Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 апрел, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

СОЖИДА

27.06.2017


БИР ПИЁЛА ЧОЙ УСТИДА

Қадимий ва шифобахш чой - фасл танламас ичимлик. Ёзнинг жазирамасию қишнинг аёзида бирдек истеъмолда. 5 минг йилдан бери инсониятга маълум ушбу ичимлик, манбаларда қайд этилишича, кайфиятни кўтариб, ақлий ва жисмоний чарчоқни олади, овқат ҳазмига ёрдамлашади. Тер ва пешоб ҳайдовчи, танамизни зарарли моддалардан тозаловчи ва тана ҳароратини мўътадиллаштирувчи воситадир. Қуйида ана шу “чой” деб номланувчи ўсимлик дамламасининг бетакрор хусусиятлари ҳақида кенгроқ тўхталамиз.

КОФЕИНГА БОЙ ЎСИМЛИК

Чой ўз таркибида кофеин синтез қиладиган ўсимликлардан бири. Жанубий Америкада ўсадиган бута - гуарана таркибида энг кўп кофеини бор ўсимлик ҳисобланса, чой ундан кейинги иккинчи ўринда туради. Гуарана уруғида кофеин миқдори 5 фоизга тенг бўлса, чой баргида ҳам ундагидан кам эмас. Хусусан, кофеин чой дарахтининг тепа қисмларида 4-5 фоиз, ўрта қатламларида 3-4 фоиз, пастида 1,5-2 фоизгача бўлади. Шунинг учун ҳам чой баргларининг тепа қисмидан чилпингани пастдан узилганидан кўра сифатли ва қимматроқ бўлади.

Агар кун давомида ичиладиган чой миқдорича (ўртача 1,5-2 литр, ёз кунларида эса яна ҳам кўпроқ) кофе ичилса, ундаги кофеин киши соғлиғига салбий таъсир кўрсатмасдан қолмайди, чой ичилганида эса бундай ҳолат кузатилмайди. Чунки чойдаги кофеин бошқа қатор моддалар билан биргаликда комплекс таъсир этиш хусусиятига эга.

ШИФОБАХШ ВА ЗАРАРСИЗ ИЧИМЛИК

Чой дамламасига маза ва таъм берувчи модда - таниндир. Бу модда чой баргларида 30 фоизгача, қайнатма таркибида эса 10-18 фоиз атрофида бўлади. Кўк чойда танинлар қора чойдагига нисбатан 2 баробар зиёд. Мутахассисларнинг айтишича, чойнинг тахирлиги ва аччиқлиги айнан мана шу модданинг оз ёки кўплиги билан белгиланади. Айниқса, кўк чой таркибидаги танин қон томирларининг эластиклигини таъминлаб, чидамлилигини оширади. Танада С витамини ўзлаштирилишини яхшилайди. Шунинг учун кўк чой ичиб юрадиганлар орасида атеросклероз касаллигига чалиниш кам бўлади.

Чойнинг шифобахшлигини таъминлашда ундаги оқсил моддасининг ўрни катта. Бу модда бош мияга қон билан оқиб кирадиган қатор моддаларни, масалан, ҳар хил бўёқларни ушлаб қолувчи фильтр вазифасини ўтайди. Бу борада кўк чойнинг ўрнини бошқа маҳсулот боса олмайди.

Кўк чой дамламаси асосан мамлакатимизнинг иссиқ иқлимли ҳудудларида кўп ичилса, фамил, яъни қора чой намгарчилик юқори бўлган қисмларида кўпроқ истеъмол қилинади. Чунки қора чой иссиқликни оширувчи манбадир. Қадоқ устига “95” деб ёзиб қўйилгани эса қон босими юқори кишилар учун дори ўрнини босади. Унинг дамламаси организмда қон босимини меъёрлаштириб,   ортиқча шлакларни чиқаради, танамизни қувватлантириб,  тинчлантиради ҳам. Унинг турли мевалар ҳидини берувчи турлари кайфиятни кўтариб, тетиклик бағишлайди, ишчанликни оширади. Иммунитети пастлар ва болаларга бу чой дамламасидан ичиш тавсия этилмайди.

