Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 апрел, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

21.04.2022


5 ЙИЛДА 10 ДАН ОРТИҚ ИСТИҚБОЛЛИ ЛОЙИҲА, 60 МИЛЛИОН ДОЛЛАР ИНВЕСТИЦИЯ

Бизнес ва тараққиёт

Юртимизда амалиётга татбиқ этилган кластер тизими ўзини ҳар томонлама оқламоқда, десак муболаға бўлмайди. Хомашё етиштиришдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараённи ўз ичига олган ушбу ягона занжир бугунги кунда юқори самарадорлик кўрсатмоқда, соҳаларда сифат ва салмоқ ўсишига эришилаётир.

Айни тизимнинг ижобий натижасини пахта-тўқимачилик йўналиши мисолида ҳам кўрса бўлади. Бундан 5 йил муқаддам шу йўналишда иш бошлаб, Қарши шаҳрида фаолият олиб бораётган "Sulton Tex Group" МЧЖни бу борада намуна қилиб кўрсатиш мумкин. 2017 йилда 17 миллион АҚШ доллари эвазига йилига 7,5 минг тонна ип-калава ишлаб чиқариш имконига эга ип-йигирув фабрикаси ишга туширилиши билан кластерга илк пойдевор қўйилганди. Кейинги босқичда эса кўплаб ёндош лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилди. Шу тариқа корхона фаолият қамрови янада кенгайди.

Хусусан, 2018 йилда қиймати 3 миллион АҚШ долларига тенг трикотаж мато ишлаб чиқариш қуввати ишга туширилди ва 90 кишининг бандлиги таъминланди. Замонавий дастгоҳлар билан жиҳозланган тўқув фабрикасида ҳар йили 5 минг тонна трикотаж мато тайёрланади.

Табиийки, корхона ривожидаги мантиқий изчиллик бошқа истиқболли лойиҳалар рўёбига ҳам кенг йўл очди. 3 йилча бурун корхона негизида тикувчилик фабрикаси иш бошлаши билан тўқилган матони шу ернинг ўзида тайёр кийим-кечакка айлантириш имконияти яратилди. Ушбу мақсад учун 3,3 миллион АҚШ доллари сарфланди, пировардида 1400 нафар хотин-қиз доимий даромад манбаига эга бўлди. Ҳозирда йилига 8 миллион дона тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш салоҳияти мавжуд бу субъектда.

Эътиборлиси, айни пайтда корхонада пахта хом ашёсига дастлабки ишлов бериш учун ҳам зарур шароит ҳозирланган. Қиймати 4,3 миллион АҚШ долларлик лойиҳа доирасида кластер тасарруфида пахта тозалаш заводи барпо этилган. Хориж технологияларига асосланган мазкур қувват йилига 50 минг тонна пахта хом ашёсини бирламчи қайта ишлайди.

Биргина 2020 йилда 3 та лойиҳани тўлиқ якунига етказдик, - дейди корхона раҳбари Нурбек Эргашев. - Кластер деган номга тўла мос бўлиш учун ҳар томонлама ҳаракат қилдик. Йигирув фабрикаси ёнида ёғ заводи барпо этилди. Бу ерда ҳар йили 30 минг тонна чигитни қайта ишлаш имкони мавжуд. Пахта ёғи махсус идишларга қадоқланиб, ички бозорга етказилмоқда. Корхонамизда замонавий уруғчилик цехи иш бошлаши билан фермер хўжаликларини сифатли уруғ билан таъминлаш масаласи ҳал бўлди. Ушбу цехда 20 минг тоннадан ортиқ сара чигит уруғ учун тайёрланади. Асал тайёрлаш ва қадоқлаш линияси ҳам муҳим ташаббусларимиздан бири. Озуқа захираси етарли экани лойиҳа муваффақиятини таъминламоқда. Ихчам идишларга қадоқланган асални аҳолига тақдим этаяпмиз. Ушбу 3 лойиҳага умумий ҳисобда 7 миллион АҚШ долларидан зиёд маблағ йўналтирдик, яна 200 нафарга яқин киши ишли бўлди.

Тадбиркорнинг сўзларига кўра, ҳозирда кластер қошида биолаборатория ва сифат сертификати лабораторияси ҳам фаолият юритмоқда. Сал аввал корхонада ип-йигирув фабрикасининг иккинчи босқичи тантанали ишга туширилгани эса яна бир катта янгилик бўлди. Лойиҳага 20 миллион АҚШ доллари жалб қилиниши ҳисобига қўшимча 350 иш ўрни яратилди. Бу ўринларга асосан "аёллар дафтари" ва "темир давтар" рўйхатида турган хотин-қизлар ишга олинган.

Маълум бўлишича, кластер фаолияти шу билан чекланиб қолмайди. Келгуси икки йил корхона учун яна бир муҳим палла бўлади. Бу даврда жами қиймати 26,5 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 4 та истиқболли лойиҳани рўёбга чиқариш, натижада 1000 нафар кишининг бандлигини таъминлаш кўзда тутилган. Жумладан, корхона тармоқлари яна бир тикув фабрикаси, шунингдек, бугун заруратга айланган бўёқ фабрикаси ҳисобига бойийди. 1000 бош зотдор қорамол боқишга мўлжалланган замонавий чорвачилик комплекси ҳамда йилига 6 минг тонна сут ва 300 тонна гўштни қайта ишлаш имконини берувчи лойиҳалар ҳам вилоятимиз учун юқори ижтимоий-иқтисодий аҳамият касб этиши кутилмоқда.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo