Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.САЙФИЕВ

24.01.2020


Божхона ўзгаришлари: ХАЛҚАРО НОРМА ВА СТАНДАРТЛАР АСОСИДА

26 январь - Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари ходимлари куни

2018 йил 22 декабрдаги Қонун билан 26 январь - Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари ходимлари куни сифатида белгиланганидан хабарингиз бор. Албатта, ушбу ҳужжат божхона органларига шахсий таркибнинг маънавий-ахлоқий ва маърифий-руҳий тарбиясини ошириш имконини бериши шубҳасиз.

Шуни ҳам қайд этиш лозимки, сўнгги йилларда кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари учун ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда янада қулай шарт-шароитлар яратиш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида самарали божхона назоратини таъминлаш, товар айланмасини тартибга солиш, ташқи савдони ривожлантириш бўйича муҳим ўзгаришлар юз бермоқда. Бу ҳақда вилоят божхона бошқармаси бўлим бошлиғи Олим ҚОДИРОВ қуйидагиларни маълум қилди:

- Соҳада яратилган қулайликлардан бири бўлган товарларни божхонада электрон тарзда декларациялаш тизими тадбиркорлар томонидан тўла қўллаб-қувватланаётир. Ҳозирда тадбиркорлар экспорт ва импорт товарларини шу тизим орқали божхонага келмасдан, иш жойларидан, масофадан туриб электрон тарзда амалга оширмоқда. Бу вақт ва маблағ тежаш имконини бераётгани аҳамиятли.

Ҳозирги кунда вилоят божхона бошқармаси тасарруфида 6 та ташқи иқтисодий фаолият ва 3 та чегара божхона постлари фаолият кўрсатмоқда. Жисмоний ва юридик шахсларга енгиллик яратиш мақсадида эса Давлат божхона қўмитаси раисининг 2019 йил 31 январдаги буйруғи билан мазкур божхона постларига жисмоний ва юридик шахсларнинг божхона расмийлаштирувига оид 24 турдаги мурожаатларини қабул қилиш ва ҳал этиш имконияти яратилди.   

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан 2018 йил 1 январдан бошлаб халқаро аэропортларда яшил ва қизил йўлакли тизим жорий этилди. Бу фуқароларимиз, қолаверса, мамлакатимизга ташриф буюрувчи сайёҳларга кенг қулайликлар яратди. Таҳлилларга кўра, фуқароларнинг 95-96 фоизи яшил йўлакдан ҳаракатланиб, божхона назоратидан саноқли дақиқаларда ўтишаяпти. 

Президентнинг 2019 йил 7 ноябрдаги "Жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун товарларни олиб ўтиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ,  2020 йил 1 январдан бошлаб, республикамизга кириб келаётган жисмоний шахсларнинг нотижорат мақсадлардаги товарлари божсиз олиб киришнинг чекланган меъёрларидан ортган ҳолатларда божхона тўловлари соддалаштирилган тартибда ундирилиши йўлга қўйилди.

Яъни, божхона божи, қўшилган қиймат солиғи ва акциз солиғи ўрнига товарнинг божхона қийматидан 30 фоиз, лекин ҳар бир килограмми учун 3 АҚШ долларидан кам бўлмаган миқдорда ягона божхона тўлови ставкаси жорий қилинди. Мазкур ставкалар Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси кодидан ва келиб чиқиш мамлакатидан қатъи назар товарларнинг барча тоифалари бўйича божхона қийматидан келиб чиққан ҳолда татбиқ қилинади.

Яна бир жиҳат - жисмоний шахслар томонидан олиб киришда божхона тўловларига тортилмайдиган айрим турдаги товарлар олиб кириш меъёрларидан ортган тақдирда уларга ягона божхона тўлови ставкаси татбиқ этилмайди. Яъни, алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан, пиво - 2 литрдан, барча турдаги тамаки маҳсулотлари - 10 қутидан, атир ва атирсимон суюқликлар - 3 донадан, қимматбаҳо металл ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмлари - 65 граммдан ортган тақдирда божхона тўловлари умумбелгиланган тартибда тўланади.

