Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
6 апрел, душанба. 2020 йил                         Махсус версия RU

Ж.БОЙМУРОДОВ

18.02.2020


БОҒ КЕНГАЙИБ, ДАРОМАДИ ОШИБ БОРМОҚДА

Қишлоқ хўжалиги

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида интенсив боғдорчилик кенг қамров касб этиб бораётган тармоқлардан бири ҳисобланади. Боғ илмини яхши тушунган, ҳудуднинг иқлим-шароитидан келиб чиқиб энг керакли навни танлай билган, барча агротехник тадбирларни ўз вақтида ва самарали амалга оширган киши соҳада катта ютуқларга эришаётгани ҳам бор гап.

Чироқчи туманидаги "Чоршанбе" фермер хўжалиги раҳбари Фазлиддин Чоршанбиев ҳам 2013 йилда 1 гектар майдонга олма кўчатларини экиб, интенсив боғ ташкил қилган эди. Бугун бу ер хўжаликнинг асосий даромад манбаига айланди.

- Ўша пайтда мутахассислар билан маслаҳатлашиб, олманинг ярим пакана турга мансуб  "голден" ҳамда "чемпион" навларини экканмиз, - дейди фермер. - Бу навлар иссиққа чидамлилиги учун бизнинг иқлим шароитимизга мос келади. Илк ҳосилни олганимизга 3 йил бўлган бўлса, йилдан-йилга маҳсулдорлик ошиб бормоқда. Мисол учун, ўтган йили 15 тоннага яқин сара олма олдик. Бу йил янада кўпроғини мўлжаллаб турибмиз.

Муваффақиятдан руҳланган фермер боғни кенгайтириб, яна 50 сотих майдонда узумзор ҳам ташкил этган. Бу хўжаликнинг даромад манбаи янада ошиши билан бир қаторда, қўшимча иш ўринлари яратилишига омил бўлмоқда.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo