Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
18 апрел, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Алибек ҚОДИРОВ

25.10.2019


БАРТАРАФ ЭТИБ БЎЛМАС ЗИДДИЯТЛАР ТАДБИРКОР ФОЙДАСИГА ҲАЛ ЭТИЛАДИ

 

Қонун устуворлиги

Тадбиркорлар учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, бу борадаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш, ҳар бир оила, ҳар қайси ҳудудда фуқароларнинг бизнес юритишга бўлган интилишини қўллаб-қувватлаш, таъбир жоиз бўлса, шундай кайфиятни шакллантириш, хорижий сармоядорларни жалб этиш йўлида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар натижаси ўлароқ, мамлакатимизнинг тадбиркорлик соҳасида халқаро миқёсда, дунё жамоатчилиги олдида нуфузи ошиб бормоқда.

Бошқача айтганда, бугун тадбиркорларнинг қонуний манфаатлари устуворлигини таъминлаш, уларнинг эркин фаолият кўрсатиши учун ҳар томонлама имконият яратиш, тадбиркорлар билан сайёр учрашувларни мунтазам ўтказиб бориш орқали муаммоларини жойида бартараф этиш суд идоралари, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятининг асосий йўналишларидан бирига айланди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жорий йилнинг 3 августида чиқарилган "Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг мулк ҳуқуқи кафолатланишини сўзсиз таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармойиш бу борада янгича тартиб-таомилларни белгилаб берди.

Шу маънода, иқтисодий судлар томонидан ҳам тадбиркорларнинг давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, шунингдек, банклар билан ўзаро муносабатларида юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар тадбиркорлик фаолияти субъектларининг фойдасига талқин этилиши таъминланаётир.

Маълумки, бугунги кунда иқтисодий судларда кўрилаётган низоларнинг аксарият қисмини давлат солиқ хизмати органлари томонидан бериладиган даъво ишлари ташкил қилмоқда.

Ўз навбатида давлат солиқ хизмат органлари томонидан солиқ қарздорлигини ундириш билан боғлиқ тақдим этилаётган даъво аризаларининг барчасини ҳам бирдек асосли, сифатли, аниқ ҳисоб-китоблар билан қонун ҳужжатларини тўғри қўллаган ҳолда берилаяпти, деб айта олмаймиз.

Масалан, Қашқадарё вилояти туманлараро (туман) иқтисодий судлари томонидан давлат солиқ хизмати органларининг 4 мингдан ортиқ даъво ишлари кўриб чиқилиб, 483 миллиард сўмдан ортиқ пул маблағлари давлат бюджетига ундирилган бўлса, 238 та даъво талабини қаноатлантириш рад этилди, 51 та даъво аризаси кўрмасдан қолдирилди, 17 таси бўйича иш юритиш тугатилди.

Гап солиқ идоралари томонидан тадбиркорлардан қарздорликни ундириш бўйича берилаётган аризалар ҳақида бораркан, бу борада даъво аризаларини иш юритишга қабул қилиш олдидан ўрганиш ва низоларни кўриш давомида даъво талабларининг ҳуқуқий жиҳатдан лозим даражада асослантирилмагани аниқланмоқда.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 5-моддасига мувофиқ, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари солиқ солишнинг мажбурийлиги, аниқлиги, адолатлилиги, солиқ тизимининг ягоналиги, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ошкоралиги ва солиқ тўловчининг ҳақлиги презумпцияси принципларига асосланади.

Шунга кўра, камерал назорат натижасида тадбиркорлардан солиқ қарздорлигини ундириш ҳақидаги даъво аризаларини суд муҳокамасида кўриш мобайнида айрим ҳолларда камерал назорат натижаси нотўғри қўлланилганлиги сабабли солиқ тўловчининг ҳақлиги презумпцияси тадбиркорлар томонидан исботлаб берилмоқда.

Кези келганда шуни ҳам айтиш жоизки, айни пайтда давлат солиқ хизмати органлари ва тадбиркорлар иштирокида кўриб чиқилаётган даъволар ичида камерал назорат таҳлили билан боғлиқ ишлар айрим ҳолларда ўзига хос баҳс-мунозараларга, баъзан эса тадбиркорларнинг ҳақли эътирозига ҳам сабаб бўлаётгани сабабли ишнинг барча ҳолатларини ҳар томонлама, тўлиқ ўрганиш, тўпланган далилларни ишончлилик нуқтаи назаридан қадамма-қадам, чуқур текшириб, баҳо бериш  талаб этилмоқда.

