Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

19.07.2019


ҚАТАРЛИК ҲАМКАСБЛАР ТАЖРИБАСИ

"Ўзбекнефтгаз" акциядорлик жамиятининг Telegram-канали орқали тарқатилган маълумотларга қараганда, GTL заводи учун кадрлар тайёрлаш ўқув дастури доирасида 2019-2020 йилларда ўзбекистонлик 100 нафар мутахассис ишлаб чиқариш қуввати ва технологияси Ўзбекистонда қурилаётган заводникига ўхшаш корхонани ишга тушириш, унга хизмат кўрсатиш ҳамда эксплуатация ишлари билан танишиш имкониятига эга бўлади.

Айни пайтда улардан 25 нафари Қатардаги завод ходимлари билан ҳамкорликда юртимизда қурилаётган корхонани ишга тушириш жараёнида носозликларга йўл қўймаслик ҳамда унинг барқарор фаолият кўрсатиб, узлуксиз маҳсулот ишлаб чиқаришини таъминлаш мақсадида "Oryx GTL" заводи фойдаланишга топширилган вақтда кузатилган нуқсонлар мисолида технологик жараёнда юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни ҳал этишга доир масалаларни ҳам кўриб чиқишмоқда.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Қатарнинг Рас-Лаффан шаҳрида жойлашган "Oryx GTL" заводи "Qatar Petroleum" ва "Sasol" нефть ва газ компанияларига тегишлидир. 2007 йилда "Oryx GTL"нинг суюлтирилган нефть маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми суткасига 34 минг баррелни ташкил этган. Мамлакатимизда қурилаётган GTL заводининг суткалик ишлаб чиқариш қуввати 38 минг баррелга тенг бўлади, бир йилда эса бу улкан корхонада 3,6 миллиард метр куб табиий газ қайта ишланиб, 1,5 миллион тонна юқори сифатли синтетик ёнилғи ишлаб чиқарилади.  

- Қатарлик мутахассислар    Ўзбекистонда қурилаётган GTL заводига катта қизиқиш билдиришмоқда, - дейди "Uzbekistan GTL" компаниясининг мутахассисларидан бири Носир Зокиржонов. - Эътиборлиси, делегациямиз аъзоларининг жуда ёшлиги ҳамкасбларимизни ҳайратда қолдирди. Фаолиятим давомида бундай йирик заводнинг ишга туширилишида иккинчи маротаба иштирок этиш имконига эгаман, илк бор Қорақалпоғистондаги Устюрт газ-кимё мажмуаси фойдаланишга топширилишида қатнашганман. Бу мен ва ҳамкасбларим учун шараф ва катта масъулиятдир. Шунинг учун заводни ишга тушириш ва уни бошқариш жараёнида учраши мумкин бўлган барча нуқсонларни иложи борича кўпроқ ўрганишга ҳаракат қилмоқдамиз.

Бундан ташқари, 2019-2020 йилларга мўлжалланган кадрлар тайёрлаш дастури доирасида компания мутахассислари технологик ускуналар ва технология жараёнларини лицензияловчи хорижий ишлаб чиқарувчиларнинг корхоналарида махсус ўқувларда ҳам иштирок этади. Масалан, "Honeywell UOP Uzbekistan" компанияси Ўзбекистонда қурилаётган GTL заводи учун мутахассислар тайёрлашда ўзининг технологиялар марказини кенгайтирган. GTL  заводида "Honeywell" компаниясининг "Experion Orion" ишлаб чиқаришни бошқариш бўйича энг замонавий автоматлаштирилган тизими ўрнатилар экан, худди шунга ўхшаш бошқарув дастгоҳлари Тошкентдаги технологиялар марказида ўрнатилган бўлиб, ундан завод учун  муҳандислар ва бошқарув тизими кадрларини тайёрлашда фойдаланилмоқда.

Ўз мухбиримиз

Report typo