Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Гулноза БЕРДИМУРОДОВА

02.01.2017


БИРИНЧИ РАҚАМЛИ ПАРҲЕЗ ГЎШТ

 

Одатда парҳез маҳсулотлар орасида оқсилга бой парранда гўшти бот-бот тилга олинади. Ундан тайёрланган таомларнинг фойдалилик хусусиятлари ҳақида билмайдиган одамнинг ўзи йўқ. Аммо яна бир гўшт борки, унинг организмга фойдаси парранда гўштиникидан бирмунча кўп бўлса борки, асло кам эмас. Бу – қуён гўштидир.

Мутахассисларнинг аниқлашича, таркиби ва фойдали хусусиятлари жиҳатидан қуён гўшти бошқа барча гўшт турларидан устун туради. Инсон организми учун 4-5 ойлик бўлган қуённинг гўшти энг фойдалиси экан. Парҳезшуносликда қуён гўшти  биринчи ўринда, курка гўшти эса кейинги ўринда туради.

Қуён гўшти таркибида енгил ҳазм бўлувчи оқсил, ёғ, турли дармондори ва минерал моддалар мавжуд. Ундаги оқсил организм учун муҳим модда саналган аминокислоталарга, ёғ эса тўйинмаган ёғ кислоталарига бой. Қуён гўшти таркибида РР, С, В1, В6, В12 каби дармондорилар, бир қатор макро ва микроэлементлар: темир, фосфор, кобальт, фтор, магний, калий, марганец, рух ва бошқа моддалар бор. Бундай таркибли гўшт истеъмол қилингач, танада 90 фоизгача ўзлаштирилади. Қуён гўшти гўшт маҳсулотларининг оқ турига кириб, пушти рангда бўлади. Юмшоқ, зич, ёғсиз, нозик мушак толаларига эга бўлиб, организмдаги ички ёғ билан аралашиб кетмайди. Қуён гўшти осон ҳазм бўлиб, яхши ўзлаштирилади ва танада моддалар алмашинувини яхшилайди.

Тиббиётда қуён гўшти атеросклероз ривожланишининг олдини олувчи сифатида тавсия этилади. У барча ёшдагиларга, айниқса, болалар, кексалар, ҳомиладор ва эмизикли аёлларга фойдали. Мазкур маҳсулот қандли диабет, гипертонияда, юрак қон-томир тизими касалликлари, жигар, буйрак ва ўт йўли хасталикларини даволашда қўл келади. Ошқозон-ичак тизими фаолиятига ижобий таъсир этишини ҳисобга олиб, шифокорлар ошқозон ости бези ва ошқозон ярасини даволашда, шу билан бирга, ичак хасталиклари, жигар, буйрак касалликларида беморнинг овқат рационига қуён гўшти киритишни тавсия этадилар. Бошқа гўштларга қараганда таркибида аллерген моддалар камлиги туфайли бу маҳсулот аллергияга мойил инсонлар учун жуда фойдали. Қуён гўштини мунтазам истеъмол қилиш тери ва шиллиқ қаватларнинг ҳолатига ижобий таъсир этади.

Шунингдек, қуён гўштини ўсма касалликлари бор бўлган, кимётерапия муолажасини олаётган беморлар ва экологик жиҳатдан номақбул (масалан, юқори радиацияга эга) ҳудудларда яшовчи одамлар кўпроқ истеъмол қилганлари маъқул. Қуён гўштида ем-хашак орқали организмга тушувчи гербицид ва пестицидларнинг парчаланишидан пайдо бўлувчи оғир металл тузлари ва стронций-90 моддаси йиғилмайди.

Бундай гўшт ортиқча вазн муаммосидан азият чекаётганлар учун айни муддао: таркибидаги оқсил тез ҳазм бўлади ва паст калорияли маҳсулот саналади. Аммо шуни ҳам унутмаслик керакки, барча маҳсулотлар каби қуён гўштини ҳам айрим хасталикларда истеъмол қилиб бўлмайди. Масалан, унинг таркибида оз миқдордаги пурин моддаси борлиги сабабли подагра хасталигида истеъмол қилиш мумкин эмас.

Халқ табобатида қуён ёғи кўпгина касалликларни даволашда қўлланади. Косметология саноатида эса гўзаллик воситаларининг гипоаллергик асосини яратишда, шунингдек, фармацевтикада ҳам ишлатилади.

Гулноза БЕРДИМУРОДОВА, Республика Саломатлик ва тиббий статистика институти вилоят филиали бўлим мудири

Report typo