Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

01.10.2016


Бир оилада 10 педагог

 

 

- Биз институтни энди тугатиб, мактабда янги иш бошлаган кезларимизда, бу 70-йилларнинг бошлари эди, ҳозиргидай шароитлар қаерда дейсиз? – эслайди Бўритош Ҳамроева. – Ўқитувчининг қуроли фақат бўр ва латта эди: ёзардик – ўчирардик, ўчирардик - ёзардик. Дарстахта кимёнинг мураккаб масалалари билан тўлиб кетарди. Шунда ҳам бор билимимизни болага сингдиришга, кимёдай қийин фанни осон йўллар билан тушунтиришга ҳаракат қилардик.

 

- Кимё бир қарашда мураккаб кўрингани билан аслида жуда қизиқ фан-да, - давом эттиради Худойберди Ғуломов. – Болани қизиқтирсангиз, тез ўрганади. Биз шу жиҳатни маҳкам ушлаганмиз. Мен Менделеев жадвалидаги ҳар битта элементга шеърий таъриф бериб чиққандим. Дарсда “фалон элементнинг мана бундай хоссаси бор”, деб айтиб бергандан кўра шеърга солиб, осон, содда мисоллар билан тушунтирсам, ўқувчига тез етиб борарди-да.

 

Ҳа, улар фаолиятларининг бошиданоқ ҳозирда “таълимнинг янги педагогик технологиялари” деб номланадиган инновацион услублардан фойдаланиб, дарс ўтишарди. Бўритош опа Қарши шаҳридаги 14-мактабда иш бошлаган бўлса, Худойберди Ғуломов аввал шаҳардаги 2-мактабда, кейинроқ эса 5-мактабда  ишлади. Уйда эртанги дарсни қандай ташкил этиш устида бош қотиришар, биргалашиб, турли дарс режалари тузишарди. Лаборатория машғулотларини йўлга қўйиб, бор имкониятларини битта мақсадга – ўқувчилар қалбида кимёга ҳавас уйғотишга қаратишди. Қизиқарли дарс усулларини амалда татбиқ этиб, ҳар иккиси ўз мактабида илғор ўқитувчига айланишди.

 

Бирин-кетин фарзандлар дунёга келди: уч ўғил, уч қизни тарбиялаб вояга етказишди. Ҳам оила, рўзғор ташвиши, ҳам ўқитувчиликдай масъулиятли касбни баравар тутиб, елкама-елка туриб, олға интилишди. Мустақилликдан сўнг таълим янги босқичга кўтарилди. Мактаблардаги моддий-техник база тубдан яхшиланиб, таълимнинг илғор услублари жорий этилди, бу эса бизнинг кимёчилар учун айни муддао эди. Улар бу кенг имкониятлардан оқилона фойдаланиб, ноанъанавий дарс услублари бўйича кимё фани учун турли ўқув қўлланмалари тузишди. Шу қўлланмалар асосида Қарши шаҳридаги мактабларнинг кимё фани ўқитувчилари иштирокида бир неча марта очиқ дарслар ташкил этишди. Икковлари ўзлари ишлайдиган мактабларнинг ўқувчилари ўртасида турли фан мусобақаларини ўтказишди. Бўритош Ҳамроева 1991 йилдаёқ “Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими аълочиси” унвонига сазовор бўлган бўлса, 1995 йилга келиб, худди шу унвонга Худойберди Ғуломов муносиб кўрилди.

 

- Ўша вақтларда тузилган бу ўқув қўлланмаларини ҳозиргача ҳам сақлаб келамиз, - дея Худойберди Ғуломов жавондан бир қанча китобчалар авайлаб солинган жилдларни олади.

 

Қўлланмаларни варақлайман. Улардан бири “Мўъжизакор кимёдан 50 тажриба” деб номланган. Ичида эса кимё масалаларию элементлар устидаги қизиқарли тадқиқотлар, амалий машғулотни ташкил этиш усуллари жамланган. Кейинги қўлланма эса “Танамиз кимёси” деб аталади. Унда ҳам кимёга доир қизиқарли маълумотлару уларни ўқувчиларга етказиш йўл-усуллари келтирилган. “Кимё дарсларида янги педагогик технологияни қўллаш тажрибаси” деб номланган иккита китобча эса тажрибали ўқитувчи Худойберди Ғуломовнинг кўп йиллик фаолияти давомида ўзи қўллаган, тавсия эта оладиган янгича дарс ўтиш методларидан иборат. Бундан ташқари, дарс жараёнидан олинган суратлар, очиқ дарслар муҳрланган видеокассеталар ҳам уларнинг архивидан муносиб жой эгаллаган. Домла Ғуломов буларни жуда қадрлашини таъкидлар экан, хаёлимдан “ўз касбини жуда севган одамгина шундай қилиши мумкин”, деган ўй ўтади.

