Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

22.09.2020


БАЖАРИЛМАГАН ВАЪДАЛАР УСТИГА ЯНГИЛАРИ ҚАЛАШТИРИЛМАЯПТИМИ?

 Нуқтаи назар

Шу йилнинг 14 август куни нашримизда "Хўжа Илғорда айтилган гаплар хўжакўрсингамиди?" сарлавҳали мақола чоп этилган, унда Соҳибқирон Амир Темур туғилган жой - Яккабоғ туманидаги Хўжа Илғор қишлоғида 6 гектарлик "Aмир Темур боғи" барпо этилиши, унинг бир қисмида Соҳибқирон музейини ташкил этиш, келгусида бу қишлоқ сайёҳлик манзилига айланиб кетиши ҳақида раҳбарлар қоп-қоп ваъдалар бергани, бироқ бирортаси бажарилмагани хусусида сўз юритилганди.

Шу ўринда ўша ваъдаларни ким ва нима учун берганини бир эсга олсак. 2018 йилда Соҳибқирон таваллудининг 682 йиллиги биринчи марта у туғилган қишлоқда катта тантана билан нишонланди. Қишлоқнинг бир неча километр йўллари ёпилиб, "мелиса"ю бошқа тартиббонлар жалб қилинди. Одамлар "мелиса"дан, "мелиса"лар одамлардан кўп бўлди. Бу ерда каттагина таркиб билан Халқаро пресс-клуб, санъаткорлар, ОАВ вакиллари жамланди. Ҳатто Туркия телеканали жараёнларни тасвирга олди. Ўшанда вилоят ҳокими сўзга чиқиб, қишлоқ яқин-ўртада катта ўзгаришларга юз тутишини маълум қилганди.

Хуллас, ваъдалар "лов" этиб ёндию, "пис" этиб ўчди.

Бир неча кун аввал Яккабоғ тумани ҳокимлиги Telegram ижтимоий тармоғидаги каналига туман ҳокими Хўжа Илғорда бўлгани ҳақида хабар жойлади. Қайд этилишича, дарҳақиқат, айтилган жой атрофларини ажриқ босган, қорамоллар билан тўлиб, файзсиз жойга айланиб қолган. Ваъдалар эса ваъдалигича қолиб кетган.

"Дунё тан оладиган буюк саркардамизнинг масканларини бу ҳолатда ташлаб қўйишимиз нафақат яккабоғликлар, балки бутун Ўзбекистон халқи учун ҳам уятли ҳолат деб биламан",  деган ҳоким.

Шунга кўра, махсус ҳисоб рақам очиб, Соҳибқирон туғилиб ўсган қишлоқ учун пул маблағлари тўпланиши бўйича туман депутатлари, маҳаллий аҳоли ва тадбиркорларга топшириқ берилган.

"Хўжа Илғорда айни пайтда иш қизғин. 9 апрель куни республикамиздаги кўплаб журналистлар билан ушбу масканга Халқаро пресс-клуб бошчилигида пресс-тур уюштирилиши ҳам эълон қилинган. Кейинги чиқишларимизда булар ҳақида янада батафсил ҳикоя қиламиз", дейилади ҳокимлик хабарида.

Ҳечдан кўра кеч, деганларидек, хайрли ишнинг кеч бўлса-да бошлангани яхши. Бу борада саховатпеша инсонлар ҳам қараб туришмайди, имкони борлар қўлидан келганча ёрдам беришга интилади. Бу табиий. Аммо режанинг кейинги қисми беихтиёр ўша, икки йил олдинги баландпарвоз гапларни эсингизга солиб юборади. Тўғри, туман ҳокими астойдил қайғуриб, чинакам ҳаракатга киришгандир - аслида умидимиз ҳам шу, бироқ Халқаро пресс-клуб, пресс-тур деган гаплар шу жойда ортиқчалик қилаётгандай.

Чунки ишга ҳали энди киришилди. Апрелгача ярим йил вақт бўлса-да, қарийб 30 ойдан бери бирор ўзгариш сезилмаган жой қисқа вақтда айтарли янгиликка юз тутиши сал қийинроқдай.

Қолаверса, аввал кўрдик-ку Халқаро пресс-клуб нимани қойил қилганини. Келишди, катта тантана билан тасвирга олишди, телевизорда тўғридан-тўғри кўрсатишди - бўлди-да. Яна нима кераги бор бир хил ҳолатни қайта такрорлашнинг? Айтиладиган гапларнинг ҳаммаси икки йил аввал айтилган бўлса, ваъдалар қопини яна кўпайтиришнинг нима ҳожати бор? Тўғри, пресс-клубми, бошқасими, телевизорда ё бошқа ОАВда намойиш этиб ўзининг ишини қилган, лекин барибир масъуллар айтганини қилгани йўқ-ку, бунинг ижроси билан ўша ваҳима кўтарганлар нега қизиқиб кўришмади? Нега улар фақат "ютуқ"ларни кўриб, ваъдаларни эшитаяптию, камчилигу муаммо бўлганда кўру карга айланиб, йўқ бўлиб қолишаяпти?

Ўшандайларнинг келиш-кетишию ейиш-ичишига кетадиган харажатни Соҳибқирон боғи, музейи, Хўжа Илғор зиёратгоҳи учун сарфлайлик, бир жой обод бўлсин, ана кейин ким келса келаверсин. Нима дедингиз?

Аслида Яккабоғда бажариладиган бу ишлар буюк бобокалонимизга ҳурматимизни кўрсатади. Ният рўёбга чиқмаган бўлса-да, яхши ўйланган. Фақат уни ортиқча, ҳавойи, баландпарвоз гап-сўзларсиз амалга ошириш чораларини кўриш керак. Қаердаки, гап кўпайса, тайинли иш бўлмайди.

НАСРИДДИН

Report typo