Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 апрел, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Гулнора ШАРИПОВА

22.06.2017


БОЛАМ ДЕБ БАҒРИМГА БОСГИМ КЕЛАДИ

- 10 йилдан буён эзиламан, - дея аранг ўзини йиғидан тўхтатади аёл.  - Норасидам ногирон бўлса ҳам болам. Ҳар сафар уни кўргани келганимда эса кўзимга ёш оламан. Ахир уни болам деб бағримга боса олмасам. У онам деб, менга талпинмаса. У на исмини ва на мен онаси эканлигимни билмайди. Умр бўйи тўшакда. На гапиради, на кулади. Ўзининг ҳаётда мавжудлигини, яшаётганини ҳис қилмайди. Бу фожиадан бошқа нарса эмас. Биласизми, боламни кўргани келганимда унга тикилиб туриб, ич-ичимдан шу заҳри қотилга лаънатлар ўқийман. Боламнинг шу аҳволини эримнинг гиёҳвандлиги натижаси сифатида англайман.

Дарҳақиқат, гиёҳванд отадан дунёга келган фарзанд мурувват уйида бир умр тўшакда ётишга маҳкум. Чунки уни даволашнинг имкони йўқ. Энг замонавий тиббиётнинг ҳам бунга қурби етмайди. Бола бегуноҳ. Унинг шундай туғилишига бетартиб ҳаёт ва ичкиликбозликка, гиёҳвандликка берилган, бутун умрини, оиласини, зурриёдини бир лаҳзалик лаззатга, роҳат фароғатга алмаштирган кимсалар айбдор. Улар соғлом ва баркамол авлодни дунёга келтиришдек инсонийлик бурчини унутишган.

Мутахассисларнинг таҳлилига кўра, гиёҳвандлик юқори асаб тизимини қўзғатиб, ишдан чиқаргач, инсоннинг руҳий ва жисмоний саломатлигига путур етказади. Шунингдек, организмдаги моддалар алмашинуви жараёни бузилади ва охир-оқибат бутун вужуд заҳарланади. Бора-бора инсон организми бундай моддаларни истеъмол қилмаса, қисман ёки бутунлай ишдан чиқади.

Ҳозирги кунда гиёҳвандлик глобал муаммолардан биридир. Аср вабоси деб баҳоланаётган ва қанчадан-қанча инсонларнинг бахтига зомин бўлаётган “ажал” - гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишга одатланиш оқибатида ногирон, жисмоний ва ақлий нуқсони бор болалар дунёга келаётгани ҳақида ўйласак, янада сергак тортамиз. Шу боис гиёҳвандликка қарши курашиш жамиятимизнинг ҳар бир фуқароси олдида турган муҳим ва долзарб вазифага айланган.

Гиёҳвандлик воситалари етиштиришнинг камаймаётгани ва сайёрамиз бўйлаб шиддат билан тарқалаётгани келажаги учун қайғурадиган ҳар бир миллатни ташвишга солиши шубҳасиз. Бугунги кунда дунёда “аср вабоси” деб аталаётган гиёҳвандлик исканжасига тушганларнинг аксарият қисми 15-35 ёш орасида бўлган йигит-қизлар бўлиб, айни пайтда, уларнинг сони маълумотларга кўра, 200 миллионга етади. БМТ экспертлари ўтказган тадқиқотлар хулосаларига кўра, жаҳонда ҳар йили тахминан 100 минг гиёҳванд вафот этмоқда.

 Гиёҳвандларнинг деярли ҳаммаси юрак ва ўпка етишмовчилиги, артритдан азият чекишади. Гиёҳванд моддаларни бир неча бор қабул қилгандан сўнг уйқусизлик бошланади, қувватсизлик, иштаҳанинг йўқолиши, озиб кетиш кабилар содир бўлади. Хотира сусаяди, мушакларда оғриқлар, тиришиш, бош оғриғи кузатилади, юрак фаолияти бузилади. Беморга барча аъзолари иш фаолиятини тугатгандек, у ўлиб қоладигандек туюлаверади. Вақтида гиёҳванд моддани топа олмаган гиёҳванд ўзининг жонига қасд қилишдан ҳам тоймайди.

Ўз ҳаётини издан чиқарган бемор бор-будини гиёҳванд моддалар харидига сарфлайди. Касаллик борган сари кучайиб, беморни жисмоний ва маънавий жиҳатдан емиради. Бу орада бемор ОИТС, вирусли С гепатити каби ўта хавфли касалликларни орттириб олиши ва бу турдаги касалликнинг тарқалишида воситачи бўлиб қолиши ҳам мумкин. Энг даҳшатлиси, гиёҳванд “доза”ни қабул қилиш учун турли бузғунчиликлар қилмаслигига, ҳатто энг оғир жиноятлар содир этмаслигига ҳеч ким кафил бўла олмайди.

Дарвоқе, беморларнинг деярли барчаси гиёҳванд моддаларни чекиб ё ҳидлаб сархуш бўлиш орқали унга қарам бўлади. Сўнгра “дори”нинг камлиги ва киссанинг қуриб қолиши натижасида ботқоққа янада чуқурроқ ботади. Яъни, гиёҳванд моддани игна билан томирга юбориш йўлига ўтади. Айрим ҳолларда миқдорини ошириб юбориши оқибатида касаллик инсоннинг муқаррар ўлими билан якунланади.

Энг ачинарлиси, оғунинг қулига айланиб қолганлар саломатлигини, руҳий мувозанатни йўқотади. Бу эса фақат унинг ўзи учунгина эмас, оила аъзолари ва ён-атрофдаги одамлар учун ҳам хавфлидир. Шундай экан, гиёҳвандликка қарши кураш барчамизни бирдек ўйлантириши лозимлигини дилдан ҳис қиламиз. Юртимизнинг ҳар бир фуқароси бу масалага ўзининг Ватан, миллат олдидаги, қолаверса, оиласи, фарзандлари олдидаги бурчи сифатида қараши зарур.

Гиёҳванд ота-оналардан туғилаётган майиб-мажруҳ болалар, бузилиб кетаётган оилалар, инсонийлик қиёфаси ва тафаккуридан айирилган кишилар ана шу иллатнинг нақадар даҳшатли эканлигини кўрсатмоқда. Болалар мурувват уйига келтирилаётган ана шундай болаларни кўрганимизда жуда ачиниб кетамиз. Чунки бу болаларда сира гуноҳ йўқ. Ана шу хулоса бизни доимо огоҳликка чорлаб туриши зарур.

Ахир кўз очиб юмгунча ўтадиган умрни шамолга совурмасдан, унинг ҳар бир лаҳзасидан оқилона фойдаланиш, турли унсурлардан лаззат қидириб эмас, ҳаётдан завқланиб яшаш одамни камолга етказади. Бу оддий ҳақиқат.

Гулнора ШАРИПОВА, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси вилоят бўлими раиси

Report typo