Нега деганда, айнан шундай тоифадаги низоларни кўриш давомида қатор ишларда тадбиркорларнинг ҳақиқатан ҳам ҳақлиги, даъво нотўғри киритилгани аниқланаяпти.

Мисол учун, даъвогар Қарши тумани давлат солиқ инспекциясининг якка тартибдаги тадбиркор Шаманов Жўрабек Тиловқобиловичга нисбатан 31 миллион сўм солиқ қарздорлигини мол-мулки ҳисобидан ундириш ҳақидаги даъво аризасини кўриб чиқиш натижасида камерал назорат таҳлили асоссиз эканлиги боис иш тадбиркор фойдасига ҳал этилди.

Суд муҳокамаси давомида аниқланган ҳолатлар ва иш ҳужжатларидан кўринишича, тадбиркор томонидан 2018 йил ноябрь-декабрь ойларида 775 миллион сўмлик мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти амалга оширилиб, 2019 йил 1-чорак якуни бўйича тақдим этилган ягона солиқ тўлови ҳақидаги молиявий ҳисоботларда товарлар айланмаси 0 деб кўрсатилгани, бироқ камерал назорат орқали ҳисобланган солиқ суммаси 31 миллион сўмни ташкил этгани ҳолда бюджетга ва давлат мақсадли жамғармаларига тўланмасдан қолингани қайд этилган.

Бунга асос сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил  17 октябрдаги "Мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқариш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори кўрсатилиб, унга кўра, тадбиркорлик субъектлари улгуржи савдо қилиш лицензиясига эга бўлмасдан мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини амалга ошириш ҳуқуқига эга эканлиги, бунда якка тартибдаги тадбиркорларнинг мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт тушумларига ягона солиқ тўлови тўланишини назарда тутувчи солиққа тортиш тартиби қўлланилиши белгиланган.

Солиқ кодексининг 3-моддасида агар ушбу моддада бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари орқага қайтиш кучига эга эмас ва улар амалга киритилганидан кейин юзага келган муносабатларга нисбатан қўлланилиши, янги солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар белгиланиши, имтиёзлар тўлиқ ёки қисман бекор қилиниши, солиқ солинадиган база оширилишини назарда тутувчи солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари улар расмий эълон қилинган пайтдан эътиборан камида уч ой ўтгач амалга киритилиши белгиланган.

Ушбу норма талабидан келиб чиқиб, тадбиркорнинг солиқ қарздорлигини ҳисоблаш 2019 йил январь ойидан (уч ой ўтгач) кейинги молия-хўжалик фаолиятига нисбатан қўлланилиши лозим эди.

Бироқ, даъвогар томонидан тақдим этилган даъво талаби бўйича жавобгарнинг 2018 йил ноябрь-декабрь ойларида амалга оширган мева-сабзавот экспортига нисбатан солиқ қарздорлиги қонун ҳужжатлари орқага қайтиш кучига эга бўлмаса-да, камерал назорат орқали қайта ҳисобланган.

Худди шундай ҳолат бўйича Қарши шаҳар давлат солиқ инспекциясининг якка тартибдаги тадбиркор Турсунов Жамшид Комил ўғлига нисбатан 31 миллион 200 минг сўм камерал назорат орқали қайта ҳисобланган солиқ қарздорлигини мол-мулки ҳисобидан ундириш ҳақидаги даъвоси ҳам асоссиз эканлиги суд муҳокамаси давомида тегишли далиллар билан ўз исботини топганлиги сабабли қаноатлантириш рад этилиб, солиқ тўловчининг ҳақлиги презумпцияси принципи устуворлиги таъминланди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддасига мувофиқ давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди.

Шундай экан, қонун ҳужжатларида тадбиркорлик   фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага  келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар тадбиркорлар фойдасига талқин этилиши ҳар жиҳатдан мақсадга мувофиқ.

Алибек ҚОДИРОВ,

Қарши туманлараро иқтисодий суди судьяси

Report typo