Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Абдунаби АБДИЕВ

08.05.2020


АСРАНГАННИ АСРАЙДИ ХУДО

Шу куннинг нафаси

1

Мамлакатимизда коронавирус юқтириб олганларнинг учдан икки қисми тузалиб чиққани албатта жуда катта натижа. Шу сабаб айрим чекловлар юмшатилиб, маълум фаолият турларига қайта рухсат берилмоқда. Энди буёғига санитария-гигиена қоидаларига қатъий амал қилсак, яқин орада касаллик юртимиздан буткул чекинади.

Ҳамма билиб турибди улкан синовда эканимизни. Ўз навбатида ўтаётган кунларга мана энди ҳақиқий баҳо бериш имкони ҳам юзага келмоқда. Чунки карантин муносабати билан кимдир қийналиб қолганларга ёрдам қўлини чўзиб, савоб умидида жон койитган бўлса, кимдир бу кунларни ғанимат билиб, бир-икки сўм фойда кўриб олиш пайида бўлди.

Касаллик қайд этилган дастлабки кунлар кўчага чиқсанг одамни ваҳима босарди. Нуқул юзига ниқоб тутган кишилар, гўё олам ўзгаргандек, илгари бир-бири билан учрашганда оғиз-бурун ўпишадиган танишлар зўр-базўр бош силкиб саломлашади ёки елка уриштириш билан чекланишади. Дарвозахонам тўғрисидан жой олган мактабда осудалик ҳукмрон, ҳар кеча уйимизга яқин тўйхонадан янграйдиган куй-қўшиқлар, шодон қийқириқлар ҳам мактаб болалари янглиғ бевақт таътилга чиққандай.

- Дада, қўшни тағин машинасини йўлнинг ўртасига қўйибди, аранг ўтиб келдим, - дея ғингшинади тушликка келган ўғлим.

- Эътибор берма болам, - дейман қўшнининг навбатдаги жанжал чиқариш учун қилган қитмирлигидан ғижиним келганини сездирмай.

Кейин бироз ҳомуза тортиб қўшиб қўяман:

- Шусиз ҳам дунё қалқиб турибди. Ахийри бир кун қилмишидан уялар.

Барибир ўғлим жавобимдан қониқмаганини ҳис қиламан, лекин ўз билганимдан қолмайман, ахир ҳозир кунда-шунда дилхираликлар вақти эмас. Болалик чоғларимда ўқиганим - бир эртакнинг девонафеъл қаҳрамони лутф этганидек, "Ҳар ким қилса ўзига! Кўкка тупурсанг бетингга тушади". Бу ҳам ўзига хос бир синов-да, бўлмаса моторлар шовқини, одамларнинг баланд оҳангдаги мулоқоти билан қулоқни батанг қиладиган меъёр бирданига барҳам топиб қолармиди.

2

- Укамнинг Чирчиқдаги олийгоҳда ўқийдиган ўғли  400 минг сўмга аранг Қаршига етиб келибди, - деганди Жуманазар домла боғча тарбияланувчисию, ўрта мактаб ўқувчилари, олийгоҳ талабалари коронавирус туфайли  навбатдан ташқари таътилга чиқарилганидан икки кун ўтиб.

- Одамлар бошига иш тушганидан фойдаланиб қолишни кўзлайдиганлар ҳали ҳам бор орамизда, - уни қувватлаганди кимдир.

Мен эса беихтиёр ўша кезларда Қаршида гувоҳ бўлган ҳодисани кўз ўнгимга келтираман. Оқ "Жигули" атрофида уймалашиб турган одамлар эътиборимни тортади: "Камёб нимадир сотилаяпти шекилли". Мен ўйлаган камёб нарса исириқ бўлиб чиқади. Биргина ҳовучга сиғадиган исириқ. Ёз ойлари ва кузда дашт сари чиқсангиз истаганингизча териб олиш мумкин бўлган доривор ўсимлик. Исириқ тутатилган хонадонга инс-жинс аралашолмайди, деб кафолат беради кексаларимиз. Буюк ҳаким Ибн Сино лутф айлагандек, "минг бир дардга даво ўсимлик".

