Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

13.09.2019


БИР АСР ЯШАШ ЗАВҚИ

Хаёлга берилган момо дарвозадан набираси, маҳалла фуқаролар йиғини раиси Умид Баротов кириб келганини ҳам сезмай қолди. "Моможон, мукофот билан табриклайман. Президентимиз сизни "Шуҳрат" медали билан тақдирлабди", дея набираси момонинг бағрига ошиқади...

Қувончли хабарнинг қаноти бўлади, дейишади. Момонинг медаль олгани бир зумда бутун Оқдаҳна қишлоғига ёйилди. Узоқ-яқиндан хеш-ақраболари табаррук онахонни қутлаш, у кишининг дуоларини олиш мақсадида хонадон сари оқиб кела бошлашди. Бир зумда ҳовли тўйхонага айланди. Момонинг юраги хурсандчиликдан энтикди, кўзларига ёш келди. Қувонч асносида ўтган умрининг гоҳи  ширин, гоҳи аччиқ дамлари бир-бир хотирасида жонланди.

Йиллар сўрон, ҳаёт сўқмоқлари унинг юзларига ажин туширган. Бу нуроний чеҳрада шу муштипар аёлнинг тинимсиз меҳнати ва ниҳоят кексайганда роҳат-фароғат топганидан шукрона ифодаси мужассам.

102 ёшли момо хаёлга толади. Эҳтимол кўз олдида узоқ ўтмиш, навниҳол келин бўлган даврлари жонланаётгандир, турмуш ўртоғи Жалил Баротов келгандир — улар салкам 55 йил бирга умр кечиришди.

Иккинчи жаҳон уруши йилларида Рўзи Баротова тумандаги "Қизилча" совхози (ҳозирги "Қўнғирот" қоракўлчилик масъулияти чекланган жамияти)да ишларди. Бу пайтда  уруш олови бутун дунёни қоплаган, "Ҳамма нарса фронт учун" деб жонини жабборга берганлар кўп эди. Уруш тугаб, ҳамма жойда очарчилик, қийинчилик авж олганда у турмушга чиқади. Кейин турмуш ташвишлари...

Бирин-кетин фарзандлар дунёга кела бошлади. Фарзандларини тарбиялаш билан бирга хўжаликда ҳам ишлади. Ишласаям сидқидилдан тер тўкиб астойдил меҳнат қилди. Турмуш ўртоғи зиёли инсон эмасми, фарзандлари ҳам ота изидан бориб, 5 ўғли ўқитувчилик касбини танлади.

Нафақага чиқиб ҳам момо уйда ўтириб қолмади. Қўй жунини йигириб, гилам тўқиди. Келинларининг айтишича, момо тўқиган гиламлар ҳар бир набирасининг уйида тўшалган.

- 40 йилдан ошди шу хонадонга келин бўлиб тушганимга. Мана шунча йилдан буён қайнонам билан бирга иноқ яшаб келаяпмиз, - дейди Норхол Аллаёрова. - Момомиздан нолийдиган жойимиз йўқ, бақувват. Ўзлари ҳассага суяниб, кириб-чиқиб юрадилар. Қайнотам билан чиройли яшашди. Уларнинг меҳрибончилигини кўриб ҳамма ҳавас қиларди. Фарзандларини жуда яхши тарбиялашган. Невара-чевараларининг ҳам кўпчилиги олий маълумотли.

Ҳа, Рўзи момо заҳматли меҳнати, ширин сўзи билан маҳалладошлари орасида ҳам обрў-эътибор қозонди. Шу боис, зиёрат қилиб, ҳол-аҳвол сўраб келгувчилар қадами узилмайди.

- Рўзи момо қишлоғимизнинг энг кекса, табаррук кайвониси, - дейди маҳалланинг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси Муяссар Чоршанбиева. - Унинг оиласи катта сулолага айланган. Ҳаммаси тинч, ибратли, маърифатли хонадонлар. Уларнинг соҳиблари эл хизматига камарбаста бўлган, меҳнатсевар, самимий, эътибор топган инсонлар. Биз тез-тез момодан маслаҳат сўраб,  дуоларини олиш учун келиб турамиз.

Бугун Рўзи момо 8 нафар фарзанди, келину куёвлари, юздан зиёд невара-чеваралари даврасида мана шундай дориломон кунларга етказганига шукрона айтиб яшамоқда.

- Худога минг бор шукур, болам, рўзғор бут. Уйда ўтириб пенсияни олиб ётибман, - дейди Рўзи момо. - Болаларим, невараларим нимани хоҳласам шуни муҳайё қилишади. Илоҳим юртимиз тинч бўлсин. Жонларинг соғ бўлсин.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Report typo