Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
12 август, чоршанба. 2020 йил                         Махсус версия RU

07.02.2020


БОДИКАМЕРАСИЗ ИШЛАГАН ЙПХ ХОДИМИ ҲАҚ ЭДИМИ?

Интернет оламида ҚАШҚАДАРЁ

"Дарё" нашрида "Қашқадарёда бодикамера тақмаган ЙПХ инспектори ҳайдовчидан ҳужжат талаб қилди. Ҳайдовчи эса бунга эътироз билдирди" сарлавҳали мақола эълон қилинганди. Қашқадарё вилояти ИИБ мазкур ҳолатга эътибор қаратди.

Бошқарма маълумотига кўра, бодикамера тақмаган ҳолда ҳайдовчидан ҳужжат талаб қилган ходим - ЙҲХБ ЙПХБ 2-ЙПХ отряди 2-сафарбарлик гуруҳи ЙПХ катта инспектори, катта сержант  Бобораҳим Файзуллаев.

"ЙПХ инспектори 2020 йил 31 январь куни соат 07:30 ларда ўзининг "ВАЗ-2107" русумли 70 А 529 АА давлат рақам белгили автомашинаси билан Қарши шаҳри томон ҳаракатланиб келаётган вақтида "Damas" русумли 70 N 920 NА давлат рақам белгили автомашина ҳайдовчисини Қарши-Косон йўлининг Қарши тумани Узуннова қишлоғи яқинида ўрнатилган светофорнинг тақиқловчи қизил чироғига амал қилмасдан ҳаракатни давом эттиргани учун тўхтатган, - дейилади ИИБ ахборот хизмати берган маълумотда.

Шу жараёнда катта сержант Бобораҳим Файзуллаев ўзининг эътиборсизлиги оқибатида хизматда мажбурий тартибда фойдаланиш учун биркитилган бодикамерадан фойдаланмаган ҳолда, форма бош кийимисиз, "Damas" ҳайдовчиси Дилбек Йўлдошевга ўзини таништирмасдан тегишли ҳужжатларни тақдим қилишини сўраган. "Damas" бошқарувида бўлган фуқаро эса ЙПХ ходимига "командир, одамни қўрқитманг, камерангиз йўқ", деб эътироз билдиради. Шундан сўнг катта сержант ўзининг автомашинасидан бош кийимини олиб кийиб, бодикамерасини қўлида тутганча тўхтатилган автомашина эшигини очиб, ҳайдовчига ҳужжатларини тақдим этишни талаб қилиш баробарида автомашина калитини олиб қўйган.

"Damas" ҳайдовчиси ходимга "командир, бунақа қилишга ҳаққингиз йўқ", деб эътироз билдирганида инспектор ҳайдовчига "нима қилишга ҳаққим бор, нимага ҳаққим йўқлигини ўзим биламан", деб у билан қўпол муомалада бўлган. Ҳайдовчи ҳеч қандай қоида бузмаганини, светофорнинг яшил чироғида ҳаракатланиб келганини айтганига парво қилмаган ЙПХ инспектори яна тегишли ҳужжатларни тақдим қилишни, фуқародан ўзининг "Дилбек" эканлигини тасдиқлаб беришини сўрайди.

Шу каби кечган бир муддатлик тортишувлардан сўнг ҳайдовчи ЙПХ инспекторига "Мени қисиб тўхтатдингиз, сизнинг бунга ҳаққингиз йўқ. Автомашина калитини ҳам олиб қўйдингиз, бунинг учун ҳам жавоб берасиз, бу ишларингиз учун жавоб берасиз, мен тегишли жойга арз қиламан", деб ёзғиради. Кейин тегишли ҳужжатларини ходимга тақдим қилганида у "йўлнинг нариги томонига ўтасиз", деб ўзининг автомашинаси билан йўлнинг қарама-қарши томонига ўтиб тўхтаган.

Шундан сўнг, "Damas" ҳайдовчиси Дилбек Йўлдошев ҳолатни тасвирга олишда давом этиб, машинаси очиқ қолаётганига урғу берган ва ЙПХ инспекторининг орқасидан борган.

ЙПХ инспектори фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 24 декабрдаги қарори билан тасдиқланган "Йўл ҳаракати қоидалари"нинг 31-бандида кўрсатилган қоидабузарликни содир этганлиги учун маъмурий баённома расмийлаштирган ва ҳайдовчини у билан таништирган. Ҳайдовчилик гувоҳномасини маъмурий баённомага илова қилиб, қолган ҳужжатларини фуқарога қайтариб берган".

Маълум бўлишича, мазкур ҳолат юзасидан вилоят ИИБ ЙҲХБ масъул ходимлари томонидан хизмат текшируви ўтказилган. ЙПХ катта инспектори Бобораҳим Файзуллаев хизмат фаолиятини олиб бориши давомида ИИВ меъёрий ҳужжатларида кўрсатилган талабларга риоя этмагани учун эгаллаб турган лавозимидан озод қилинган.


Таҳририятдан. Ички ишлар ходимлари, айниқса ЙПХ инспекторлари хизмат олиб бораётганда фуқароларга қонун талабларига бўйсунишни талаб этгани ҳолда ўзлари уни писанд этмаётгани каби кўринишлар тез-тез учрамоқда. Буни тан олмаслик мумкин эмас ва энди қайсидир воқеани оммадан яшириб ўтиришнинг ўзи мушкул. Шундай экан, ҳар ишда адолат тарозисини тўғри қўя билиш палласи етди. Бироқ, юқоридаги ҳолат бўйича ЙПХ ходимининг хатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви олиб борилгани ва у лавозимидан озод этилгани "Қарға қарғанинг кўзини чўқимайди", деган қараш тизимда буткул барҳам топганига тўла ишора бўла олмайди.

Report typo