Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 сентябрь, жума. 2020 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

09.06.2020


АВВАЛИДА КАРНАЙ-СУРНАЙ, ЎХШАМАЙ ҚОЛСА...

Ёхуд қоғозда қолиб кетаётган инвестиция лойиҳалари хусусида

Муаммо, мулоҳаза, муносабат

Президент масъуллар олдига тадбиркорликни ривожлантириш орқали ҳудудларнинг фаровонлигини ошириш, янги иш ўринларини яратиш вазифасини қўймоқда. Бу ишга маҳаллий ишбилармонлар билан бир қаторда, чет эллик йирик сармоядорларни жалб этишга катта эътибор қаратилаётгани ҳам бор гап.

Маҳаллий ҳокимликлар масъуллари, мутахассисларнинг пайдар-пай хорижга бориши, катта-катта "бизнес-холл"ларда турли форумлар ташкил этиб, ҳудуднинг инвестицион жозибадорлигини кўрсатишга ҳаракат қилаётгани, юртимизга келган чет эллик инвесторларнинг карнай-сурнай билан кутиб олинишию, катта мулозамат кўрсатилиб меҳмон қилиниши, эгнига тўн, бошига дўппи кийдириб кузатилиши замирида ҳам шу ерда бирор корхона очсин, иш ўринлари яратсин, деган илинж мужассам.

Аммо бунинг учун энг аввало ҳудуднинг инвестицион жозибадорлигини ошириш, у ердаги зарур муҳандислик-коммуникация тармоқларини талаб даражасига келтириш, меҳмонхона, транспорт, интернет ва шу каби хизмат турларини яхшилаш, ана ундан кейин инвесторга у қизиқаётган ҳудудда қайси соҳаларда фаолиятни йўлга қўйиш, нималар ишлаб чиқариш мумкинлиги, қандай имкониятлар борлиги, керак бўлса, мавжуд   муаммолар ҳақида аниқ маълумотлар тақдим этиш зарур.

Хом-хатала лойиҳалар билан эса мақсадга эришиб бўлмайди. Бизга унақа инвестор келмоқчи, бунақа корхоналар очилади, деган билан бу иш амалга ошмаса, халқнинг, ҳудуднинг фаровонлигида унинг аҳамияти сезилмаса бекор.

Мисол учун, ўтган йилнинг декабрь ойи бошида Қарши шаҳрида ташкил этилган инвестицион анжуманда 2019-2020 йиллар давомида Қашқадарёда 53 та хорижий сармоя иштирокидаги лойиҳа амалга оширилиб, бунга умумий ҳисобда 161,1 миллион доллар миқдоридаги тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш режалаштирилгани, ўтган йилнинг 1 октябрь ҳолатида бу жабҳада 112,2 миллион доллар ҳажмида инвестициялар ўзлаштирилиб, белгиланган ишлар 70 фоизга уддалангани таъкидланган эди.

Аммо бугун кўрмоқдамизки, ўша лойиҳаларнинг ҳаммаси ҳам амалга ошгани йўқ. Баъзилари умуман йўққа чиққан бўлса, айримларининг ишга туширилиш муддати аллақачон ўтиб кетганига қарамай, ҳали на қурилишдан, на зарур технологияларни олиб келишдан дарак бор. Ишлар эса йўғон ичакдек чўзилиб бормоқда.

Масалан, 2019-2020 йиллар давомида Миришкор туманида хорижий сармоя иштирокида 3 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланган эди. Улардан бири "Завқиддин Яҳё" масъулияти чекланган жамият тарзидаги қўшма корхонанинг туман ҳудудида чорвачиликни ривожлантириш ҳамда ковракни қайта ишлаш лойиҳаси бўлиб, у 2019 йилнинг якунига қадар амалга оширилиши белгиланган. Аммо 2020 йилнинг ҳам ярми ўтиб бўлибдики, бу борада ҳеч қандай иш қилингани йўқ. Туман ҳокимлиги мутасаддиларидан сўраб билсак, лойиҳа ташаббускори - афғонистонлик инвестор Абдулкадир Ҳамидий бу ерга бир маротаба келиб, сўнг лойиҳадан воз кечиб кетган экан.

