Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

18.02.2020


БОЖХОНА СОҲАСИДАГИ "ЯГОНА ДАРЧА" ТИЗИМИ

тадбиркорларга нима беради?

Қарор ва ижро

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 23 апрелдаги "Ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда маъмурий тартиб-таомилларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори билан 2021 йил 1 январга қадар мамлакатимизда "ягона дарча" божхона ахборот тизимини жорий этиш белгиланган эди.

Хўш, ушбу тизимдан кўзланган мақсад нима ва бу борадаги ишлар қай йўсинда бормоқда? Бу ҳақда вилоят божхона бошқармаси бўлим бошлиғи Ҳақназар ОМОНОВ қуйидагиларни маълум қилди:

- Қайд этиш жоиз, 2019 йил 20 ноябрда мазкур йўналишдаги ишларни жадаллаштиришга қаратилган яна бир ҳужжат - Президентнинг "Мамлакатда бизнес муҳитини янада яхшилаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.

Шунга асосан, ўтган қисқа муддат давомида олиб борилган ишлар натижасида 2019 йил охиридаёқ "ягона дарча" божхона ахборот тизими ишлаб чиқилди ва синов тарзида ишга туширилди.

"Ягона дарча" - бу бошқарув фалсафаси бўлиб, унинг доирасида ҳукуматнинг анъанавий тузилмалари фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг талаб-эҳтиёжларига тўлиқроқ жавоб бера оладиган янги дастакларга трансформация бўлади. Бу муҳим маълумотлар базаси орқали ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари давлат хизматларидан One-Stop Service тамойили (хизматлардан бир жойда фойдаланиш) бўйича фойдаланадилар.

"Ягона дарча" божхона ахборот тизими ташқи иқтисодий фаолият субъектларига қатор имкониятлар яратади. Хусусан, импорт, экспорт ва транзитга тааллуқли барча тартибга солиш талабларини бажариш мақсадида стандартлаштирилган маълумотлар ва ҳужжатлар ягона ўтказиш каналидан фойдаланган ҳолда тақдим этилади. Ахборот алмашинувнинг махфийлиги ва хавфсизлигини таъминловчи норматив-ҳуқуқий база билан мустаҳкамлаган ҳолда, ташқи савдо битимларига доир барча ахборотларни алмашиш имконияти юзага келади.

Давлат божхона хизмати, ваколатли органлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари томонидан рухсат этувчи ҳужжатларни расмийлаштиришнинг босқичларини масофадан кузатиш мумкин бўлади. Ўз навбатида барча учун очиқ бўлган электрон шаклдаги рухсат этувчи ҳужжатлар реестрларини юритишга тўлиқ ўтилади.

Ўзбекистон Республикаси ва хорижий мамлакатлардаги эпизоотик, карантин ва фитосанитария ҳолатлари тўғрисидаги очиқ маълумотлар энг сўнгги кўрсаткичлар ҳолатида ушлаб турилади. Дастлабки маълумотлар асосида товарлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига амалда етиб келишига қадар рухсат берувчи характерга эга ҳужжатларни бериш йўлга қўйилади.

Тизим кўриниши 2 блокдан иборат бўлиб, биринчи блокда ариза тақдим этиш, портал ҳақида, асосий маълумотлар, саволлар ва таклифлар, рухсатнома ва сертификатларнинг ҳақиқийлигини текшириш ва хавфларни таҳлил қилиш тизими каби бўлимлари мавжуд.

Иккинчи блок нотариф тартибга солиш тўғрисида маълумотлар, божхона юк декларациясини расмийлаштириш, назорат қилувчи органларнинг интерактив хизматлари, божхона ва бошқа органларнинг реестрлари, хавфларни таҳлил ва бошқариш тизимлари, логистика компаниялари каби бўлимларни ўз ичига олади.

Энди тадбиркорларимиз ўз идораларидан чиқмасдан туриб, электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда  экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда талаб этиладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва сертификатларни олиш учун ариза юборишса, кифоя бўлади.

Аризага жавобан берилган ҳужжатлар ва сертификатлар портал орқали бир вақтнинг ўзида ҳам тадбиркорга, ҳам божхона органларига божхона расмийлаштируви учун тақдим этилади.

Ҳозирги кунда тадбиркорлик субъектлари "Ўзстандарт" агентлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасига "ягона дарча" тизимидан фойдаланган ҳолда божхона расмийлаштирувида зарур рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва сертификатларни олиш учун электрон аризаларни юбориши мумкин.

Шунингдек, тадбиркорлар портал орқали рухсатнома ва сертификатларнинг ҳақиқийлигини текшириш, ҳужжатларнинг шакллари, божхона тарифлари ва режимлари, экспорт ва импорт кўрсаткичларига доир фойдали маълумотларни ҳам олишлари мумкин. Хавфларни таҳлил қилиш тизими эса тадбиркорларга товарлар импорти ва экспортига доир фаолиятини тўғри режалаштиришга имкон беради.

Энг муҳими, буларнинг барчаси мамлакатимизда бизнес юритиш муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорликка кенг эркинлик бериш борасида бошланган ислоҳотларни давом эттириш ҳамда қабул қилинган қонун ҳужжатлари жойларда тўғри татбиқ этилишини таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Н.ХЎЖАЕВ ёзиб олди.

Report typo