Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

06.12.2018


БАРАКАНИ ҚОЧИРИБ, ЎЗАРО ИШОНЧГА ПУТУР ЕТКАЗАДИГАН ИЛЛАТЛАР

Ғийбат - бирор киши йўқлигида унинг ахлоқи, кўриниши, моддий ва маънавий жиҳати ҳақида гапириш. У нафақат сўз билан, балки ёзув, имо-ишора ва тақлид каби ҳаракатлар билан ҳам ифодаланади.

Бир киши пайғамбардан сўради: "Ғийбат нима?" Пайғамбар (с.а.в.): "Бир кишини эшитса, хафа бўладиган гаплар билан гапиришинг ғийбат бўлади", дедилар. У киши яна сўради: "Айтилган гаплар ўша инсонда бўлса-чи?" Пайғамбаримиз (с.а.в.): "Агар айтилган нарса ўша одамда бўлса, ғийбат қилган бўласан, бўлмаса эса туҳмат қилган бўласан", дедилар.

Ислом динида ҳеч бир гуноҳга ғийбатдан ёмонроқ таъриф берилмаган. Ғийбатчилар ўлаксахўрларга тенглаштирилади.

Ривоят қилишларича, пайғамбар (с.а.в.) одамлар олдидан ўтиб кетаётган икки кишини тўхтатиб, ерга тупурмоқни буюрдилар. Улар ерга тупуришган эди, тупуклари қип-қизил қон бўлиб тушди. Пайғамбар (с.а.в.) атрофдагиларга ибрат бўлиши учун шундай дедилар: "Бу икки кишининг тупуги қон бўлиш сабаби уларнинг ғийбат қилганликларидандир. Билингларки, кимки ғийбат қилса, ўлганнинг гўштини еган билан баробардир".

Агар ғийбат қилинган одам ғийбат қилинганлигини эшитса, унга сабр қилса, у катта ажрни қўлга киритади. Биров ғийбат ёки туҳмат қилиш билан ўша ғийбат ва туҳмат қилинган одамнинг гуноҳини олади. Буни қуйидаги ривоятдан кўриш мумкин.

Бир куни пайғамбар (с.а.в.)га одамлар: "Сизга туҳмат ва ғийбат қиладиган фалон киши вафот этди", деб хабар беришди. Шунда пайғамбар (с.а.в.) хафа бўлиб, бошларини қимирлатиб қўйдилар. Одамлар эса: "Сизни ғийбат қиладиган одам ўлди, деб хабар берсак, сиз хафа бўлдингиз, бунинг боиси нима?", деб сўрашади. Шунда пайғамбар (с.а.в.): "У одам мени ғийбат қилиб, эвазига менинг гуноҳимни олар эди, энди у ўлган бўлса, гуноҳимни ким олади?", деган эканлар.

Донишмандлар ғийбат қилган киши қилмиши учун икки ишни қилса, кечирилишини таъкидлашади. Булар: ғийбат қилганига афсусланиб, Аллоҳ таолога тавба қилиш ва ғийбат қилган кишини учратиб, ундан ғийбати учун кечирим сўрашдир.

Ислом динида чақимчилик ҳам гуноҳ ҳисобланади. "Қуръони карим"да: "Барча (кишиларга дилозорлик қилиб, чақимчилик билан уларнинг обрўларини тўкиб юрадиган) бўҳтон-ғийбатчига ҳалокат бўлгай", дейилади.

Чақимчилар бор жойдан барака кўтарилади, улар бор бўлган пайтда дуолар ҳам қабул бўлмайди. Ривоят қилишларича, қадим замонда бир шаҳарда кўп йиллар ёмғир ёғмайди. Йиллар қурғоқчил келади. Халқ Мусо (а.с.) дан дуо қилиб худодан ёмғир сўраб беришни илтимос қилишади. Мусо (а.с.) халқни уч кун шаҳардан ташқарига олиб чиқиб, дуо қилади. Аммо бу дуолар ижобат бўлмайди. Шунда Мусо (а.с.) Аллоҳ таолога мурожаат қилиб: "Эй Аллоҳ, мен сенга ишониб, уч кун халқни шаҳардан ташқарига олиб чиқиб дуо қилдим. Нега дуоларимизни қабул қилмадинг?", деб сўрайди. Аллоҳ таоло: "Эй Мусо, мен орасида чақимчи бор бўлган одамларнинг дуосини қабул қилмайман. Сенга эргашганлар орасида чақимчи бор", дейди. Мусо (а.с.) Худодан ўша чақимчини ким эканлигини айтишни сўрабди. Аллоҳ таоло эса: "Эй Мусо, сенга чақимчиликни қоралаб туриб, ўзим чақимчилик қилайми?", деган экан.

Ўз даврида ҳазрати Алишер Навоий ҳам чақимчилик омонатга хиёнат эканлигини айтади. Хусусан, "Арбаин" асарида қуйидагича баён қилинган:

Қайси мажлисдаким эшитсанг сўз,                                                                  

Билгилки ул сўз санга амонатдур,

Гар ани ўзга ерда нақл қилсанг,

Ул амонатга бу хиёнатдур.

Инсонларни чақимчилик қилишга ундайдиган салбий сабаблар кўп.

Айрим кишилар ўзга кишиларга яхши кўриниш, улар олдида ўз мартабаларини кўтариш учун чақимчилик қиладилар. Айрим кишилар одамлар орасидаги иноқликни, ҳамжиҳатликни, аҳилликни, меҳр-муҳаббатни йўққа чиқариш учун бу гуноҳга қўл урадилар. Баъзилар эса бировларнинг бахти, ютуғига ҳасад қилганликларидан, кўролмасликлари  туфайли улар ҳақида чақимчилик қиладилар. Яна бошқалар ўзгаларнинг устидан кулиш, уларни мазах қилиш ниятида бу жирканч ишни ўзларига раво кўришади. 

Ривоят қилишларича, бир киши Ҳасан Басрий ҳазратларининг олдига келиб: "Фалончи сенинг ҳақингда фалондай-пистондай номақбул гапларни гапирди", деди.

- Қачон?

- Бугун.

- Қаерда?      

- Уйида.

- Унинг уйида нима қилаётган эдинг?

- Зиёфатга борувдим.

- Зиёфатда нима единг?

Ҳалиги киши саккиз хил таомнинг номини санади. Шунда Ҳасан Басрий (р.а): "Ўша одамнинг саккиз хил овқати қорнингга сиғибди, уни ҳазм қилаяпсан, аммо бир оғиз сўзи сиғмадими? Уни менга сотаяпсан, тур, кет бу ердан!" дедилар.

Ғийбат ва чақимчилик  одамлар орасида ўзаро ишонч, ҳурмат ва меҳр-оқибатга путур етказади. Шу сабабли бу иллатлардан қанча узоқ бўлсак, икки дунё саодатига шунчалик яқинлашамиз.

Манбалар асосида Руҳиддин АКБАРОВ тайёрлади.

Report typo