Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
14 июль, сешанба. 2020 йил                         Махсус версия RU

Ж.БОЙМУРОДОВ

19.06.2020


ҚАШҚАДАРЁДАГИ ОЛИЙГОҲЛАР БУ ЙИЛ ҚАНЧА ТАЛАБА ҚАБУЛ ҚИЛАДИ?

Қарор ва ижро

Президентнинг шу йил  12 июндаги қарори билан 2020/2021 ўқув йилида юртимиз олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тасдиқланди. Унга кўра, янги ўқув йилида вилоятимиздаги 6 та олий таълим муассасаси бакалавр ва магистрлар тайёрлаш бўйича умумий ҳисобда 8771 нафар йигит-қизни ўқишга қабул қилади.

Давлат буюртмаси асосида ўқишга қабул қилиш параметрлари олий таълим муассасалари ва таълим шакллари кесимида қуйидагича белгиланган.

Қарши давлат университети

Қарши давлат университетига 2020/2021 ўқув йили учун бакалаврлар тайёрлаш бўйича 2275 талаба ўқишга қабул қилиниши белгиланган. Уларнинг 500 нафари давлат гранти, 1775 нафари контракт асосида таълим олишади.

Магистр даражасини олиш учун эса 121 та грант ҳамда 120 та контракт асосидаги ўринлар ажратилган.

Шунингдек, 16 та йўналишда 1050 нафар талаба сиртқи таълим шакли бўйича ўқишга қабул қилинади.

Айтиб ўтиш жоиз, барча ОТМларда сиртқи таълим фақат контракт асосида амалга оширилади.

Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти

Мазкур институтга бакалаврлар тайёрлаш бўйича кундузги таълим шаклига 2150 нафар (433 та грант, 1717 та контракт) талаба қабул қилинади.

Магистрлар тайёрлаш бўйича эса институтга 17 та йўналишга 110 нафар (78 та грант, 32 та контракт) киши қабул қилинади.

Бундан ташқари, 14 та йўналишда 550 нафар талабанинг сиртдан таълим олишлари учун ўрин ажратилган.

Тошкент кимё-технология институти Шаҳрисабз филиали

Ушбу филиалга бакалаврлар тайёрлаш бўйича 500 та талаба қабул қилинади.

Уларнинг 121 нафари давлат гранти асосида ўқишга кириш имкониятига эга бўлишса, 379 нафари тўлов-шартнома асосида ўқийди.

Шунингдек, 250 талаба сиртқи таълим шакли бўйича ўқишга қабул қилиниши белгиланган.

Тошкент давлат педагогика университети Шаҳрисабз филиали

Ушбу олий таълим муассасасида бакалаврлар тайёрлаш бўйича 475  талаба учун ўрин ажратилган. Уларнинг 150 нафари давлат гранти, 325 нафари тўлов-шартнома асосида таълим олишади.

Шунингдек, филиалда бошланғич таълим ҳамда мактабгача таълим йўналишларининг ҳар бирига 75 нафардан номзод сиртқи таълим шакли бўйича ўқишга қабул қилинади.

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Қарши филиали

Мазкур филиалга жорий ўқув йилида кундузги таълим шакли бўйича 450  талаба қабул қилиниши белгиланган.

Уларнинг 175 нафари давлат гранти, 275 нафари эса тўлов-шартнома асосида таълим олишади. Магистрлар тайёрлаш учун  20 та ўрин ажратилган.

Бундан ташқари, муассасада сиртқи таълим шакли бўйича давлат буюртмаси асосида 200 нафар талабани қабул қилиш режалаштирилган.

Тошкент ахборот-технологиялари университети Қарши филиали

Бу ерда бакалавр тайёрлаш бўйича 65 талабани давлат гранти, 185 нафарини эса тўлов-шартнома асосида қабул қилиш кўзда тутилган.

Сиртқи таълим шакли бўйича эса филиалда компьютер инжиниринги ҳамда телекоммуникация технологиялари йўналишлари учун жами 100 та ўрин ажратилган.

***

Яна бир эътиборли жиҳати, Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлигининг тавсияномасига эга бўлган хотин-қизлар учун бакалавриатнинг кундузги таълим шакли бўйича умумий белгиланган давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичларига нисбатан қўшимча тўрт фоизли давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари ажратилади.

Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев АОКАда ўтказилган брифингда тушунтириш беришича,  4 фоизлик қўшимча грант асосида қабул қилинувчи хотин-қизлар тоифасига маҳалла томонидан кам таъминланган деб топилган оилалар фарзандлари, ногиронлиги бўлган хотин-қизлар, отаси ёки онасидан етим қолган шахслар каби 6 та йўналишдаги фуқаролар киритилиши режалаштирилган.

***

Жорий ўқув йили қабули учун абитуриентларни рўйхатдан ўтказиш жорий йилнинг 20 июнидан 20 июлига қадар (20 июль куни ҳам) бўлган муддатда амалга оширилади.

Кириш тест синовлари эса абитуриент танлаган бакалавриат таълим йўналишига мос иккита фандан ўтказилади. Абитуриентлар фанлар мажмуаси ҳамда кетма-кетлиги бир хил бўлган 5 тагача бакалавриат таълим йўналиши бўйича танловда иштирок этиши мумкин.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Report typo