Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 апрел, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

А.НУРМАТОВ, Б.ҲАМИДОВ

21.08.2017


БОТУЛИЗМ - ЎТА ОFИР КЕЧУВЧИ КАСАЛЛИК

Ҳозир айни пишиқчилик даври. Уй бекаларимиз оддий тилда айтганда банка ёпиш ишларини аллақачон бошлаб юборишган. Бунда зарур тартиб-қоидаларга амал қилмаслик, эътиборсизлик, баъзида уқувсизлигимиз панд бераётгани натижасида тайёрлаган овқатимиз ёки ёпган банкаларимиздаги маҳсулот организмимиз  заҳарланишига сабаб бўлаётгани ҳам бор гап.

Овқатдан заҳарланиш ёз ва куз мавсумларида кўпроқ кузатилади. Чунки бу даврда тайёрланган истеъмол маҳсулотларини сақлаш қийинроқ бўлиб, бактерияларнинг кўпайиши ва тўпланиши учун қулай шароит ҳукмрон бўлади. Айнан шу бактериялар овқатдан заҳарланишга сабаб бўлади. Бунда кишида дизентерия, салмонеллёз, ботулизм ва стафилоккок кузатилади.

Ботулизм - овқатдан оғир заҳарланиш. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, ботулизм оғир, ҳатто ўлимга ҳам олиб келиши мумкин бўлган, аммо кам кузатилувчи касаллик ҳисобланади. Ботулизм одамдан одамга юқмайди. Уни тупроқда, ҳайвонлар ва балиқ маҳсулотларида учрайдиган ҳаракатчан ботулизм таёқчаси қўзғатади. Оғзи ёпилган консерва банкаларида бу микробларнинг кўпайиши учун қулай шароит  бўлади. Шу боис ҳар қандай консерваланган озиқ-овқат маҳсулотлари лаборатория текширувидан ўтмагунча сотувга чиқарилиши мумкин эмас.

Овқатдан заҳарланиш тўсатдан бошланиши билан характерланади ва бунда кўнгил айниши, қусиш, қорин оғриши, тана ҳароратининг кўтарилиши ва дармонсизлик кузатилади.

Салмонеллёз - салмонеллалар гуруҳидаги тирик микроблар организмга овқат билан кўп миқдорда тушганда содир бўлади. Касалликни салмонеллёз билан оғриган ҳайвон гўштидан тайёрланган таомни еганда, шу микроблар тушган сувда сузадиган парранданинг хом тухуми, салат, хом сут, шунингдек, тузланган балиқ истеъмол қилганда юқтириб олиш мумкин. Шуни унутмаслик керакки, салмонеллалар тузли эритмага чидамли бўлади.

Стафилоккок - йирингли касалликларни пайдо қиладиган микроблар тушган маҳсулотни овқатга ишлатганда пайдо бўлади. Овқат инфекциясининг қўзғатувчиси табиатда кенг тарқалган бўлиб, у ҳамма жойда ва жонзотларда учрайди. Бошқача айтганда, касаллик қузғатувчиси одамларда, ҳайвонларда, тупроқ, сув, ҳавода мавжудлиги кузатилган. Аммо етарли муҳитсиз касаллик ривожланмайди. Агар озиқ-овқат ишлаб чиқарувчи ходимларнинг терисида йирингли касалликлар ва ангина, риофарингит, пневмония бўлса,  тарқалиши кўпаяди.

Кремли қандолат маҳсулотлари, сут ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари, агар улар нотўғри, яъни плюс 4 даражадан юқори ҳароратда сақланса, бу стафилоккокларнинг ривожланиши учун жуда яхши муҳит бўлади.

Шундай экан, яроқлилиги гумонли консерва маҳсулотларини истеъмол қилмаслик лозим. Бу маҳсулотларни чорва молларига ҳам бериш мумкин эмас, чунки чорва моллари ҳам ботулизм билан оғрийди. Уй шароитида гўшт ва балиқ маҳсулотларини консервалаш тавсия қилинмайди!

Овқатдан заҳарланиш аломатлари кузатилганда, зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш лозим. Овқатдан заҳарланиш ва ўткир ошқозон-ичак касалликларининг олдини олишда энг оддий ва самарали усул, бу - шахсий ва умумий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилишдир.

А.НУРМАТОВ, 

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бошқарма бошлиғи, полковник

Б.ҲАМИДОВ,

вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходими

Report typo