- Дастаси неча пул, - сўрайди   навбатда турганлардан бири.

- Қўлингиздаги дастада ўн боғ бор, ҳар боғи икки ярим мингдан, дастаси йигирма беш...

Чамалаб кўраман, даста дегани - маликаи беозор "ҳазорисванд, минг бир дардга даво исванд" дея ҳовлимизга бир бор тутатадиганидан ҳам анча кам.

Одам Ато зурриётлари аломат-да, илгари исириқни кўрса бурнини жийириб ўтадиганлар ҳам нархига қарамай даста-даста харид қилишади, бир зумда машина салонига тирбанд жойланган исванддан асар ҳам қолмайди. Исириқ етмай қолганлар бир зум норизо тўнғиллаб туришгандан сўнг, бирин-сирин тарқалади, мавридида чўнтагини қаппайтирган "ҳожатбарор ишбилармон" ҳам бир зумлик даромадидан мамнун машинаси рулига ўтиради. Негадир унинг чўлга чиқиб, ҳазорисвандни ўз қўллари билан терганига ишонгим келмайди. Агар исириқнинг табиат эҳсони, сувтекин нарса эканлигини ҳис қилганида, одамлар нимадан паноҳ топишини билмай гангиб турган фурсатда арзимаган дастасини фалон пулдан сотиш ўрнига, бепул тарқатган бўларди. Ахир ўзбекчилигимизда меҳр-оқибат деган тушунчалар бор, ҳар ҳолда кўпга келган тўй-да, байрам-да - ногаҳон тожсимон вирус ёқасидан чангаллаб олса, кишиларнинг чўнтагига тушиб орттирганлари жонига ора кирармиди. Нима ҳам дердик, ҳар каснинг ўз дунёси бор, кимдир савобталаб, кимдир эса...

Исириққа одамлар шундай навбат талашиб, кимдир бундан мўмайгина пул топгани бугун анча кулгили туюлмаяптими сизга?..

Хайрият, ҳукуматимиз вақтида белгилаган кескин чоралар ўзини оқлай бошлади, қисқа фурсатли гангишлар барҳам топди, тожсимон вирус хуружи мамлакатимиз аҳлини яхлит бир вужудга айлантирди, ўзимиз, ўзлигимиз "мана мен" дея баралла қад ростлади. Вилоятимиз автотранспортчилари Тошкент ва юртимизнинг бошқа шаҳарларида таҳсил олаётган талабалар, сафарга кетган  элдошларимизни йўлкирасиз ташиб келиш ташаббуси билан чиқишди, ҳожатбарор юртдошларимиз бозор ва аҳоли зич масканларда ҳимоя ниқоблари, гигиена воситалари тарқатишни йўлга қўйишди, қийналган оилаларга ёрдам қўллари чўзилмоқда. Ахир биз оғир дамларда бир-бирини қўллаб-қувватлашни урфга айлантирган, хайр-саховатли эл фарзандларимиз.

3

...Олтмиш тўртинчи йилнинг қиши қаттиқ келди, нафақат совуқнинг, балки элга хуруж қилган гриппнинг зўридан ҳатто мактаблардаги дарс жараёнлари тўхтатиб қўйилди. Уйимизда етти яшар мен ва отамдан бошқа ҳамма кўрпа-тўшак қилиб ётиб қолган, ҳамма хонадонларда шу аҳвол ҳукм сурарди. Қишлоқнинг ягона тиббиёт ходими Турдиев исмли миқтигина, ҳовлиқиб юрадиган фельдшер ҳали у ҳовлига, ҳали бу ҳовлига қатнайвериб эсхонаси чиққанди.

