Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
26 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаббор ХАЛИЛ

25.12.2018


АСЛ ТУЙҒУНИНГ ОҲОРИ ТЎКИЛМАЙДИ

Яқинда Шаҳрисабзда икки отахоннинг табаррук тўйларида иштирок этиб, мана шулар ҳақида ўйладим.

***

Чақар қишлоғилик Бобоқул Авлақулов Иккинчи жаҳон урушига отланганида йигирма уч яшар бўйдоқ йигит эди. Аввал кичик командирлик бўйича сабоқ олди. Сўнг жангга кирди. Бу ёғи Украина, Беларусь, Карпат тоғлари... кейин Венгрия, собиқ Чехословакиядаги қирғинбарот жанглар унинг метин иродасини бука олмади. Боши узра ўқ ёмғири ёғилиб, снарядлар портлаётган чоғда ҳам сўлим қишлоғи Чақарда қолган яқинлари учун кўксини қалқон этиши зарурлигини чин юракдан ҳис этиб, қайта-қайта жангга отилди... Фашистлар устидан қозонилган ғалаба хушхабарини у Прагада кутиб олди. Юраги энтикди. Бир зум кўзларини юмди. Олис Шаҳрисабздаги барча яқинлари, қадрдон ҳамқишлоқлари, она қишлоғининг фусункор манзаралари - шарқираб оқаётган дарё, адил арчалар, олисдан кўринган мағрур чўққилар, мусаффо осмон кўз ўнгидан кинотасмадай бирма-бир ўтди...

Юрт соғинчи жигар-бағрини ўртаётган бўлса-да, буйруққа бўйсунишга мажбур бўлди - у урушда вайрон бўлган шаҳар ва қишлоқларни тиклаш ишларига жалб этилган эди.

Роса етти йил деганда, ўттиз ёшида она қишлоғига қайтган Бобоқул Авлақуловнинг қалби шукрона билан тўла эди. Ахир фронтда ҳалок бўлган не-не сафдошларининг хоки ўзга юртларда қолиб кетди. Унга эса Ватанини қайта кўриш бахти яна насиб этди. Узоқ йиллар қишлоқ хўжалиги соҳасида самарали меҳнат қилди. Бу орада Райҳоной деган қизга уйланди. Яхши ниятлар билан уй тиклади. Ҳовлиси ўғил-қизга тўлди. Айни пайтда етти ўғил, икки қизнинг ортидан 150 дан ортиқ невара-чеваралари бор. Ҳаммаси ҳаётда ўз ўрнини топган. Ҳаммасини эл алқайди - "отасию бобосига тортган-да" деб...

***

Шаҳрисабз шаҳрилик Соҳиб бобо Иброҳимовни кўпчилик "Савоб бобо" деб аташганини эшитиб, бунинг сабабига қизиқдим.

Даврадагилардан сўраб билишимча, бобо узоқ йиллар савдо ташкилотларида ҳайдовчи бўлиб ишлаган, фаолияти давомида саховатпеша инсон сифатида ном чиқарган. Маҳалладаги кам таъминланган оилалар, айниқса, ўша пайтлар уч-тўрт ойлаб пахта далаларида мажбурий меҳнатга жалб этилган эгни юпун ўқувчию талаба-ёшларга кўрсатган ҳимматлари ҳамон тилдан тилга кўчиб юрар экан. Ўша пайтларда савдо соҳасида ҳалол ишлаб, ҳамманинг кўнглидан жой топиш осон иш бўлмаганини кексаларимиз яхши билишади. Соҳадаги меҳнатлари қадрланиб, "Савдо аълочиси" нишонига сазовор бўлганликлари ҳам бежиз эмас-да.

"Савоб бобо"нинг савоблари хусусида батафсилроқ ёзмоқчи бўлдиму, унинг "қўйинг, шарт эмас" деган гапи замиридаги моҳият мени тўхтатди: "ўнг қўлинг берганини чапи билмасин". Йўқса, унинг савоблиги қоладими?! Машҳур қўшиқда айтилганидай : "Менинг кимлигимни эл билса бўлди"...

***

Яқинда яқинлари, маҳалладошлари, дўсту қадрдонлари даврасида Бобоқул бобо Авлақулов 101 ёшини, Соҳиб бобо Иброҳимов туғилганига 1000 ой тўлишини нишонлашди. Ҳар бир тантананинг файзи бошқача бўлди. Маҳалладошлари - эли жуда қадрлар экан-да уларни...

Шу куни кексаларнинг тилидан мунаввар кунлар шукронаси тушмади. Чексиз ҳавасга йўғрилган тилаклар тилакларга уланди. Менга эса энг ёққани мана бу тилак бўлди: "Асл туйғуларнинг оҳори асло тўкилмайди!"

Жаббор ХАЛИЛ,

Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси Шаҳрисабз туманлараро бўлими раиси 

Report typo