Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
16 апрел, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жараён
  • Қашқадарёда маҳалла оқсоқоллари сайлови 813 та маҳаллада ўтказилади

28.03.2022


Қашқадарёда маҳалла оқсоқоллари сайлови 813 та маҳаллада ўтказилади

Фуқаролар йиғинларида

Жорий йил 25 март куни халқ  депутатлари вилоят Кенгаши “Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида” қарор қабул қилди. Унга кўра, юртимизда жорий йилнинг май ойида ўтказиладиган бу муҳим жараёнда вилоятимизда 813 нафар фуқаролар йиғини раиси сайланади.

Кенгашнинг мазкур қарорига асосан фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича тадбирлар режаси, бу жараёнга кўмаклашувчи вилоят комиссияси таркиби ҳамда сайлов бюллетени намунаси тасдиқланди.

Айни пайтда халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларига жойларда ҳам тегишли кўмаклашувчи комиссияларни тузиш, депутатларга эса ўз сайлов округларида сайловни ташкил этиш ва ўтказишда фаол қатнашиш тавсия этилди. Ўз навбатида туман ва шаҳар ҳокимликларига сайловни ташкил этиш ва ўтказишда фуқаролар йиғинларига кўмаклашиш, зарурат бўлганда, уларни бинолар, транспорт ва алоқа воситалари билан таъминлаш чораларини кўриш топшириғи берилди.

Шунингдек, тегишли органлар ва ташкилотлар зиммасига сайлов жараёнида жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш, тиббиёт пунктлари фаолиятини юқори даражада ташкил этиш ҳамда санитария-гигиена талаблари ва карантин қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш вазифалари юклатилди.

Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи вилоят комиссияси сайлов якунлари тўғрисидаги маълумотларни умумлаштириб, шу йил 5 июнга қадар халқ депутатлари вилоят Кенгашига тегишли ахборот киритиши лозим.

Шу ўринда эслатиш жоизки, қонун талабига кўра, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) фуқаролар йиғини томонидан, фуқаролар йиғинини чақириш имкони бўлмаган тақдирда эса, фуқаролар вакилларининг йиғилиши томонидан уч йилга сайланади. Сайлов оқсоқол лавозимига икки ва ундан кўп номзод кўрсатилган ҳолда амалга оширилади.

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодлар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлиши, қоида тариқасида, олий маълумотга эга бўлиши, бевосита сайловга қадар камида беш йил тегишли ҳудудда доимий яшаётган бўлиши, ташкилотчилик қобилиятига, давлат органларида ёки нодавлат нотижорат ташкилотларида ёхуд тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолияти соҳасида иш тажрибасига, шунингдек ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлиши керак.

Report typo