Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Лола ЎРОҚОВА

22.11.2019


БОЛАГА КИТОБ БЕРИНГ!

Акция

Китоб туманида мутолаа тарғиботи боғчаларда ҳам бошланди. Бундай таклиф даставвал "Янги аср" авлоди нашриёти матбаа уйи менежери Сирожиддин Ғуломовдан чиқди. Аввалига иккиландик: боғча болалари китоб ўқишни билмаса, боз устига ота-оналарининг  тўлов пули бўлса, қандай бўларкин?

Барибир акция ўтказиш фикри устун келди ва бу таклифни мактабгача таълим бўлими мудири Абдуқаҳҳор Раҳимов ҳам маъқуллади. Шу куннинг ўзидаёқ "Энг фаол ота-она", "Энг фаол мудира", "Энг фаол тарбиячи", "Энг фаол мактабгача таълим муассасаси ходими" номинациялари бўйича фаолларни рағбатлантириш белгиланди. 1-3-ўринларни олган муассасаларга алоҳида китоб тўпламлари тақдим этиладиган бўлди.

Шу тариқа қарийб икки ҳафта туман мактабгача таълим муассасаларида китоб акциялари ўтказилди. Акцияда 16 та боғча иштирок этиб, Рус қишлоғидаги боғча 1-ўринни қўлга киритди. Кейинги ўринлар 25- ҳамда 18-мактабгача таълим муассасаларига насиб этди. Номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, туманнинг теннис ўйингоҳида Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан ўтказилган тадбирда рағбатлантириш маросими бўлиб ўтди.

Боғчаларда асосан эртак китобларга талаб катта бўлди.  "Эртаклар оламида", "Эртаклар автобуси", "Болаларга гап уқтириш санъати", "Инглизча-русча-ўзбекча сўзлашгич", "Болалар энциклопедияси" каби китобларнинг бозори чаққон бўлди.

Сирожиддин Ғуломовнинг айтишича, боғчаларда 16 ярим миллион сўмликдан ортиқ китоб сотиб олиниб, акция ота-оналарга маъқул келган. "Шу пулни  бошқа арзимас нарсага ҳам ишлатиб юборишимиз мумкин эди, аммо китоб олиб бердик", дейишибди улар. Шунақа акциялардан тез-тез ўтказиб туринглар, деган таклифлар ҳам тушибди.

Дарҳақиқат, кичкинагина болаларнинг китоб варақлашидан, расмларга ҳайрат ила боқишидан чиройли манзара йўқ? Болажонларнинг "Эртак ўқиб беринг" деб қилган хархашасидан мазмунли безовталик борми?

Ўзимдан қиёс. Олти ёшли набирам Зулайҳо бир кун аввал бошлади "тўполон"ини. "Аямми, дадамми, сиз ё бобомми, ким бўлсаям битталариз боғчамга борасизлар. Китоб олиб берасизлар", деди ўз шевасида.

Мен уни синаш учун "Бўпти, бўёқ китобча олиб бераман", дегандим, "Йўқ, ё эртак китоб оламан, ё акамникидай мўъжиза китоб", деди талабни маҳкам қўйиб. У яқинда мактабларда бўлиб этган "Энг китобхон мактаб" акциясида 3-синфда ўқийдиган акаси Ҳусанжон сотиб олган "Дунё мўъжизалари" китобини назарда тутаётганди.

Дарвоқе, ўша куни Ҳусанжон мактабдан сотиб олган "мўъжиза" китобини қўлидан қўймади. Кечаси ёстиғининг остига қўйиб ётди. Тез орада қадимги дунёнинг етти мўъжизасини ёдлаб олди. Эртаси куни уйимизга меҳмон бўлиб келган  4-синфда ўқийдиган набирам Сардорбек эса сумкасидан "Дунё мамлакатлари" китобини чиқарди. У ҳам китобни қўлидан қўймай кўтариб юрибди. Мен билан дунё мамлакатларининг пойтахтлари бўйича беллашмоқчи бўлди.

Завқим келди. Мана, китобнинг қудрати! Мана, китобхонликнинг натижаси! Шоирлар ёзган "Болага китоб беринг" даъвати ҳикматли эканига яна бир бор амин бўлдим.

Лола ЎРОҚОВА

 

Report typo