Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

28.09.2021


АЗАЛИЙ ВА АБАДИЙ ДЎСТЛИК ТАРАННУМИ

Ўзбек ва Туркман халқлари азалдан яқин қўшничилик алоқаларини мустаҳкам тутиб, ўзаро ҳурмат руҳида ёнма-ён ҳаёт кечириб келган. Бугунги Ўзбекистон ҳудудида минглаб этник туркманлар бошқа миллат вакиллари билан аҳил-иноқликда яшаса, Туркманистонда ҳам маҳаллий ўзбеклар бор. Қони бир, тили ўхшаш, қадриятлари уйғун, тақдири бир-бирига туташ халқлар ўтмишнинг оғир синовларини биргаликда енгиб ўтган, ўзаро елкадош бўлиб, қувончу ташвишларга бирга юзланган.   

Айниқса, икки давлат ҳам мустақилликка эришгач, дўстлик ришталари янада мустаҳкамланди. Сиёсий, савдо-иқтисодий алоқалар, ўзаро борди-келдилар бир зум тўхтаб қолган эмас. Қуда-андачилик анъаналари давом этаяпти. 

Куни кеча вилоятимизнинг Миришкор туманида жойлашган, аҳолисининг катта қисмини туркман миллатига мансуб Помуқ шаҳарчасида ўтган турли миллат вакиллари иштирокидаги "Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!" шиори остидаги фестивалда ҳам юқоридаги фикрлар яққол ифодасини топди. Унда Туркманистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Язгули Мамедов ҳозир бўлиб, хурсандчиликларга шерик бўлди.

Юксак мартабали меҳмонни вилоят ҳокими Зойир Мирзаев тантанали кутиб олди. Помуқ шаҳарчасида амалга оширилган қурилиш-бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари, ҳудуднинг ўзига хослиги билан таништирди. Президент бошчилигида халқни рози қилишга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар юртнинг ана шундай чекка-чекка аҳоли пунктларигача етиб келганини мамнуният билан таъкидлаб, келгусидаги режалар ҳақида сўзлаб берди.

Помуқ шаҳарчаси яқинидаги яқиндагина қайтадан чирой очган яшил хиёбон. Ҳар томон байрамона безатилган,  Қашқадарё туманлари, турли миллат вакиллари томонидан фестеваль доирасида тайёрланган кўргазмалар ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Бир ёнда миллий кураш мусобақалари авжига чиққан, ён-атрофни Марказий Осиё халқларининг миллий таомлари иси тутган, яна бир ёнда фольклор дасталари байрамни қизитиб ётибди. Марказий саҳнада катта концерт дастури намойиш этилмоқда, ҳамма кўтаринки кайфиятда.    

Язгули Мамедов ҳудуднинг ўзига хос ҳунармандчилик маҳсулотлари намуналари билан танишди, этник туркманлар вакиллари билан суҳбатлашиб, улар томонидан тайёрланган миллий таом - ишликидан татиб кўрди ва миллатга хос қадриятларни асраб-авайлаб келаётган помуқликларга ташаккур айтди.

Элчи шаҳарчадаги капитал реконструкциядан сўнг замонавий қиёфа касб этган Помуқ маданият маркази очилиш маросимида ҳам қатнашди ва унда яратилган шарт-шароитлар билан танишди.

Ушбу муассаса биноси дастлаб 1984 йилда фойдаланишга топширилган. Узоқ йиллик фойдаланишдан сўнг таъмирталаб аҳволга келиб қолганди. Бу ерда амалга оширилган кенг қамровли қурилиш-таъмирлаш ишларидан кейин энди у барча замонавий қулайликларга эга бўлди, унда йўналиш бўйича яна тўлақонли  фаолият давом эттирила бошлади. Муҳташам кўргазмалар, хореография ва концерт заллари ҳамда турли тиллардаги адабиётлар жамланган ахборот-ресур маркази, ўқув хоналари, тугараклар помуқликлар ихтиёрида.

Тантанали тадбирда Президент маслаҳатчиси Турсинхон Худойбергенов иштирок этди. 

Туркманистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Язгули Мамедов Қашқадарёга сафари давомида Қарши туманидаги Абул Муъийн ан-Насафий мажмуасини ҳам зиёрат қилди. Бу ерда мартабали меҳмонга улуғ аллома ҳаёти ва фаолияти, у қолдирган улкан маънавий мерос ва унинг аҳамияти ҳақида батафсил сўзлаб берилди.

Шунингдек, элчи Қарши шаҳрида  фаолият юритаётган кичик бизнес субъектлари ва саноат корхоналарида бўлди. Улардаги ишлаб чиқариш жараёнлари, маҳсулотлар билан танишди.

Шунинг билан Туркманистон Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси    Язгули Мамедовнинг Қашқадарёга сафари якунланди.

  Ўз мухбиримиз

 

Report typo