Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

26.11.2019


БОЖХОНА МАЪМУРИЯТЧИЛИГИДА ҚАНДАЙ ЎЗГАРИШЛАР БОР?

Давра суҳбати

2019 йил 31 октябрдаги "Божхона маъмуриятчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги Қонунда кўзда тутилаётган янги тартиб-таомиллар хусусида вилоят божхона бошқармасида тадбиркорлар, божхоначилар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида ташкил этилган давра суҳбатида айтиб ўтилди.

Қайд этилдики, илгари қонунчиликда назарда тутилмаган божхона расмийлаштируви тугалланмаган товарлар ва транспорт воситаларини тасарруф этганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди. "Қиёслаш воситалари" атамаси "Божхона идентификациялаш воситалари" деб ўзгартирилиб, бундай воситаларни ўзгартириш, йўқ қилиш, шикастлаш ёки йўқотиш, шунингдек, божхона назорати остида турган транспорт воситаларининг юкхонаси, юкланган товарларни қонунга хилоф равишда очганлик учун санкциялар кучайтирилди.

Эндиликда божхона органига товарлар ва транспорт воситалари учун божхона декларациясини, худди шунингдек, ҳужжатлар ва қўшимча маълумотларни белгиланган муддатларда тақдим этмаслик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин 1 йил давомида такроран содир этилса, таъсир чоралари кўриладиган бўлди.

Янги нормаларга кўра, илгари олиб кирилгану, аммо олиб чиқилмаганлиги учун маъмурий жазо қўлланилган товарлар ва транспорт воситаларини олиб чиқишнинг аниқ муддати белгиланди. Энди олиб чиқиш шарт бўлган товарлар ва транспорт воситалари маъмурий жазо қўлланилганидан кейин 30 кун ичида олиб чиқиб кетилиши шарт. Акс ҳолда, мазкур товарлар ва транспорт воситалари мусодара қилинади.

Кодексга киритилган яна бир тўлдиришга мувофиқ, муайян божхона режимига жойлаштирилган товарлар ва транспорт воситаларини ушбу божхона режими талабларига мувофиқ бўлмаган тарзда тасарруф этганлик учун санкциялар жорий қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали аслида ишлаб чиқариш ёки тижорат фаолияти учун мўлжалланган товарларни тижорат мақсадлари учун мўлжалланмаган товарлар ниқоби остида олиб ўтишни маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин 1 йил давомида такроран содир этганлик учун ҳам товарларни мусодара қилиш ва жарима солиш кўринишида жавобгарлик белгиланди.

- Энди божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарларни ёки бошқа қимматликларни олиб ўтиш билан боғлиқ бўлиб, мусодара қўлланилиши мумкин бўлган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш алоҳида ҳолларда, агар маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахс Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида бўлса ёки унинг турган жойини аниқлаш имкони бўлмаса, бундай шахснинг иштирокисиз кўриб чиқилади, - деди вилоят божхона бошқармаси божхона суриштирувлари ва маъмурий амалиёт бўлими катта инспектори Бекзод Норов. - Илгари бу норма фақат экспорт қилиниши ман этилган буюмлар ва маҳсулот Ўзбекистон Республикасидан    ташқарига олиб чиқиб кетилгандагина қўлланиларди. Мазкур қонун эса эълон қилинганидан уч ой ўтгач кучга киради.

Тадбирда, шунингдек, "Коррупция - жамият кушандаси" мавзусида ҳам маърузалар тингланиб, божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнида коррупция ва бошқа қонунбузарлик ҳолатларига йўл қўймаслик бўйича тушунчалар берилди. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар қайтарилди.

Н.ХЎЖАЕВ

 

 

 

Report typo