Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 апрел, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.ЖОНИМОВ

01.05.2020


БИРОВНИНГ ЕРИ БОШҚАЛАРГА БЎЛИБ БЕРИЛДИ. НЕГА?

Муносиб ёндашув

Бугун мева-сабзавот, полиз маҳсулотлари етиштиришга киришишни асло кечиктириб бўлмайди, бир кун, бир дақиқа ҳам ғанимат. Коронавирус туфайли дунёда очарчиликдан қийналаётган аҳоли сони икки баробарга ошиб, 1,6 миллиардга етиши кутилаётган, шу боис бутун дунё давлатлари бошқа масалаларни бир четга суриб қўйиб, фақат аҳолисини қандай боқиш ҳақида бош қотираётган бир пайтда жуда қулай тупроқ ва иқлим шароитига эга ерларни исроф қилиш кечириб бўлмас ҳолдир.

Шаҳрисабз тумани ерлари унумдорлиги билан алоҳида ажралиб туради. Сув масаласида умуман муаммо йўқ. Аммо баъзи ҳудудларда боғ ва токзорлар қатор ораларидаги ҳайҳотдек ерлар хўжасизларча ўз ҳолига ташлаб қўйилган.

Шундай боғлардан бири "Ўроқов Акбар Акрамович" фермер хўжалигига қарашли олмазор бўлиб, 38,6 гектар майдонни эгаллайди. Бироқ бир мавсумда 750 тоннадан ортиқ картошка ёки 650 тоннадан зиёд помидор ёхуд 160 тоннага яқин ловия олиш мумкин бўлган бу ернинг баъзи жойларига ҳали кетмон урилмаган. Ёввойи ўт босиб ётибди. Қолган қисмига эса ижарачилар чорва учун деб, аслида эса меҳнатдан қочиб беда экишган. Ваҳоланки, беданинг ўрнига сабзавот ёки полиз экинлари экиб, 5-10 ҳисса кўпроқ даромад олиш, аҳолига керак бўладиган маҳсулотларни етиштириш мумкин эди. Боз устига, дарахтларнинг экилиши ҳам мутлақо агротехник талабларга мувофиқ эмас.

Вилоят ҳокими Зойир Мирзаев халқ депутатлари вилоят ҳамда Шаҳрисабз тумани кенгашлари депутатлари, туман раҳбарлари, ижарачилар, Боғишамол маҳалласи аҳолисини шу боғ бошида тўплаб, улар билан кенгаш қурди.

Маълум бўлдики, фермернинг боғни обод қилишга, қатор ораларини гуллатиб қўйиб, мўл ҳосил етиштиришга, бу йўлда ижарачиларга бош-қош бўлишга вақти ҳам, ҳафсаласи ҳам йўқ. Унинг айтишича, айрим ижарачилар бир килограмм маҳсулот ҳам, бир сўм пул ҳам топширмаган. Ижарачиларнинг баъзилари эса "эккандим, бўлмади, харидор тополмадим" қабилидаги баҳоналар билан овора. Ачинарлиси, боғнинг аҳволи билан шу пайтгача туман раҳбарлари ва депутатлар ҳам қизиқиб кўришмаган. Қизиқишганида эди ақалли бу ҳудуд қайси секторга қарашли эканини билган бўлишарди. Кенгашда шу маҳалла аҳолиси орасидан ерни севадиган, меҳнатидан қочмайдиган кишиларнинг фикр-мулоҳазалари эшитилди ва уларга боғ қатор оралари бир гектардан тақсимлаб бериладиган бўлди.

- Оилада 15 жонмиз, - дейди ерли бўлганлардан бири Ихтиёр Муртозаев. - Акам, укам, уларнинг фарзандлари бекор. Бугун бизга бир гектар ер ажратилди. Хурсанд бўлдим. Энди бу ерда бозорбоп маҳсулотлар етиштирамиз. Дала бошида супа қуриб, ерга боримизни берамиз.  

Боғ яқинида жойлашган "Асилбек Яхшиев" оилавий корхонасига тегишли 1 гектарлик ер майдонининг ҳам ҳамма қисмига беда экилган. Бу ерда қурилган уй ҳам аҳоли яшаш пунктидан анча узоқда жойлашгани ғалати. Вилоят ҳокими шу жойда тўхтаб, тадбиркорни ердан унумли фойдаланмаса, ундан ер майдони олиб қўйилиши ҳақида огоҳлантирди.

Шундан сўнг вилоят ҳокими депутатлар ҳамроҳлигида тумандаги Қўрғонтепа қишлоғида жойлашган "Тўхтаев Комил Тўхтаевич" фермер хўжалигига қарашли боғда ҳам боғ эгалари, қишлоқ аҳли билан суҳбат қурди. 12 гектар майдонни эгаллаган дарахтлар на ҳосил беради, на даромад.

Чунки боғ ишлов кўрмаган, озиқлантирилмаган. Ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Натижада дарахтлар касалланган. Устига-устак апрелда ёққан қор битта-яримта ҳосил солган дарахтларга ҳам зиён етказган. Боғ шу зайлда барбод бўлган. Фермернинг айтишича, ер ҳаддан зиёд катта бўлгани учун эплолмаган. Шу боис ҳатто солиқларни ҳам ўз вақтида тўлолмаган.

Қатор ораларига бирор нарса экилмаган. Оқибатда шунча ернинг умри зое кетмоқда. Агротехник қоидаларга кўра, энди бу дарахтлар ўрнига янгиларини экиб ҳам бўлмайди. Чунки ердан ўша касаллик кетиши учун камида 5 йил керак.

Шу боис кенгашда боғни бузиб, уни ернинг қадрига етадиган ва мўл ҳосил етиштиришни уддалайдиган фуқароларга 1 гектардан бўлиб беришга келишиб олинди. Бамаслаҳат ернинг янги эгалари рўйхати шакллантирилиб, шу куннинг ўзида боғ бузиб олинди. Қош қорайгунгача давом этган ишлар ерни ҳайдаш, тақсимлаш ва экиш ишлари эртаси куниёқ бошлаб юборилишига яқиндан ёрдам берди. Шу тариқа тонналаб ҳосил, миллионлаб даромад олишга замин яратилди.

Б.ЖОНИМОВ

 

Report typo