Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.ЖОНИМОВ

22.02.2017


БАНДЛИК: КОЛЛЕЖ БИТИРУВЧИСИ ҚАНДАЙ ИМТИЁЗЛАРГА ЭГА?

Аввало, тижорат банкларининг имтиёзли кредитлари ҳақида тўхталиб ўтсак. Бундай кредитлар ажратилиши кўплаб битирувчиларнинг ўз бизнесини бошлаб олиши учун қўл келди. Биргина ўтган 2014/2015-ўқув йилида коллежларни тамомлаган ёшлардан 981 нафар битирувчига 15 миллиард сўмдан ортиқ имтиёзли кредитлар берилганди. Натижада 1102 нафар битирувчининг бандлиги таъминланди ва улар турли йўналишларда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқда.

- Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг жорий йил 16 январдаги қарори билан “Тижорат банклари томонидан касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига микрокредитлар бериш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди, - дейди Марказий банк вилоят бошқармаси кредит бўлими бошлиғи Бекзод Мўминов. - Низомга кўра, бу микрокредитлар касб-ҳунар коллежларини тамомлаганига 3 йилдан ошмаган битирувчиларга тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун берилади. Тўғри, илгари ҳам коллежни битирган ўқувчиларга 3 йил ичида кредит ажратилиши кўзда тутилган. Аммо бу меъёрий ҳужжат асосида белгилаб қўйилмаганди. Натижада тижорат банклари кредит ажратилаётган пайтда асосан ўша йилда коллежни тамомлаган ёшларга кўпроқ эътибор қаратарди. Энди битирувчи коллежни тамомлаганидан бошлаб уч йил ичида ўз бизнес-ғоясини амалга ошириш учун имтиёзли кредит олиш ҳуқуқига эга.

Мазкур низом билан микрокредитлар миқдори ҳам белгиланди. Энди битирувчилар юридик шахс ташкил этмаган ҳолда амалдаги энг кам ойлик иш ҳақи миқдорининг 200 бараваригача, юридик шахс ташкил этган ҳолда эса энг кам ойлик иш ҳақи миқдорининг 300 бараваригача суммада муайян бизнес-режани молиялаштиришга қаратилган кредит олишлари мумкин.

Бу орқали тижорат банклари томонидан ажратиладиган маблағ билан бирмунча кўпроқ битирувчини қамраб олиш имкони туғилди. Аввалги йиллари кредит миқдори чегараланмаган эди. Натижада коллежни битирган укаси, синглиси ёки фарзандига берилган имтиёздан фойдаланиб, унинг номига жуда катта миқдорда кредит олганлар ҳам учради. Ваҳоланки, улар олган кредит билан 5-6 нафар битирувчининг бизнес-режаси ҳаётга татбиқ этилиши мумкин эди.

Вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бўлим бошлиғи Шерзод Жовлиевнинг маълум қилишича, шаҳар ва туманлардаги “Ягона дарча” марказлари томонидан касб-ҳунар коллежларининг битирувчи босқич ўқувчилари ўртасида ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, айни пайтгача 1721 нафар ўқувчи тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган ва энди уларни микрокредитлар билан тўла таъминлаш имкони мавжуд. Чунки жорий йилнинг охирига қадар тижорат банклари томонидан коллеж битирувчилари учун 20,5 миллиард сўмдан ортиқ имтиёзли кредит ажратилиши кўзда тутилган.

-Қарши иқтисодиёт коллежида қарийб 3 йил давомида таҳсил олиб, бизнес юритиш сирларини анчагина ўзлаштирдим, - дейди коллежнинг 3-босқич ўқувчиси Бекзод Маманазаров. – Энди таълим муассасасини битиргандан сўнг ўз бизнесимни бошлашни ният қилиб турибман. Насиб қилса, банкдан 45 миллион сўм кредит олиб, хорижий ускуналар харид қиламан ҳамда нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчиман.

Айтиш керакки, коллеж битирувчилари учун ажратиладиган микрокредитнинг фоиз ставкаси миқдори Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси даражасидан юқори бўлмаган миқдорда белгиланади. Агар кредит банкнинг имтиёзли кредитлаш жамғармаси ҳисобидан ажратилган тақдирда фоиз ставкаси Марказий банк қайта молиялаш ставкасининг 50 фоизи миқдорида бўлади. Хўш, бу кредитни кимлар олиши мумкин?