 

- Ўқитувчи албатта ўз касбини севиши шарт, - дейди домла. – Агар у фидойи бўлмаса, ўз фанини чуқур билмаса ва ўқувчи қалбига йўл топа олмаса, ҳақиқий ўқитувчи бўла олмайди. Яхшиси, бошқа касбни танлагани маъқул.

 

- Бундан ташқари, ўқитувчининг яна бир муҳим хислати – қаттиққўллиги, - қўшимча қилади Бўритош Ҳамроева. – Яна у ўз ўқувчисига ҳар жиҳатдан ўрнак, намуна бўлмоғи шарт. Шунда ўқувчи уни ҳам, фанини ҳам ҳурмат қилади.

 

Бу айтилганларнинг бари уларнинг ўзларида мужассамлиги сабабми, дарс берган ўқувчилари орасида бугунги кунда кимё бевосита алоқадор соҳаларни танлаганлар кўпчилик. Худойберди Ғуломов Фарҳод Муҳаммадиев, Бахтиёр Ўнгбоев, Зилола Авазова, Гулшаной Болтаева, Қобилжон Ашуров, Умиджон Усмонов каби шогирдлари борлигидан фахрланади. Бўритош Ҳамроева эса шифокорлик, кимё ўқитувчилигини танлаган собиқ ўқувчилари - Фотима Нормуродова, Дилноза Қиёмова, Умида Қурбонова, Зилола Холмуродова, Гулноза Эроноваларнинг эришаётган ютуқларидан мамнун. Ўзлари эса эришган муваффақиятлари билан-да шогирдларига ўрнак. Таълим соҳасидаги узоқ йиллик самарали меҳнатлари учун 2000 йилда Бўритош Ҳамроевага “Ўзбекистон Республикаси Халқ ўқитувчиси” унвони берилди.  2002 йилда Худойберди Ғуломов “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби бўлди.

 

- Бу унвонлар камтарона меҳнатларимизга берилган юксак баҳо, катта эътироф. Аслида ўқитувчи деган номнинг ўзи инсон учун энг катта шараф экан. Агар яна қайта умр берилса, яна шу касбни танлаган бўлардик, - дейди улар.

 

Яна бир жиҳат. Бу оилада тарбия топган фарзандларнинг деярли барчаси ота-она касбини танлашган. Отабек Ғуломов Қарши давлат университетининг математика факультетида дарс беради. Ёрқин Ғуломов эса Қарши педагогика касб-ҳунар коллежида, Лазиз Ғуломов Қарши агробизнес ва тадбиркорлик коллежида фаолият юритишаяпти. Келинлари Дилсора Ибрагимова, Гулноза Саидова, Азиза Йўлдошева мактаб ва коллежларда ишлашаяпти. Қизлари Шаҳло ва Шаҳноза бошланғич синф ўқитувчиси. Шоҳистанинг касби ҳам кимёга алоқадор: у ҳамшираликни танлаган.

 

- Битта оилада 11 ўқитувчимиз! – дейди фахр билан Худойберди Ғуломов. Кейин мамнуният билан илова қилади: - Агар биз ўз касбимизни севиб, уларда ўқитувчиликка ҳурмат уйғотмасак, болаларимиз муаллимликни танлашармиди?!

 

Дарҳақиқат, фарзанд учун ота-она ибрати энг катта мактабдир. Бу уйда она оила соҳибига “домла” деб мурожаат қилса, ота фарзандларининг онасини “маълим” деб чақиришга одатланган. Шунинг ўзиёқ уларнинг ўз касбига бўлган меҳри-муҳаббатидан далолат бераётгандай...

 

Бугунги кунда ўғил-қизлар эъзозида, 15 га яқин неваранинг ардоқли бобо-момоси бўлиб яшаётган бу мўътабар устозлар ибратли ҳаёт йўли, масъулиятли касблари билан ўзлари учун шараф ошёнини барпо этишди. Ўқитувчи, устоз деган улуғ унвонларга ҳар жиҳатдан муносиблик, лойиқлик эса уларнинг иззати-обрўсини янада оширади.

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

 

Report typo