- Инвесторнинг асосий мақсади туманимизда коврак етиштириб, уни қайта ишлаш эди, - дейишди мутасаддилар. - Аммо бизнинг тупроқ, иқлим шароитида коврак етиштириш Деҳқонобод туманидагидек самара бермас экан. Инвестор томонидан лойиҳани амалга оширишдан бош тортилиши сабаби шу.

Хўш, муаммонинг асоси шунда ҳам дейлик. Бунинг учун ким айбдор? Самарасиз лойиҳадан воз кечган сармоядорми ёки аввалдан бу ерда коврак етиштириш осон иш эмаслиги ҳақида аниқ маълумотга эга бўлмай туриб айюҳаннос солган мутасаддиларми?

Ёки бошқа бир мисол. Америка Қўшма Штатларининг "Asian Pharmaceutical industrial group"  компанияси томонидан таъсис этилган "Mirishkor iodine" МЧЖ шаклидаги қўшма корхонаси туманда йод-бром ишлаб чиқаришни мақсад қилганди.

Тақдим этилган лойиҳанинг салмоғи унча-мунча эмас. Хорижий сармоядор 19,728 миллион доллар инвестиция киритиб, туманнинг Помуқ қишлоғи ҳудудида йилига 257 тонна йод, 3248 тонна бром ишлаб чиқариш имконини берадиган замонавий корхона бунёд этмоқчи. Бундан ташқари, шу ернинг ўзида замонавий клиника, сайёҳлик маркази, вахтали шаҳарча ҳамда техник хизмат кўрсатиш мажмуаси қуришни мақсад қилган. Бунинг ортидан камида 262 нафар йигит-қиз ишли бўлади.

Аммо... Айни вақтда буларнинг барчаси фақат қоғоздаги гаплар. Инвестор лойиҳани ўтган йилнинг декабридаёқ якунлаши керак эди. Бироқ ҳалига қадар у туманга бир сўм ҳам инвестиция киритгани йўқ.

- Тўғри, лойиҳа 2019 йилда амалга оширилиши белгиланганди, лекин давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси  томонидан йод қазиб олиш қудуқлари координаталари шу пайтгача аниқлаб берилмади, - дейди туман ҳокимлигининг инвестиция ва ташқи савдо бўлими етакчи мутахассиси Миржалол   Рашидов. - Биз бу муаммони Бош вазирга киритганимиздан сўнг қудуқ  координаталари ва рухсатномалари берилди. Ҳозирги кунда қўшма корхона асосчиси Роман Павлович билан ҳар куни гаплашиб турибмиз. У пандемия тугаши билан юртимизга келиб, лойиҳани бошлайди.

Умид қиламизки, инвестор ҳақиқатан ҳам пандемиядан сўнг лойиҳани амалга оширади ва туман иқтисодиёти, ижтимоий ҳаётида   муҳим ўринга эга бўлган корхона ишга тушади.

Шу кеча-кундузда туманда хорижий сармоя иштирокида амалга оширилаётган ягона йирик лойиҳа эса Туркиянинг "Asia silkroad tarim urunleri ticaret limited sirketi" компанияси томонидан таъсис этилган "Ғузор текстиль импекс" масъулияти чекланган жамиятининг ип-калава ишлаб чиқариш лойиҳаси бўлиб турибди.

Корхона лойиҳани 2022 йил сўнгига қадар амалга ошириши керак. Ташаббускор йил бошидан ишга киришиб, бирламчи биноларни қурган, корхона пойдеворини бошлаган, аммо айни пайтда дунёда ҳукм сураётган эпидемиологик вазият туфайли инвесторлар ишни тўхтатиб туришган экан.

Қашқадарёда "осилиб ётган" инвестиция  лойиҳалари фақат шулар эмас. Бундайлари яна ўнлаб топилади. Лекин бирор мутасадди улар тақдири ҳақида, ҳолати юзасидан изоҳ бераётгани йўқ. Яна  ўша услуб: аввалида карнай-сурнай, ўхшамай қолса, пилдир-пис... Ахир қуруқ  қоғозга тиркалган лойиҳаю иш ўринлари, жозибадор бизнес-режаю "йўл хариталари" билан фаровон турмуш у ёқда турсин, ХАЛҚни боқиб бўлмайди.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

Report typo