Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 апрел, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

07.04.2018


БЕМОР ШИФОКОР ОЛДИГА ЭМАС, ШИФОКОР БЕМОР ОЛДИГА БОРАДИ

1948 йил 7  апрелда Нью-Йорк шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо давлатлар томонидан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг устави ратификация қилиниб, унга юридик мақом берилди. Шу сабабли ҳар йили дунёнинг барча мамлакатларида 7 апрель - Бутунжаҳон саломатлик куни сифатида нишонланади.

Мазкур кун дунё халқлари олдида долзарб ва ечимини кутаётган маълум бир касалликнинг олдини олишга бағишланади. Бугунги тадбирлар эса “Саломатлик барча учун” шиори остида ўтмоқда.

Эътиборли жиҳати, мамлакатимизда инсон саломатлигига бўлган ғамхўрлик ўз самарасини бераётир. “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!” шиори остида олиб борилаётган саломатлик ҳафталикларидан кўзланган мақсад ҳам шунга қаратилган. Аҳоли ўртасида    соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, ёшларда мустаҳкам оила қуришга интилишни кучайтириш, юқумли касалликларнинг олдини олиш бўйича доимий тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масаласи ҳам доимий диққат-эътиборда.

 - Президентимизнинг вилоятимизга ташрифи чоғида берган топшириқлари ижросини таъминлаш ҳамда 2017 йил    1 майдаги “Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш муассасаларида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 150 ўринли Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий маркази Қарши филиали ва Шаҳрисабз, Китоб, Қамаши, Ғузор туманларида 80 ўринли туманлараро эндокринология бўлимлари ташкил этилмоқда, -дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Дониёр Турсунов. - Шунингдек, 120 ўринли Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази Қарши филиалининг янги биноси қурилмоқда. Косон, Нишон, Қамаши, Китоб ва Яккабоғ туманларида 100 ўринли туманлараро кардиология бўлимлари фаолияти йўлга қўйилади. Вилоят юқумли касалликлар шифохонаси ҳам реконструкция қилиниб, мукаммал таъмирланди, 120 ўринга мўлжалланган янги бино қурилди. Айни пайтда ушбу муассасаларни замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш ишлари олиб борилмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунёда ҳар минг чақалоқнинг 6-7 нафарида туғма юрак нуқсони қайд этилади. Бу  хасталикни операция йўли билан бутунлай бартараф этиш ва беморни тўлақонли ҳаётга қайтариш мумкин. Бироқ шу вақтгача бундай жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун вилоятимизда етарли шароит йўқ эди.

- Энди бундай операциялар хорижлик мутахассислар иштирокида шу ернинг ўзида амалга оширилади, - дейди Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази Қарши филиалининг даволаш ишлари бўйича директор ўринбосари Тўлқин Мамарасулов. -Бунинг учун Германия ва Россия давлатлари муассасалари билан шартнома имзоладик.

Тиббий хизматнинг яна бир муҳим йўналишлардан бири – бу аҳолининг дори-дармон воситалари билан таъминланишидир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2017 йилнинг 1 январидан янги тартиб-қоида жорий этилди. Унга кўра четдан олиб келинадиган, шунингдек, мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларидан сотиб олинадиган дори-дармон воситалари ҳамда тиббиёт буюмларини улгуржи ва чакана сотиш, уларни етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар, улгуржи савдо учун сотиб олинган қийматидан 15 фоиздан, чакана савдо учун улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорларда белгиланадиган чекланган савдо устамалари қўлланилмоқда. Жумладан, 300 дан ортиқ номдаги ижтимоий аҳамиятга эга дори-дармон воситаси ва тиббиёт буюмлари учун муайян нархлар жорий этилди.

- Диспансеримизда даволанаётган беморлар ва уларнинг яқин қариндошларини муассасада мавжуд дори-дармон воситалари билан таништириб бориш мақсадида ҳар бир палата ва қабул бўлимига уларнинг рўйхатлари жойлаштирилган, - дейди вилоят эндокринология диспансери бош шифокори Динора Алиева. - Бўлимлар ва муолажа хоналарида тиббий хизматлар бепул эканлиги тўғрисидаги эълонлар ёзиб қўйилган. “Бемор шифокор олдига эмас, шифокор бемор олдига боради” тамойилига амал қилган ҳолда, уларни жойида дастлабки кўрикдан ўтказиш амалиётини жорий этдик. Бу жараёнга тор ихтисосликдаги мутахассислар ҳам жалб қилинмоқда. Зарур лаборатория таҳлиллари ҳам шу ернинг ўзида ўтказилаётгани ташхис қўйиш жараёнини тезлаштирмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, ҳар томонлама соғлом авлодни вояга етказиш, халқимизнинг узоқ умр кечиришини таъминлаш, соғлом ва фаровон турмуш учун қулай шароит яратишга қаратилаётган доимий эътибор ва ғамхўрлик юртдошларимизнинг ҳаётга иштиёқини кучайтириб, уларда эртанги кунга ишончни янада мустаҳкамламоқда. 

Шоҳиста БОЗОРОВА

Report typo