- Имтиёзли кредитлаш жамғармаси ҳисобидан вилоятимизнинг Чироқчи, Деҳқонобод, Касби ва Китоб туманларида фаолият юритиши мўлжалланган ёш тадбиркорларга микрокредит ажратилиши кўзда тутилган, - дейди Бекзод Мўминов. – Чунки мазкур ҳудудларда меҳнат ресурси кўпроқ ва ундан унумли фойдаланиш бўйича самарали бизнес-ғояни илгари сурган коллеж битирувчиси имтиёзга эга бўлади.

Микрокредитлар бўйича фоиз ставкаси миқдори Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси ўзгаришига қараб ўзгариши мумкин.

Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси оширилган тақдирда шартномада кўрсатилган фоиз ставкаси ўзгаришсиз қолдирилади.

Имтиёзли давр ўрнатилган ҳолда берилган микрокредит бўйича асосий қарзни тўлаш имтиёзли давр тугагандан кейинги ойдан бошланади. Имтиёзли даврда микрокредит бўйича фақат фоизлар ҳисобланади ва тўланади. Масалан, коллеж битирувчиси чорвачилик хўжалиги ташкил этиш ниятида банкдан микрокредит олди. Бунда дастлабки 6 ой имтиёзли давр ҳисобланади ва битирувчи бу даврда фақат кредитнинг фоизини тўлайди. Асосий қарзни эса еттинчи ойдан қайтаришни бошлайди.

Бундан ташқари, бир қатор ташкилотлар ҳам тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўймоқчи бўлган битирувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида турли чора-тадбирлар ишлаб чиқиб, амалга оширмоқда. Мисол учун, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг “Менинг бизнес-ғоям” ҳамда “Ёш тадбиркор – элга мададкор” танловлари шулар жумласидандир.

Жорий йилнинг март ойида ўтказилган “Менинг бизнес-ғоям” танловининг туман (шаҳар) босқичида ҳар бир шаҳар ва тумандан 10 нафардан битирувчининг бизнес-ғояси энг яхши деб топилди ва улар имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини қўлга киритди. Яқинда улар бизнес юритиш бўйича тренингларда иштирок этдилар ва 10 нафари кўрик-танловнинг республика босқичида қатнашадиган бўлди. Улардан қай бири якуний   босқичда ҳам ғолибликка сазовор бўлса, оладиган кредити учун ҳисобланадиган фоизнинг тенг ярмини тўлаб беришни “Камолот” ЁИҲ ўз зиммасига олади.

“Ёш тадбиркор – элга мададкор” танловининг республика босқичида ғолиб бўлганлар эса фоизсиз кредит олиш ҳуқуқини қўлга киритадилар. Чунки ғолиб битирувчи оладиган кредит фоизини “Камолот” ЁИҲ қоплаб беради.

Таъкидлаш керакки, коллеж битирувчилари тадбиркорлик қилишни исташса, уларга бир қатор солиқ енгилликлари ҳам белгиланган.

- Масалан, - дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси бош мутахассиси Фирдавсий Жабборов, - Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси 375-моддасига киритилган ўзгартиришларга кўра, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари коллежни тамомлагандан кейин ўн икки ой ичида якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган тақдирда, якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган санадан эътиборан қатъий белгиланган солиқни тўлашдан олти ой муддатга озод этилади. Бу уларга бозорни ўрганиши ва рақобатга мослашиб олиши учун қулайликлар туғдиради.

Бу имтиёзни қўллаш учун, табиийки, коллеж битирувчисига берилган диплом асос бўлади. Шунинг учун имтиёздан фойдаланиш мақсадида у тегишли солиқ органига дипломнинг нусхасини илова қилган ҳолда ариза билан мурожаат қилиши мақсадга мувофиқдир.

Коллежни битирган укаси, синглиси ёки фарзандининг номига ЯТТ очиб, кейин ҳеч қанча вақт ўтмасидан тугатиб юборилишининг олдини олиш мақсадида кодекснинг бу моддаси “Якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтилган пайтдан бошлаб ўн икки ой ичида фаолият тугатилган тақдирда, қатъий белгиланган солиқ фаолият амалга оширилган бутун давр учун тўланади”, деган қоида билан тўлдирилган.

Шунингдек, Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, якка тартибдаги тадбиркорлар касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга ёллаган ҳолда коллежни битиргандан бошлаб 12 ой мобайнида ёлланма ишчилар учун белгиланган солиқдан озод қилинади. Демак, ЯТТ очган битирувчи ҳам ўз тенгқурларини ишга қабул қилса, у 12 ой мобайнида ёлланма ишчилар учун белгиланган солиқдан озод қилинади.

Бу каби имтиёз ва қулайликлар коллежни битириб, катта ҳаётга қадам қўяётган ёшлар бизнесга дадил кириб бориши учун айни муддаодир.

Б.ЖОНИМОВ

Report typo