни фаол давом эттиришга келишиб олинди.

Вакилларимиз Нижегород вилояти ҳукумати қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат ресурслари вазирлигида ўтган учрашувда ҳам иштирок этди. Аграр соҳада мустаҳкам шерикчиликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама этилди. Россия томони ҳамкорларга картошка, лавлаги етказиб беришда ҳамкорлик қилишга тайёрлигини, Нижегород уруғчилик тажрибасини оммалаштиришда кўмак беришини билдирди. Вилоят ҳокимлиги масъуллари эса айни пайтда талаб юқори бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини биргаликда етиштириш, сақлаш ва қайта ишлашни ташкил этиш, ўз ўрнида экспортга йўналтиришни ташкил этишга асосий эътибор қаратди. Таъкидландики, вилоят ҳокимлиги ер ажратиш, жой бериш, субъектни рўйхатдан ўтказиш борасида ёрдам қўлини чўзишга тайёр.

Тарафлар воҳамизга бизнес-миссия уюштириш фикрини маъқуллашди.

Шу билан бирга, иккинчи куни ҳам делегациямиз ушбу минтақадаги бир қатор тижорат тузилмалари ва йирик ишлаб чиқарувчилар билан музокараларни давом эттирди. Улар орасида  “Ника” ва “Гамми” қандолат (ширинликлар) фабрикалари “Нижфарм” акциядорлик жамияти (фармацевтика), “ДН Спорт” МЧЖ (спорт инвентари ишлаб чиқариш), “Завод Труд” акциядорлик жамияти (турли формалар, теридан ишланган маҳсулотлар, металл фурнитура тайёрлаш)ни алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин. Ушбу компаниялар билан ҳам келгусида ҳамкорликда замонавий ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш бўйича йўналишлар белгиланди.

Таъкидлаш жоиз, Россия Федерациясининг Нижегород вилояти ўзаро товар айирбошлаш соҳасида мамлакатимиз билан фаол ҳамкорлик қилади. Ўзбекистон ушбу минтақанинг     124 ташқи савдо ҳамкорлари орасида 30-ўринни эгаллайди. Жорий йилнинг олти ойи якунларига кўра, юртимиз ва мазкур минтақа ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 26,5 миллион АҚШ долларини ташкил этган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан     24 фоизга кўпдир. Минтақалараро ҳамкорликнинг кенгайиши келгусида бу кўрсаткич янада ўсишига хизмат қилади.

М.ШУҲРАТОВ

 

Report typo