Қарор билан жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун олиб кириладиган товарлар тоифасига кирмайдиган товарлар рўйхати ҳам тасдиқланган. Улар сирасига ички ёнув двигателлари, марказий иситиш қозонлари, газонлар, истироҳат боғлари ёки спорт майдончалари учун косилкалар, дискли маиший арра, офтобда қорайиш учун солярийлар, тиббиёт техникаси ва ускуналари,  тиббиёт, хирургия, стоматология ёки ветеринария мебели, сартарош креслоси ва ўхшаш креслолар, уларнинг қисмлари, фотолабораториялар учун аппаратура ва ускуна, ўйин автоматлари каби товарлар киради.

Ушбу товарлар олиб кирилганда умумбелгиланган тартибда божхона тўловлари ундирилади. Нега? Сабаби, аслида тижорат мақсади учун олиб кирилаётган товарларни "ўз эҳтиёжим учун" деган важ билан олиб кириш ҳолатлари кўпаймоқда. Ваҳоланки, юқорида санаб ўтилган товарлар асосан саноатда, тадбиркорликда фойдаланилади ҳамда улар сифат ва хавфсизлик бўйича мажбурий текширувлардан ўтказилиши лозим бўлган товарлар сирасига киради.

2020 йил 1 январга қадар жисмоний шахс томонидан белгиланган меъёрлардан ортиқча товарлар олиб кирилганда, божхона тўловини ундириш учун товарнинг ТИФ ТН кодини белгилаш, ишлаб чиқарилган мамлакатини аниқлаш, ҳар бир товарнинг амалдаги божхона божи, сўнгра акциз солиғи ставкаси аниқланиши ва якунда эса қўшимча қиймат солиғи билан қўшган ҳолда божхона тўловларини ҳисоблаш билан боғлиқ расмийлаштирув жараёнларига ўртача 20-30 дақиқа сарфланаётган эди.

Мазкур вазиятда товарларнинг келиб чиқиш мамлакатини тасдиқловчи сертификат тақдим этилмаган тақдирда (аксарият ҳолатларда жисмоний шахслар томонидан бундай сертификатлар тақдим этилмас эди) божхона божи икки карра миқдорида ҳисобланарди. Эндиликда эса жисмоний шахслардан мазкур сертификат талаб этилмайди ва божхона божи бир баробар миқдорида ҳисобланади.

Ягона божхона тўловининг жорий этилиши натижасида мазкур тартиблар нафақат соддалашди, балки сарфланадиган вақт бир неча баробарга қисқариб, ҳозирда ўртача 5-10 дақиқани ташкил қилмоқда.

Ягона божхона тўлови ставкасини 30 фоиз миқдорида белгилашда амалдаги божхона божи, акциз солиғи ва қўшимча қиймат солиғи ставкаларининг ўртача йиғиндиси ҳисобга олинган.

Жумладан, 2020 йил 1 январдан амалга киритилган божхона божи, акциз солиғи ҳамда ҚҚС ставкалари йиғиндиси озиқ-овқат товарлари учун ўртача 37 фоиз ва ноозиқ-овқат товарлари учун 45 фоизни ташкил этмоқда.

Масалан, 2020 йил 1 январга қадар божхона божи, акциз солиғи ва қўшилган қиймат солиғини биргаликда ҳисоблаганда, кийим-кечаклар учун 38, пишлоқ учун 44,  шоколад учун 61 фоиз миқдорида божхона тўловлари тўланган (товарнинг келиб чиқиш сертификати бўлмаган ҳолатларда мазкур ставкалар яна сезиларли равишда ошган). Эндиликда эса буларнинг барчаси учун 30 фоиз миқдорида ягона божхона тўлови жорий этилди. Юқоридаги таҳлиллардан кўриниб турибдики, янги жорий этилган ягона божхона тўлови 2020 йил 1 январга қадар жисмоний шахслардан ундирилган тўловлардан пастроқдир.

Таъкидлаш жоизки, ягона божхона тўловини ундириш амалиёти Россия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон каби давлатларда кенг қўлланилмоқда. Жумладан, жисмоний шахслар томонидан олиб келинаётган товарлар учун      30 фоиз, лекин бир килограмм учун 4 АҚШ долларидан кам бўлмаган миқдорда ягона божхона тўлови жорий этилган.

