Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шониёз ҚУРБОНОВ

29.12.2016


БАЙРАМ КУНЛАРИ ТЎҒРИ ОВҚАТЛАНИНГ!

 

Шодиёна кунлари дастурхонда биз севиб истеъмол қиладиган таомлар одатдагидан кўп миқдорда бўлиши билан бирга аксар ҳолларда юқори калорияга эгадир. Кузатишларимизга қараганда, мутлақ кўпчилик кишилар байрам кечаси меъёрдан анча-мунча кўп овқатланади. Бу ҳазм аъзолари учун қўшимча юкламадир. Натижада улар бундай шароитда бир маромда ишламайди, ошқозон-ичакларнинг ҳаракат, секретор ва сўриш функциялари маълум миқдорда меъёрдан четга чиқади. Мазкур ҳол, ўз навбатида, киши оромининг бузилиши, юрак уриши ва нафас олишнинг тезлашиши, қон босимининг юқори бўлишига ўхшаш ҳолатларга олиб келади. Бу каби кўнгилсизликка йўл қўймаслик учун айрим қоидаларга амал қилиш фойдадан холи бўлмайди.

Биринчидан, байрам дастурхони атрофига қорнингиз оч ҳолда келасолиб ўтирманг. Акс ҳолда мазали таомлардан ортиқча еб қўясиз, шу билан соғлом овқатланишнинг биринчи қоидасини бузган бўласиз. Юқори калорияли тансиқ таомлар (қази, сергўшт ва бедана тухумли палов, қўй думбали сомса ва манти, кабоб, норин, чўпон кабоб ва бошқалар) одатдаги овқатланиш тартибига ўрганиб қолган ҳазм аъзоларини зўриқтиради. Натижада ошқозон-ичак тизимида уларни ҳазм қилиш анча мураккаб ва оғир кечади. Шунинг учун улардан бирортасини фақат яхши очлик ҳисси уйғонганида жуда тўйиб кетмайдиган даражада истеъмол қилиш керак. Ҳазм аъзолари фаолиятини қийнаб қўймаслик учун байрам бошланишидан бир, икки кун олдин енгил овқатлар (масалан, сабзавотли суюқ овқатлар) истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ. Лекин айрим кишилар байрам кунлари яхши еб-ичаман, деб маълум вақт оч юради. Бу нотўғри. Шунингдек, байрам арафасида алкоголли ичимликлардан ҳам тийилиш керак.

Иккинчидан, юқорида айтилган калорияга бой таомлар кўкатлар (шивит, петрушка, кинза, кўк пиёз ва бошқалар) билан қўшиб ейилса, уларнинг ҳазм бўлиши енгиллашади. Чунки кўкатлар, энг аввало, меъда ва ичакларда ҳазм шираларининг етарли  миқдорда ажралишини таъминлайди.

Учинчидан, асосий овқатлар (иссиқ таомлар)ни тановул қилишга ўтишдан олдин мева-чева, сабзавотлардан тайёрланган салатлар ва суюқликлардан (сув, чой ва бошқалар) еб-ичиб олиш нафсни бир қадар “жиловлаш”га кўмак беради. 20-25 дақиқадан кейин улар ошқозонни “супуриб” ичакларга ўтиб кетади ва шу йўл билан бўлажак ҳазм жараёнига яхшигина      тайёргарлик кўрилади.

Тўртинчидан, одатдаги кунларда кечки     овқат соат 18-19 ларда истеъмол қилинган бўлса, айрим байрамларда, масалан, Янги йил оқшомида таом ейиш, ичимликлар истеъмол қилиш, хурсандчилик, томошалар соат              23-24 ларгача, баъзан тонг отгунча давом этади. Маълумки, бундай пайтда иштаҳа бўлмаса-да, овқат устига овқат тортилаверади, кўп миқдорда  ейилаверади. Шуни билингки, иштаҳа йўқлиги ошқозон-ичакларда янги порция     овқат учун керакли миқдорда ҳазм ширалари ажралмаганини билдиради. Бу ҳол қўшимча истеъмол қилинган таомнинг ҳазм бўлишини ёмонлаштиради. Бунда фаол ҳаракат билан шуғулланиш, бир жойда кўп ўтириб қолмаслик маъқулдир. Мисол учун, соат 19-20 ларда овқатлангандан кейин рақсга тушиш, болалар билан арча атрофида турли ўйинлар қилиш, иссиқ кийиниб кўчада пиёда сайр қилиш ва шунга ўхшаш жисмоний ҳаракатлар ҳазм аъзолари фаолияти учун анча қўл келади. Танада ошиқча вазн юзага келишини бартараф қилишда жисмоний ҳаракат  (юриш, сузиш, машқлар бажариш ва бошқалар) энг муҳим аҳамиятга эга.