Ўқув машғулотлари вақтинча тўхтатилган бўлса-да, қишлоқ мактабида директор бўлиб ишлаётган отам кунига бир марта ишхонасидан хабар олар, кейин бирма-бир қўшниларникига, яқин дўстлариникига кириб ҳол-аҳвол сўрашиб чиқарди, аксарият ҳолларда мени ҳам етаклаб олардилар. Бир куни у киши:

- Маҳаллада икковимиздан бошқа тик юрган одам қолмабди, сен ўчоққа олов қала, биргалашиб қатиқ ош қилайлик, - деб қолдилар.

Ўчоқхонагача қор куралган, бир амаллаб қуруқ шох-шабба йиғиб ўчоққа ўт қалайман.

- Катта қозоннинг остига ўт ёқиш керак эди, - дейди отам.

Ҳафсалам бўлмаса-да, ўзимнинг касалликка ён бермаётганимдан, қўлидан иш келадиган одам бўлганимдан ғурурланиб ўчоқ остидаги оловни иккинчисига кўчираман, дилимда эса ягона савол ўрмалайди:

- Нега катта қозонда, кичик қозондагиси ҳам ўзимизга етиб ортиб қолади-ку?

Умрида овқат қилишга уннаб кўрмаган отам, хаста онамга ёрдамлашиб хамир туттириб, кесган ош тайёрладилар. Кейин суюлтирилган чакки қўшиб уйимизда бор идишларга қуйиб:

- Қани кетдик, қўшнилардан ҳол сўраб келамиз, - дедилар.

Иккаламизнинг қўлимизда иккитадан идиш, бирма-бир хонадонларни айланамиз. Отамнинг йўқловидан хурсанд қўшнилар ётган ўринларидан қўзғалмоқчи бўлишади:

- Бемалол ётаверинг, мана бу ошга озроқ мурч ташлаб иссиқ-иссиқ ичиб, кўрпага ўрансангиз, касалингиз очилади, - дейди отам уларга.

Ўзи косага сузиб, хонадондаги ҳар бир кишига ошдан ичирганидан сўнг иккинчи, учинчи ҳовлига йўл оламиз. Қўшнилардан ҳол сўраб бўлгач енгил тортаман, "энди бемалол уйга бориб эртак китобимни ўқиб ётавераман", дейман ўзимга ўзим. Қаёқда дейсиз.

- Энди фалончи малимникига   овқат олиб борайлик.

Отамнинг сўзидан энсам қотса-да, эринчоқлик билан у кишига эргашаман. Совуқдан қунишиб отамнинг илдам қадамларига етишиш учун пилдирарканман, ўзимча тўнғиллаб қўйдим?

- Шу нимага керак эди?

- Нима дединг ўғлим, - норози оҳангда айтганларимни эшитган бўлса-да, ўсмоқчилаб сўрайди отам. - Бу фикринг ноўрин, машойихлар "Одам одамнинг безори эмас, бозори" дейишади.

Ўшанда бу иборанинг маъносини чақишга кўп ҳам уриниб ўтирмагандим. Йиллар ўтиб улғайдим, ўзим ҳам дастлаб ота, кейин бобо бўлдим, ҳаёт сўқмоқларида яхшини ҳам, ёмонни ҳам кўрдим, кўпинча арзимаган баҳона сабаб бир-бирининг кўнглини оғритаётган одамларни, дилбузар ҳодисаларни кўрганимда беихтиёр олис болалик йилларим отам айтган сўзларни эслайман:

- "Одам одамнинг безори эмас, бозори".

Шу вақтгача сизу биздан кўп нарса эмас, уйда ўтириш, сабр-тоқат билан бир-биримизга оқибатли бўлиш талаб қилинди. Асранганни Худо асрашини ўтган карантин муддатида кўрдик. Энди буёғига ҳам белгиланган талабларга қатъий амал қилсак, тартиб-қоидаларни тўғри тушуниб, онгли равишда ҳаракат қилсак, берилаётган енгилликларни суиистеъмол қилмасак, ҳаммаси яхши бўлади, иншааллоҳ.

Абдунаби АБДИЕВ

 

 

 

Report typo