Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

04.08.2020


Австриядан наслли мол олиб келинади

Яккабоғ туманидаги чорвачиликка ихтисослашган “Каттабоғ ола чашмаси” ва “Чиннур дурдонаси” масъулияти чекланган жамиятларига 264 минг АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилган бўлиб, бунинг ҳисобидан Австриядан наслли моллар келтирилмоқда.

Бу ҳақда туман ҳокимининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш бўйича 2020 йилда эришиладиган натижалар юзасидан туман аҳолисига мурожаатида маълум қилинган.

Қайд этилишича, вилоят ҳокими ташаббуси билан “Туманда бир кун” лойиҳаси доирасида қиймати 90,2 миллиард сўмлик 23 та янги лойиҳа ишга туширилиши белгиланган.

“Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида эса Тўқбой ва Сандал маҳаллалари иссиқхона йўналишига ихтисослаштирилади. 14,5 миллиард сўм маблағ эвазига 830 та хонадонда 21 гектар (2-3 сотихли) иссиқхона ташкил қилинади. Лойиҳа ташаббускорлари аниқланиб, ҳозирда 22 та хонадонда иссиқхоналар барпо этилди.

Саноат корхоналарини қўллаб-қувватлаш ва уларга ишлаб чиқариш фаолиятларини ривожлантириш мақсадида Чойдори маҳалласи ҳудудида 1 гектар майдонда, туман марказида жойлашган қурилиш моллари бозоридаги 1,6 гектар майдонда янги кичик саноат зоналари ташкил этилади.

Туманда шу йилнинг эрта баҳорида иқтисодий самара бермаган 274 гектар боғ ва 4 гектар токзор бузилиб, 151 гектар ерда интенсив боғ ва 150 гектар жойда янги токзор барпо қилинган. Бунинг натижасида 35 киши ишли бўлган. Фойдаланиш (оборот)дан чиққан 582 гектар ернинг мелиоратив ҳолати тикланиб, ишсиз ёшлар ва кам таъминланган оилаларга бўлиб берилган. Улар томонидан ерга дуккакли экинлар уруғи қадалган.

Лойиҳа ва ташаббуслардан бир мақсад кўзланган: аҳоли бандлигини таъминлаш, турмуш фаровонлигини ошириш. Бунга Яккабоғда қай даражада эришилади – ҳаммасини вақт кўрсатади.

Н.ХЎЖАЕВ

Report typo