Бешинчидан, таомларни истеъмол қилишда уларнинг ҳазм бўлишдаги ўзига хос хусусиятларига кўра кетма-кетлик қоидасига риоя қилиш керак. Масалан, даставвал салат, сабзавотлар, кейин бироз нон, қисман ёғли таомлар ва энг охирида гўштли овқатлар истеъмол қилиш тавсия қилинади.

Олтинчидан, иссиқ овқатлар          еб олинганидан кейингина  20-25 дақиқа ўтказиб мева-чева, ширинлик, музқаймоқ сингари халқ тилидаги “ҳазм таомлари”дан жуда оз миқдорда  истеъмол қилиш мумкин. Иложи бўлса, улардан умуман воз кечиш ошқозон-ичаклардаги физиологик жараёнлар меъёрида бўлишига замин ҳозирлайди.

Еттинчидан, байрам кунлари ташкил этиладиган зиёфатларда спиртли ичимликлар устидан газли минерал сув истеъмол қилинса, мастлик тез юзага келади, шунингдек, ҳазм аъзоларига катта юклама тушади. Таомлар орасида кўк чой ёки газсиз минерал сув ичиб туриш уларнинг яхши ҳазм бўлишига ёрдам қилади.

Саккизинчидан,  овқатдан тўйгандан кейин ётиб олиш, ухлаш кони зарар. Бундай пайтлари аралаш-қуралаш овқатлар тегишли ферментлар таъсирида етарли парчаланишга улгурмай, баъзан зарарли моддалар ҳосил бўлишига ва оқибатда заҳарланишга олиб келиши эҳтимолдан узоқ эмас. Бунга асло йўл қўймаслик керак. Шунинг учун охирги овқатланишдан кейин камида бир соат давомида ётмасдан пиёда юриб сайр қилиш, турли хил ҳаракатлар, масалан ҳар хил ўйинлар билан машғул бўлиб туриш саломатлик учун кони фойдадир.

Тўққизинчидан,  байрам базмида мўл-кўл ва хилма-хил таомларни ўзаро мутаносиб ва   номутаносиблигига қараб истеъмол қилиш лозим, акс ҳолда овқатланишдан киши роҳатланмай, азобда қолади. Масалан, гўшт билан балиқ, ширинлик ёки тухум билан қаймоқли ҳамда сутли таом ва ҳоказолар қўшиб ейилганида, уларни парчаловчи ферментларнинг ҳар хиллиги боис бир-бирининг ишига халақит қилади ва ҳатто айримларининг бутунлай   фаолсизланишига ҳам олиб келиши мумкин. Натижада ейилган таомлар мажмуаси узоқ вақт ошқозон-ичак йўлида сақланиб қолади, кишини безовта қилади. Баъзан бунинг тескариси, яъни ич кетиш ҳолатлари ҳам кузатилиб, ўзига хос нохушликлар юз беради. Бу ҳақда буюк аллома Абу Али ибн Сино “Унинг миқдори қуввати яхши бўлган кишиларда еганда оғир бўлмайдиган, қовурға бошларини чўзмайдиган, қоринни кўпчитмайдиган ва қулдиратмайдиган,  (меъда тепасига) сузиб чиқмайдиган, кўнгил айнитмайдиган даражада бўлиши ва бир муддатдан кейин кекирганда овқатнинг мазаси келмайдиган миқдорда бўлиши керак. Узоқ муддатдан кейин кекиришда овқатнинг мазаси келиши энг ёмон ҳолдир”, деган эди.

Ўнинчидан, байрам кечасидан қолган    таомларни  эртаси куни истеъмол қилмаган маъқул. Сабаби, бундай овқатлар аввал оқшом пиширилиб узоқ вақт хона ҳароратида дастурхонда қолиб совийди ва шу боис кўпгина касаллик уйғотувчи микроб ва бактериялар маконига айланади. Улар ўзларидан токсин чиқариб тургани боис кўп ҳолларда заҳарланишга олиб келади. Бу нарса, айниқса, ёш болалар ва кексалар учун кони зарардир.

Шундай қилиб, юқорида айтиб ўтилган тавсияларга амал қилиш байрамнинг кўнгилдагидек, хушчақчақ ва фойдали ўтишида муҳим аҳамият касб этади.

Шониёз ҚУРБОНОВ, биология фанлари доктори, профессор

Report typo