Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

06.09.2019


БИРИНЧИ ПРЕЗИДЕНТ ХОТИРАСИГА ЭҲТИРОМ

Қайд этиш лозим, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25 январдаги "Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида"ги қарорига кўра, ҳар йили 2 сентябрь мустақиллигимиз асосчиси Ислом  Каримов хотираси куни сифатида ёд этилади.

Хотира тадбирлари эрта тонгда Биринчи Президентимиз ҳайкали қад ростлаган майдонда бошланди. Бу ерда давлат ва жамоат ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари, фан, маданият, адабиёт ва санъат намояндалари, ёшлар жам бўлиб, Ислом  Каримов ҳайкали пойига гуллар қўйди, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

Қайд этиш лозим, Қашқадарё аҳли воҳа мустақиллик йилларида иқтисодий барқарор, саноати ривожланган ҳудудга айланиб, аҳоли турмуш даражаси муттасил ўсиб бораётгани, бунёдкорлик, халқимиз фаровонлигини юксалтиришга дахлдор барча эзгу ишлар бевосита Ислом Каримов номи билан боғлиқ эканини яхши билади.

Хусусан, Биринчи Президентимиз раҳнамолигида иқтисодиётда амалга оширилган туб таркибий ўзгариш ва янгиланишлар вилоятда замонавий саноатни изчил ривожлантиришга хизмат қилди. Гигант  заводларда янги қувватлар барпо этилиб, йирик корхоналар ишга туширилди.

Шунингдек, Ислом Каримовнинг бевосита ташаббуси билан Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарлари қиёфаси тубдан янгиланди, юзлаб замонавий таълим муассасалари, муҳташам спорт иншоотлари, маданият ва мусиқа масканлари, кўп қаватли хонадонлар, намунавий лойиҳалар асосида минглаб уй-жойлар қурилди.

- Ислом Каримов фаолиятида Қашқадарёга раҳбарлик қилган давр алоҳида ўрин тутади, - дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси Эсон Ражабов. - Шунинг учун воҳамизга қилган ҳар ташрифида, вилоят ҳақида гапирганида, Қашқадарё замини, унинг ҳалол, меҳнаткаш ва танти одамларини алоҳида меҳр ва самимият билан тилга оларди. Мардлик ва олижаноблик фазилатлари сабаб ҳам Ислом Каримовнинг ёрқин хотираси қалбларимизда мангу яшайди.

Биринчи Президент хотирасига бағишлаб, шунингдек, эҳсон ошлари ҳам ташкил этилди. Шундай тадбирлардан бири Қарши шаҳридаги ногирон болалар интернат уйида бўлиб, жисмоний имконияти чекланган, ногиронлиги бўлган болаларга совғалар улашилди.

Н.ХЎЖАЕВ

Report typo