Соҳада яратилган қулайликларни  қиш фасли ҳукм суришига қарамасдан ишбилармон тадбиркорларимиз мамлакатимизда етиштирилган мева-сабзавот ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспортга юклаётгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Шундай тадбиркорлардан бири - Қарши туманида жойлашган "АБ Муртоз бобо" фермер хўжалиги жорий йилнинг дастлабки кунида мамлакатимизда етиштирилган 17 тонна гулкарамни Россия Федерациясига экспорт қилишга улгурди. Улар россиялик ҳамкорлари билан 1 миллион 200 минг АҚШ долларилик шартнома тузишган. Тадбиркорнинг сўзларига кўра, гулкарам, кўкатлар ва карам маҳсулотлари даланинг ўзидан, хурмо, узум ва пиёз йирик совутгичлардан тўғридан-тўғри экспортга жўнатилмоқда.

Таъкидлаш ўринлики, воҳалик тадбиркорларга вилоят божхона бошқармасининг "Насаф" ТИФ божхона пости ходимлари томонидан яқиндан амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Экспортга мўлжалланган маҳсулотлар сифатли сақланиши ва тезроқ манзилларга етиб бориши учун божхона расмийлаштирувлари туну кун, тўхтовсиз амалга оширилмоқда.

Шуни ҳам айтиш ўринли, БМТнинг Савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш ва электрон иш амалиётлари бўйича маркази томонидан ишлаб чиқилган тавсиялар ва йўриқларга асосан соҳада 2021 йил 1 январга қадар "Ягона дарча" божхона ахборот тизимини жорий этиш белгиланган.

Мазкур йўналишдаги ишлар жадал суръатларда олиб борилиши натижасида 2019 йил якунига келиб, аллақачон мазкур тизим ишлаб чиқилди ва синов тарзида ишга туширилди.

Божхона ахборот тизимини жорий этиш ва ривожлантиришдан асосий мақсад - ваколатли орган ва ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари ўртасида интеграциялашган ахборот тизими ва муҳим маълумотлар базаси асосида ахборот алмашинуви учун ягона интерфейсни яратишдан иборат. Бу муҳим маълумотлар базаси орқали ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари давлат хизматларидан  One-Stop Service (хизматлардан бир жойда фойдаланиш) тамойили бўйича фойдаланадилар.

Энг муҳими, ушбу ўзгаришлар  мамлакатимизда бизнес юритиш муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорликка кенг эркинлик бериш борасида бошланган ислоҳотларни давом эттириш ҳамда қабул қилинган қонун ҳужжатларининг жойларда тўғри татбиқ  этилишини таъминлашга хизмат қилади.

Ўрни келганда, бугун божхона соҳасида хизмат қилаётган ходимлар моддий ва ижтимоий томондан қўллаб-қувватланаётганини ҳам айтиш ўринли. Ходимларга хизмат вазифаларини бажаришда барча қулайликлар яратилган. Хизмат хоналари ёруғ ва зарур анжомлар билан жиҳозланган. Энг сўнгги замонавий компьютер, алоқа ва назорат- техник воситалар ёрдамида хизмат олиб боришаяпти.

Ўз навбатида вилоят божхоначилари томонидан биргина ўтган йилнинг ўзида 13 та ҳолатда 175 миллион 627 минг сўмлик пиротехника воситалари, 16 ҳолатда 2005,1 грамм гиёҳвандлик моддалари, 10 ҳолатда 22 тонна 422 килограмм рангли металл ва 9 та ҳолатда 69 тоннадан зиёд минерал ўғит ноқонуний айланишининг олди олинганини эътироф этиш даркор.

Пировардида бугун божхона хизмати мамлакатимиз иқтисодий суверенитети ҳимоя қилинишини таъминлайдиган муҳим давлат муассасаларидан бирига айланиб, давлатнинг ташқи ва ички сиёсатини амалга оширишда устувор аҳамиятга эга бўлиб  бормоқда.

Б.САЙФИЕВ ёзиб олди.

 

Report typo