Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

С.АЛЛАЁРОВА

07.06.2018


БОЛАНИ БОҒЧАГА ЖОЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ ҚАНДАЙ?

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 мартдаги қарори билан тасдиқланган Болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига кўра эндиликда бу борадаги расмийлаштириш ишлари ҳам анча соддалаштирилди.

- Маъмурий регламентга кўра, вилоятдаги барча туман мактабгача таълим бўлимлари ЯИДХПга уланди, - дейди Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармасининг давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан давлат хизматлари кўрсатилиши устидан  назорат қилиш бўлими бош маслаҳатчиси  Аброр Аширов. - Ушбу порталда болаларни мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича жисмоний шахсларнинг мурожаатлари кўриб чиқилишини кузатиб бориш тартиботи жорий этилди.

Жумладан, илгари болаларни давлат боғчаларига қабул қилиш бўйича мурожаатлар фақат ота-онанинг ўзи келган ҳолда ҳафтанинг сешанба ва жума кунлари қабул қилинган бўлса, янги тартибга асосан фуқаро бу масаладаги мурожаатларини давлат хизматлари марказига ҳафтанинг хоҳлаган иш кунида ўзи борган ҳолда ёки ЯИДХП орқали онлайн режимда ҳар куни топшириш имконига эга бўлди. Болаларни давлат мактабгача таълим муассасасига қабул қилиш бўйича давлат хизмати бепул амалга оширилади.

Мутахассиснинг таъкидлашича, энди ота-оналар боғчаларнинг расмий веб-сайти    орқали ўзини қизиқтирган муассасанинг сиғими ва мавжуд бўш ўринлар анкеталар рўйхати ҳамда навбатга киритилганлар тўғрисида маълумотлар билан доимий равишда онлайн тарзда танишиб боришлари мумкин.

Илгариги тартибга кўра, мурожаат этувчи фарзандини боғчага жойлаштириши учун 5 турдаги ҳужжатларни тақдим қилган бўлса, энди фақат анкета тўлдириш кифоя. Анкеталар Давлат хизматлари марказларида ёки ЯИДХП орқали расмийлаштирилгандан кейин тегишли туман халқ таълими бўлимига дарҳол йўлланади. Шундан кейин 1 иш куни мобайнида мурожаатчиларга йўлланмалар берилади ёки навбатга киритилиши расмийлаштирилади. Таъкидлаш жоизки, авваллари бундай мурожаатлар 10 кунда кўриб чиқилган.

Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларнинг, уч нафар ёки ундан кўп болали оилаларнинг, ҳарбий хизматчиларнинг ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг, талабалар ва педагогларнинг болалари, етим болалар ёки ота-онасининг қаровисиз қолган ҳамда бошқа муассасалардан ўтказилган болалар, шунингдек, акалари ёки опалари ушбу муассасанинг тарбияланувчилари жумласидан бўлган болалар анкеталари имтиёзли рўйхатга киритилади.

С.АЛЛАЁРОВА

Report typo