Тушкунликка тушганимизда, албатта, аччиқ кўк чой бизни тинчлантира олади. Таркибидаги А витамини кўриш аъзоларининг фаолияти, оғиз, бурун бўшлиғи, ўпка, бронхлар, сийдик-таносил аъзоларидаги шиллиқ қаватнинг меъёрий ишлаши учун жуда зарур. Шамоллашнинг олдини оладиган С витамини чой баргида бошқа ўсимликлардагига қараганда анча кўп учрайди. Хусусан, лимон шарбатидагига қараганда 4 баробар кўп.

Маълумот ўрнида:

ХХ аср бошларида чой таркибида 6-7 хил модда бор дейилган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич 130 га етди. Хитой, Япония ва Россия олимларининг таъкидлашича, чой баргининг таркибида 300 дан ошиқроқ кимёвий модда ва бирикмалар бор.

СОВУҚ ДАМЛАМА ИЛОН ЗАҲРИГА ТЕНГ

Хитойликлар совиган чойни илон заҳрига тенглаштиришади. Чунки бунда чой таркибидаги гуанин моддаси организмга заҳар каби таъсир этиши мумкин экан. У чой дамланиб, анча вақт совитилганидан кейин қайнатмага ўтади. Чой дамламасини совитиб ичишга одатланиш кишида хотира сусайиши, ошқозон-ичак тизимидаги ўзгаришларга олиб келиши айтилади. Шунинг учун мутахассислар уни иссиғида ичишни тавсия этади. Афсуски, бизда ёзнинг иссиқ кунларида чой дамламасини совитиб ичиш кўп учрайди.  Бу эса, айниқса, болалар учун хавфли.

ЧОЙ ДАМЛАШ ҲАМ БИР САНЪАТ

Чойнинг фойдали ва хуштаъм бўлиши уни қандай дамлаш ва ичишга ҳам кўп жиҳатдан боғлиқ. Бекаларимиз чой дамлашда аввало сув қайнатиладиган идишнинг силлиқ, зангламайдиган металлдан ёки юқори ҳароратга чидамли шишадан бўлишига эътибор қаратиши лозим. Кексаларимиз чой таъми мазали бўлиши учун сувни яхши қайнатиб, сўнг бироз тиндирган. Дамлашдан аввал чойнакни иссиқ сувда чайишган. Дамланган чой эса уч марта қайтарилиши лозим. Шундагина унинг таъми хушхўр ва ранги тиниқ бўлади. Мутахассислар 1 литр сувга 10 грамм қуруқ чой ташлаш меъёр деб ҳисоблашса, бизда бу оила аъзоларининг таъбига қараб солинади. Нима бўлганда ҳам ҳар бир нарсада меъёрни унутмаслик лозим. Ҳаддан ортиқ чой ичишнинг ҳам зарарли томонлари бор.

Биласизми?

*Кун давомида ичилган 1-2 пиёла кўк чой юрак фаолияти билан боғлиқ хасталикларнинг олдини олади.

*Кўк чой таркибида антиоксидантлар миқдори юқори бўлгани боис иммунитетни мустаҳкамлайди.

*Саратон касаллигини келтириб чиқарувчи тўқималардан организмни ҳимоя қилади.

*Кўк чой ёрдамида ортиқча вазндан халос бўлиш жуда осон. Сабаби у организмдаги моддалар алмашинувини аъло даражада йўлга қўяди.

*Овқатлангач, сизни  қорин дам бўлиши қийнаётган бўлса, бир пиёла қора ёки кўк чой дамламасига бир-иккита ялпиз баргини солинг-да, ҳўплаб ичинг.

*Агар сиз кўп вақтингизни компьютер қаршисида ўтказсангиз, кўк чой компресси кўз мушаклари зўриқишининг олдини олишга ёрдам беради. Аччиқ қилиб дамланган кўк чойга пахтали тампонларни ботириб, 10-15 дақиқага қовоқларингиз устига қўйинг. Бу компресс кўздаги толиқишни бартараф этиб, унга табиий гўзаллик ва саломатлик тақдим этади.

 

Манбалар асосида СОЖИДА тайёрлади. 

Report typo