Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ж.БОЙМУРОДОВ

14.02.2020


Қашқадарёлик ёшларнинг "Caspian Cup2020"даги муваффақияти

Фан

Жорий йилнинг 8-9 февраль кунлари Озарбайжоннинг Боку шаҳрида ментал арифметика бўйича "Caspian Cup2020" мусобақаси бўлиб ўтди.

Эътиборли томони, жаҳоннинг турли давлатларидан турли ёш тоифалари ва йўналишлар бўйича 300 нафардан ортиқ ментал арифметикачи ёшлар ва уларнинг устозлари иштирок этган мазкур нуфузли танловда қашқадарёликлар барча йўналишлар бўйича ғолиб ва совриндорлар сафидан жой эгаллади. Жумладан, Қарши шаҳар 1-давлат ихтисослаштирилган мактабнинг 5-синф ўқувчиси Лутфулла Улуғбеков ҳамда 9-умумий ўрта таълим мактабининг 4-синф ўқувчиси Хушнудбек Хушвақтов ўз ёш тоифалари бўйича бошқаларга ҳеч қандай имконият қолдирмай, супер чемпион мақомини қўлга киритган бўлса, Қарши шаҳридаги 8-мактабнинг 4-синф ўқувчиси Aсилбек Каримов,  "Илм-Зиё" хусусий мактаби 2-синф ўқувчиси Муслимбек Ҳазратқулов ва Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти талабаси, инструктор  Севара Баратова 1-ўрин соҳибига айланишди.

Шунингдек, Қарши шаҳридаги  5-умумий ўрта таълим мактабининг 1-синф ўқувчиси Мумтозбегим Рустамова, 23-умумий ўрта таълим мактабининг 3-синф ўқувчиси Лазизбек Эшмирзаев ҳамда "Global education" ўқув маркази ақлий арифметика курси раҳбари Абдулла Эшонқулов      2-ўринни қўлга киритган.

Мусобақа ғолиблари Қарши темир йўл вокзалида тантанали кутиб олинди. Тадбирда ўқувчиларнинг яқинлари, устозлари ва кенг жамоатчилик вакиллари билимдон болалар ва мураббийларни ушбу ютуқ билан қутлашди  ва махсус совғалар топширишди.

- Ёшлигимдан математика фанига қизиқаман, - дейди Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти талабаси Севара Баратова. - Деярли барча соҳалар ривожида математика фанининг ўз ўрни бор. Менинг мақсадим ҳам шу фанни мукаммал ўрганиб, келгусида юртимиз иқтисодиёти ривожига хизмат қилиш. Бу йўлда менга ёрдам бераётган барча устозларимга, ота-онамга ўз миннатдорлигимни билдираман.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Report typo